Бебаҳо маънавий хазина
  • 07 Июль 2017

Бебаҳо маънавий хазина

Бугун миллий маданиятимиз, илм-фан, адабиёт ва санъатимиз юксалишига улкан ҳисса қўшган маърифатпарвар аждодларимизнинг бой меросини ўрганиш, тарғиб этиш, унинг мазмун-моҳиятини ёш авлод онгу шуурига сингдиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Ватанимиз ҳудудларидаги бебаҳо маданий ёдгорликлар асл қиёфасини йўқотмаган ҳолда таъмирланиб, атрофи ободонлаштирилаётир.

Муҳаммад Хоразмий, Абу Наср Форобий, Аҳмад Фарғоний, Абу Али ибн Сино, Абу Райҳон Беруний каби алломаларнинг ўлмас асарлари жаҳон илм фани ривожига улкан ҳисса бўлиб қўшилди. Юсуф Ҳамадоний, Аҳмад Яссавий, Абдулхолиқ ўиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд, Нажмиддин Кубро сингари дунёга донг таратган буюк сиймолар инсониятга комиллик йўлини кўрсатди. Муҳаддислар Имом Бухорий, Имом Термизийнинг таълимотида акс этган комил инсон ғоялари, адолат ҳақидаги қарашлар жамиятни маънавий-ахлоқий жиҳатдан юксалтиришга, мустаҳкамлашга хизмат қилди. Айниқса, Имом Бухорий, Имом Термизийдек етук муҳаддислар дунёда Қуръони каримдан кейинги энг мўътабар манба ҳисобланган ҳадис тўпламларини яратишда бениҳоя фидойилик кўрсатишди, ибрат бўлишди.

Маълумки, 2016-2017 йиллар Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашида Ўзбекистоннинг раислик даври ҳисобланади. Ўтган йилнинг 18 октябрида ушбу органнинг 43-сессиясида мазкур давр “Таълим ва маърифат — тинчлик ва бунёдкорлик сари йўл” шиори остида ўтказилиши маълум қилинган эди. Ушбу йўналишдаги тадбирларнинг изчил давоми сифатида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қисқа, лекин сермазмун вақт ичида кенг қамровли ишлар амалга оширилди. Юртбошимизнинг Қорақалпоғистон Республикаси, Сурхондарё, Қашқадарё, Хоразм, Бухоро ва Самарқанд вилоятларига ташрифлари давомида жойлардаги буюк алломаларнинг муқаддас қадамжоларини обод қилиш, уларнинг ҳаёти, бой илмий-маънавий меросини чуқур ўрганиш, кенг жамоатчиликка етказиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Шу билан бирга, асрлар давомида маънавий бойлигимизни ўзида мужассамлаштирган қўлёзма асарларни топиш, тадқиқ этиш ва нашрга тайёрлаш ҳозирги кунда долзарб масалалардан биридир. Бундай улкан мерос янги авлодларга катта илм манбаи ҳамда келажакдаги тадқиқотлар учун муҳим қўлланма сифатида хизмат қилади. Бинобарин, республикамиз қўлёзма фондларида 100 минглаб қўлёзмалар сақланмоқда. Шулардан бири  — Имом Бухорий халқаро маркази манбалар хазинасидир.

Марказда илмий тадқиқот ишларини янада ривожлантириш мақсадида маънавий меросимиз дурдоналари бўлган қўлёзма ва тошбосма асарлар фонди ташкил этилган. Йиллар давомида Марказ хазинаси янги асарлар билан доимий бойитиб борилмоқда. Бу ишлар аҳолидан харид қилинган ноёб асарлар ҳамда республикамиз фуқаролари томонидан ҳадя тариқасида тақдим этилган китоблар ҳисобига амалга оширилаяпти. Тўпланган асарлар, асосан, уч йўналишга эга. Қулёзма, тошбосма ва замонавий нашрий китоблар. Қўлёзмалар мавзу жиҳатидан исломий илмларнинг деярли барча соҳасини қамраб олган. Мавжуд китоблар, асосан, ХIV — XX асрнинг бошларида кўчирилган ҳамда нашр қилинган бўлиб, улар Қуръони каримнинг кўплаб нусхалари ва тафсирлари, ҳадис ҳамда ҳадисшунослик илмига оид манбалар, фиқҳ, калом, ислом тарихи ва фалсафаси, мантиқ, наҳв-сарф илмлари, назмий асарлар, қиссалар, ҳикматлар, балоғат илмига оид асарлар ҳисобланади. Айни пайтда ушбу қўлёзмалар хазинасини каталоглаштириш ишлари олиб борилаётир.

Президентимизнинг шу йил 24 майдаги “Қадимий ёзма манбаларни сақлаш, тадқиқ ва тарғиб қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги саъй-ҳаракатларни янги босқичга кўтаришда муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Қарорга мувофиқ, институт фондларини сақлаш ҳамда аҳоли қўлида сақланаётган қўлёзма ва бошқа ёзма ёдгорликларни харид қилиш ҳисобидан бойитиш мақсадида ёзма ёдгорликларни тўплаш, баҳолаш, сотиб олиш билан шуғулланадиган экспертлар гуруҳи ҳамда махсус комиссия тузилмоқда. Бу эса ноёб қўлёзма, қимматбаҳо тошбосма китобларни тўплаб, уларни таҳлил қилиш, ўрганиш, тарихимизга оид маълумотлар олиш ва жумбоқларни ечишда алоҳида ўрин тутади.

Айтиш жоизки, Марказ илмий ходимлари юртимиздан етишиб чиққан алломалар ҳаётини ҳамда уларнинг илмий-маънавий меросини, ноёб асарлар, қўлёзма ва тошбосма китобларни ўрганиш, тадқиқ этиш мақсадида республикамиздаги ҳамда хориждаги илмий-тадқиқот марказлари билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиб, илмий тадқиқот ишларини амалга ошириб келмоқда. Ўтган давр мобайнида Марказ илмий ходимлари томонидан 50 дан зиёд китоб, рисола ва монографиялар нашр этилди. Аждодларимиз маънавий мероси таржима қилиниб, халқимиз, айниқса, ёшларимиз учун ўзбек тилида китоблар тайёрланаяпти. Асосий вазифаларимиздан бири, бу — мамлакатимизда фаолият олиб бораётган диний ходимларнинг билим ва кўникмаларини мустаҳкамлашдан иборат. Малака ошириш ўқувлари бўлимида юртимиздаги масжидларда фаолият кўрсатаётган имом-хатибларнинг билим тажрибаси, касб малакасини юксалтириш ҳамда дунёвий фанларни ўқитиш бўйича ўқув-услубий ишлар ташкил этилаётир.

Буларнинг барчаси халқимиз, айниқса, ёш авлодни бобокалонларимиз, азиз-авлиёларнинг бебаҳо мероси билан чуқурроқ таништиришга қаратилганлиги туфайли янада аҳамиятли. Зеро, тарихга ҳурмат туйғуси, ўтмишни ўрганиш халқнинг ўзлигини англашдаги муҳим омилдир.

Шовосил ЗИЁДОВ,

Имом Бухорий халқаро маркази директори,

тарих фанлари номзоди.

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn