Қатъий ҳаётий позициясига эга ёшлар — юрт таянчи
  • 07 Июль 2017

Қатъий ҳаётий позициясига эга ёшлар — юрт таянчи

Юксак билимли, замонавий фикрлайдиган, қатъий ҳаётий позициясига эга ёшлар — юрт таянчи. Уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, маънавий етук, жисмонан соғлом, ватанпарвар ва фидойи этиб тарбиялаш, ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳимоя қилиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб, бу борада кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Президентимизнинг жорий йил 5 июлдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги Фармони мазкур соҳадаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш ҳамда янги босқичга кўтаришга қаратилгани билан ниҳоятда аҳамиятлидир.

Сиёсий партияларнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциялари аъзолари томонидан жойларда аҳоли билан ўтказилган мулоқотларда, ёшлар билан учрашувларда ушбу тарихий ҳужжатда белгиланган вазифалар ёшлар тақдирида, уларнинг жамият ҳаётида фаол иштирокини таъминлашда муҳим ўрин тутиши эътироф этилмоқда. Мухбиримиз фракциялар аъзоларининг фикрлари билан қизиқди. 

 

Клара ЖУМАМУРАТОВА, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси аъзоси: 

— Мазкур Фармонни мамлакатимизда яшаётган ҳар бир йигит-қиз ўз келажагининг дастуриламали сифатида қабул қилди, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Зеро, ушбу ҳужжат уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаш, касбга йўналтириш, бандлигини таъминлаш, иқтидор ва салоҳиятини рўёбга чиқаришга қаратилгани билан алоҳида эътиборга молик. Айни пайтда мазкур Фармондан келиб чиқиб, соҳада олиб борилаётган ишлар кўламини кенгайтириш, айниқса, уюшмаган ёшлар билан самарали ишлаш тизимини шакллантириш мақсадида устувор вазифаларни белгилаб олдик. Айтиш жоизки, ўтган вақт мобайнида партиянинг “Ёшлар қаноти” томонидан баркамол авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида комплекс чора-тадбирлар рўёбга чиқарилди. Албатта, бу борадаги фаолиятимизни қониқарли, деб бўлмайди. Шунингдек, бугунги кунда сиёсий партиялар олдига қўйилаётган талаблардан келиб чиқиб, жойларда замонавий тарғибот тадбирларини ташкил этиш, аҳоли билан мулоқот қилишнинг самарали усулларидан фойдаланиш, уюшмаган ёшлар билан ишлаш механизмини ишлаб чиқсак, мақсадга мувофиқ бўлади. 

 

Жолдасбай АБДИЖАМИЛОВ, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзоси:

— Дарҳақиқат, ушбу Фармон навқирон авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини тубдан ислоҳ этиш баробарида, соҳада олиб борилаётган ишлар кўламини кенгайтиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Унда ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, онги ва қалбида мустақиллик ғояларига содиқлик, миллий ўзликни англаш, Ватанга муҳаббат ва унинг тақдирига дахлдорлик, фидойилик ҳиссини қарор топтириш ҳамда ривожлантириш, турли мафкуравий таҳдидлардан асраш каби бир қатор устувор вазифалар белгиланган. Бу каби ишлар халқимиз тарихи ҳамда маънавий-маданий меросининг жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллашига замин яратади. Ўз навбатида, биз, депутатлар жойларда аҳоли ҳамда ёшлар билан мулоқотларда уларга мазкур ҳужжатнинг мазмун-моҳиятини кенг тушунтирамиз. 

 

Аваз ЎРИНБОЕВ, Ўзбекистон Халқ демократик партияси  фракцияси аъзоси:

— Ҳудудларда олиб борилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари натижасида қишлоқ аҳоли пунктларида ҳам замонавий лойиҳалар асосида уй-жойлар қурилиб, фойдаланишга топширилмоқда. Бу, айтиш жоизки, аҳоли турмуш фаровонлиги янада яхшиланишини таъминлаётир. Президентимизнинг ушбу Фармонида ёш оилалар, хусусан, имконияти чекланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож йигит-қизларни маънавий ва моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, улар учун муносиб уй-жой ва ижтимоий-маиший шароитлар яратишга қаратилган мақсадли ишларни ташкил этиш белгилаб берилди. Албатта, бу — эзгу саъй-ҳаракат. Давлат мулкини хусусийлаштиришдан тушган маблағларнинг бир қисми ҳисобидан аҳолининг ҳимояга муҳтож қатламлари учун ижтимоий уй-жой фондини ташкил қилишнинг аниқ тизимларини яратиш, ногиронларнинг ижтимоий инфратузилмалар, шу жумладан, тураржой ва жамоат бинолари, транспорт коммуникацияларидан бемалол фойдаланишлари учун шароитларни яхшилаш, қолаверса, аҳоли пунктлари, бино ва иншоотларни ногиронлар учун мослаштирган ҳолда лойиҳалаштириш партиямиз сайловолди дастурида ҳам акс этган. Ушбу вазифаларни ҳал қилишда эришилган натижалар ва олиб борилаётган ишлар аҳоли ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламининг уй-жой шароитлари, ижтимоий инфратузилма билан таъминланганлик даражасини оширишга хизмат қилади.

 

Улуғбек САМАТОВ, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси аъзоси:  

— Дунёнинг турли минтақаларида зиддиятлар, беқарорлик кучайган, ихтилофлар давом этаётган бир шароитда мамлакатимизда ёш авлоднинг таълим олиши, спорт билан шуғулланиши, келажакда комил инсонлар бўлиб вояга етиши учун барча ташкилий, ҳуқуқий шарт-шароит яратилган. Давлатимиз раҳбарининг мазкур Фармони ушбу жараёнларни янги босқичга олиб чиқади. Бинобарин, унда мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларда фаол иштирок этадиган, халқ манфаатларига садоқат билан хизмат қиладиган билимли, ташаббускор, ишбилармон, ҳалол ва фидойи ёш раҳбар кадрларни тарбиялаш, захирасини яратиш ва уларнинг давлат ҳамда хўжалик бошқаруви органлари масъул лавозимларига тавсия этилиши белгиланди. Бу эса юртимизнинг янада равнақ топишида муҳим аҳамиятга эга. Чунки эртанги кунимиз, порлоқ келажагимиз иродали, қатъиятли, юксак билимли ёшлар шижоатига бевосита боғлиқ. 

Зиёда АШУРОВА

ёзиб олди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn