Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликлар фахру ифтихоримиз ва ғуруримиз рамзидир
  • 12 Июль 2017

Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликлар фахру ифтихоримиз ва ғуруримиз рамзидир

Мустақиллик йилларида рўй бераётган ўзгаришлар жараёнида, жамият аъзоларини эркин тафаккур ва миллий ғоя руҳида тарбиялашда музейларнинг аҳамияти беқиёс. Истиқлол туфайли ушбу соҳага ҳам замон талаблари асосида ёндашила бошланди. Зеро, музейларнинг асосий мақсади аждодлардан қолган бой тарихий-маданий меросни сақлаш, тўплаш, уларни кўргазмалар, нашрлар, каталоглар ёрдамида тарғиб этиш ҳамда ёшларда миллий меросимизга бўлган қизиқишни кучайтириш, Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуларини шакллантиришдан иборат.

Бу борада Президентимиз  Шавкат Мирзиёевнинг 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида “Театр-томоша, маданий-маърифий ташкилотлар ва музейлар фаолиятини ривожлантириш ҳамда такомиллаштириш, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш” бандининг қўйилиши  ҳамда Юртбошимиз томонидан 2017 йил 20 июнда “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш марказини ташкил этиш тўғрисида”ги  қарор имзоланиши мавзунинг янада кенгроқ ўрганилиши, тадқиқ қилинишида жуда катта аҳамиятга эга. Яъни мазкур марказ зиммасига миллий ва хорижий мутахассисларни жалб этган ҳолда, чет элларда сақланаётган, мамлакатимиз тарихи ҳамда маданиятига оид бойликларни аниқлаш, уларнинг тўлиқ маълумотлар базаси — реестрини яратиш ҳамда уни мунтазам янгилаб бориш, шунингдек, ана шу тарихий экспонатларнинг асл ёки кўчирма нусхаларини, фото ва видеотасвирларини юртимизга олиб келиш, тегишли илмий марказлар билан биргаликда тадқиқотлар олиб бориш, эришилган натижаларни илмий муомалага киритиш борасидаги ишларни мувофиқлаштириш сингари кўплаб вазифалар қўйилган. 

Олиб борилаётган илмий изланишларимиз натижасида шу нарса маълум бўлмоқдаки, жаҳоннинг йирик музейлари ва коллекцияларида Ўзбекистон тарихига оид жуда кўплаб ноёб буюмлар сақланмоқда. Ушбу моддий-маданий меросимиз тарихнинг турли даврларида ҳар хил сабаблар билан чет элларга олиб кетилган. Ўша пайтларда юртимизда археологик, этнографик экспедициялар ташкил этилиши ва тўпланган ашёлар ёрдамида халқаро кўргазмалар ўтказилиши, маҳаллий аҳолининг миллий меросга бўлган эътибори сустлиги боис марказга уларнинг совға сифатида тақдим қилиниши каби омиллар шулар жумласидан. Уларни ажойиб амалий санъат асарлари, нодир қўлёзмалар, нафис миниатюралар каби турли ашёларга бўлиш мумкин. Албатта, айни пайтда жаҳон музейларида сақланаётган ушбу дурдона осориатиқаларимиз бетакрорлиги, ясалиш техникасининг ўзига хослиги билан алоҳида аҳамият касб этиб, умумбашарий маданият ривожига сезиларли таъсир кўрсатган. Лекин масаланинг яна бир томони борки, уларнинг ҳақиқий эгаси ушбу қадимий, бетакрор хазинани кўра олмаяпти.

Қолаверса, дунёнинг бошқа йирик музейлари ва коллекцияларида Ўзбекистон тарихига оид ноёб маданий бойликларни илмий-амалий тадқиқ қилиш ҳали кўплаб илмий тадқиқотлар устида ишлашни, мутахассисларни чет эл сафарларига юбориб, жойида ўрганишни тақозо этади ва бу каби ишларнинг қарор доирасида бажарилиши ёш музейшунослар, тарихчилар, санъатшунослар, этнографлар учун муҳим  амалиёт бўлиб хизмат қилади. Шунингдек, қарорда белгиланган долзарб вазифалар халқимиз, айниқса, ёшларда аждодлар меросига фахр-ифтихор, миллий ғурур туйғусини уйғотиб, халқлараро маданий мулоқот ўрнатилишида   катта аҳамият касб этади. 

Дилафрўз ҚУРБОНОВА,

Ўзбекистон Республикаси

Фанлар академияси Темурийлар тарихи Давлат музейи

катта илмий ходими,

 

тарих фанлари номзоди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn