Соғлом турмуш тарғиботи
  • 12 Июль 2017

Соғлом турмуш тарғиботи

Ўрта Чирчиқ туманидаги Тошкент вилояти Маънавият ва маърифат марказида “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” шиори остида тадбир бўлиб ўтди.

Республика Маънавият тарғибот маркази вилоят ҳокимлиги билан ҳамкорликда уюштирилган мазкур акция давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма олти йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори ҳамда “Ижтимоий  барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш — давр талаби” мавзуидаги анжуманда сўзлаган маърузасида қўйилган вазифалар ижросига бағишланди. 

Унда жойларда мустақиллигимизнинг 26 йиллигига қизғин ҳозирлик кўрилаётгани, бу жараёнда пойтахт вилояти аҳлининг ҳам муносиб ҳиссаси борлигига алоҳида урғу берилди. Шу билан бирга, бугунги мураккаб даврда ғоявий ва ахборот хуружлари, улар ортида турган кучларнинг ғаразли мақсадларини фош этишда ёшларимизни билимли ва юксак маънавиятли қилиб тарбиялаш муҳим ўрин тутиши ҳақида сўз юритилди. 

— Тадбирда қатнашиб, айниқса, бир вақтлар йўлидан адашган кишиларнинг қилган хатоларидан надомати, аммо бугунги кунда ҳаётга, эртанги кунга бўлган чексиз ишончи ифодаланган ҳаяжонли сўзларидан қаттиқ таъсирландим, — дейди меҳнат фахрийси Исматилла Неъматиллаев. — Улар айни пайтда юртимизда бўлаётган ўзгаришлар ҳақида фикр билдириб, ўзларига кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликдан беҳад миннатдор эканликларини изҳор этишди. 

Вилоят маданият бошқармаси томонидан саҳналаштирилган соғлом турмуш тарғиботига доир спектакль намойиши эса иштирокчиларга манзур бўлди.

Раҳматилла ШЕРАЛИЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn