Ватанга дахлдорлик туйғуси
  • 07 Июль 2017

Ватанга дахлдорлик туйғуси

Сирдарё вилоятида “Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз!” шиори остида тарғибот тадбирлари бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан Олий  ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими, Мудофаа вазирликлари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Республика Маънавият тарғибот маркази, Миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий маркази, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги, “Ўзбекконцерт”, Ёшлар маданият ва санъат маркази ҳамкорлигида ўтказилган мазкур тадбирда ёзувчи ҳамда шоирлар, олимлар, ҳарбийлар, таниқли актёрлар ва “Ниҳол” мукофоти совриндорларидан иборат тарғиботчилар гуруҳи жойларда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, оддий одамлар ҳаётида юз бераётган ижобий ўзгаришлар хусусида аҳоли  билан бевосита мулоқот қилишди.

Иштирокчиларга Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг яқинда чоп этилган “Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз” китобида илгари сурилган ғоялар содда ҳамда самимий усулда, ҳаётий мисоллар асосида етказилди. Шу билан бирга, ёшларни умуминсоний ва миллий қадриятлар, юксак фазилатларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, уларнинг онги ҳамда қалбини турли мафкуравий хуружлардан ҳимоя қилиш, ғоявий иммунитет ва фаол фуқаролик позициясини шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

— Туманимизда бўлиб ўтган тадбирларда навқирон авлод вакиллари фаол иштирок этди, — дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Сирдарё тумани кенгаши етакчи мутахассиси Наргиза Назарова. — Тарғибот ишлари самарали усуллар ҳамда воситалар асосида ташкил қилингани барчага манзур бўлди. Хусусан, уюштирилган фотокўргазмаларга қўйилган суратларда мустақиллик йилларида эришган мислсиз ютуқларимиз, улуғвор ўзгаришлар, фаровон ҳаётимиз акс эттирилган. Албатта, бу уларнинг дилларидаги шу азиз ва муқаддас Ватанимизга содиқлик, меҳр-муҳаббат туйғуларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.

“Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз!” тарғибот тадбирларининг якуний қисми -Гулистон шаҳридаги марказий ўйингоҳда бўлиб ўтди.

Тадбирда Сирдарё вилояти ҳокими Ғ. Мирзаев сўзга чиқди.

Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири. 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn