Замонавий ва халқаро стандартларга мос
  • 12 Июль 2017

Замонавий ва халқаро стандартларга мос

Пойтахтимизда қуриладиган янги аэропорт жаҳон талабларига жавоб беради.

Хабарингиз бор, яқинда айрим оммавий ахборот воситалари пойтахтимиздаги “Тошкент — 4” терминали қурилиши тўхтатилгани хусусида бонг урган бўлса, бошқа манбаларда у инкор этилди. Мазкур масалага ойдинлик киритиш мақсадида “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпаниясига мурожаат қилдик.

Авиакомпания маълумотига қараганда, айни пайтда тизимда “Тошкент-Шарқий” аэродроми базасида замонавий  аэропорт комплексини барпо этиш лойиҳаси устида иш олиб борилмоқда. Унга Президентимиз томонидан жорий йилнинг 30 июнида имзоланган “Тошкент-Шарқий” аэродроми базасида фуқаролик (ишчи) авиацияси замонавий аэропорт мажмуасини қуриш тўғрисида”ги қарор асосида киришилган. 

Албатта, ҳар қандай бунёдкорлик замирида мамлакат тараққиёти, халқ манфаати ва аҳолининг турмуши фаровонлигини таъминлашдек эзгу мақсадлар ётади. Шу маънода, аэропортлар  ҳам юртдошларимизнинг муносиб ҳаёт тарзига мос бўлиши, уларга ноқулайлик туғдирмаслиги керак. 

Дарҳақиқат, терминал қурилиши тураржойлар ва бошқа бинолар бузилиши, Қорасув канали атрофида яшовчи аҳолини кўчиришни талаб этарди. Бу эса бир қатор муаммоларни келтириб чиқараётган эди. Шу боис “Тошкент — 4” терминалини барпо қилиш ишлари вақтинчалик тўхтатилган. Эндиликда бунинг ўрнига Ислом Каримов номидаги халқаро аэропортда реконструкция ишлари олиб борилади. Пировардида аэропортнинг қабул қилиш қобилияти ва хизмат кўрсатиш сифати янада яхшиланади.

Янги мажмуада хорижий делегацияларни олий даражада кутиб олиш ҳамда кузатиш учун барча зарур шарт-шароит яратилади. Бунёдкорлик ишлари бир қатор хорижий молия институтлари, шунингдек, Миллий авиакомпаниянинг ўз маблағлари ҳисобидан бажарилади.

Лойиҳанинг техник-иқтисодий асоси уч ой муддат ичида  “Ўзбекистон ҳаво йўллари”  Миллий авиакомпанияси ва “ЎзшаҳарсозликЛИТИ” давлат унитар корхонаси томонидан Вазирлар Маҳкамасига киритилади. Қолаверса, 2018 йилнинг 1 февралига қадар лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлаш ва қурилиш-монтаж ишлари бир вақтда олиб борилади. 

Бу иншоотнинг бош лойиҳачиси  “ЎзшаҳарсозликЛИТИ” ДУК, бош пудратчи ташкилот эса Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитасининг “12-трест” акциядорлик жамияти ҳисобланади. 

Лойиҳадан кўзланган асосий мақсад мамлакатимиз аэропорт инфратузилмаси ҳаво йўллари тармоғини жаҳон стандартларига мослаштириш орқали хорижий делегацияларни юқори даражада кутиб олиш ва кузатиш, фуқаро авиацияси парвозларини ташкил этишни таъминлаш ишларини ҳамда йўловчиларга кўрсатиладиган хизматлар сифатини янада яхшилашга қаратилган. 

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn