Илмий асосланган технологиялар
  • 07 Июль 2017

Илмий асосланган технологиялар

самарадорлиги билан эътиборни тортмоқда

Балиқчилик қишлоқ хўжалигининг муҳим тармоғи ҳисобланади. Президентимизнинг жорий йил 1 майдаги “Балиқчилик тармоғини бошқариш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида табиий ва сунъий сув ҳавзаларидан унумли фойдаланиш, балиқчиликка илмий асосланган технологияларни қўллаш каби кўплаб вазифалар белгилаб берилгани бу борадаги ишларни янги босқичга кўтаришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Жумладан, ҳозирги кунгача Фарғона вилоятининг Марказий Фарғона, Каркидон ҳамда Қўрғонтепа сув омборларига 100 га яқин қафас мосламалари ўрнатилди.

— Балиқ етиштиришда ушбу усулнинг қулайлиги шундаки, у орқали сув ҳавзасининг исталган қисмида балиқ парваришлаш мумкин, — дейди Ёзёвон туманидаги балиқчилик хўжалиги мутахассиси Илҳом Йўлдошев. — Эни ва бўйи 6 метрли битта қафасда 4 тоннагача балиқ етиштириб, мўмай даромад олса бўлади. Айни пайтда хўжалигимизда 50 дан ортиқ ана шундай мосламалар мавжуд. Йил охиригача ушбу интенсив мосламалар сонини 2000 тага етказмоқчимиз.

“Бир соҳа ривожи бошқасига туртки бўлади”, деганларидек, вилоятда балиқчиликнинг кенг қулоч ёйиши Қўқон механика заводида ҳам қўшимча имкониятларни ишга солиш учун асос яратди. Яъни бу ерда тайёрланаётган маҳсулотлар сони қафас мосламалари ҳисобига яна биттага кўпайди. Жамоа жорий йилда 2500 дан зиёд бундай мосламаларга буюртма олгани фикримиз тасдиғидир.

Ҳозирги кунда Фарғона вилоятидаги балиқчилик билан шуғулланувчи 252 та фермер хўжалиги тасарруфида 2254,7 гектар ер мавжуд. Улардаги сув ҳавзаларида сазан, оқ амур ва оқ дўнгпешона сингари харидоргир балиқлар парваришланаяпти. Яқиндан бошлаб эса Боғдод ҳамда Фурқат туманларида тажриба тариқасида Африка лаққа балиғини етиштириш йўлга қўйилди.

— Африка лаққасини вилоятимиз иқлим шароитига мослаштириш ва маҳсулот самарадорлигига эришиш борасидаги тажрибаларимиз изчил давом этмоқда, — дейди Боғдод туманидаги “Мубинахон Муфассалхон” кўп тармоқли фермер хўжалиги раҳбари М. Тешабоев. — Агар тажриба яхши натижа берса, фаолиятимизни янада кенгайтирамиз.

Умуман, бу йил Фарғона вилоятида 32 та янги лойиҳани амалга ошириш учун 304 гектар майдонда сунъий сув ҳавзаларини ташкил этиш ва пировардида 200 та янги иш ўрни яратиш, қолаверса, 613 тонна парҳез гўшт етиштириш устувор мақсад сифатида белгиланган. Буларнинг барчаси истиқболда соҳа янада равнақ топишидан далолат беради.

Элёржон ЭҲСОНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn