Ўзбекистон — бахтиёр болалар мамлакати
  • 30 Июнь 2017

Ўзбекистон — бахтиёр болалар мамлакати

Давлатимиз раҳбари тавсиясига кўра, Термиз шаҳрида барпо этилган «Амударё» болалар соғломлаштириш оромгоҳи фойдаланишга топширилди.

Мамлакатимизда аҳолини кучли ижтимоий ҳимоя қилиш, эҳтиёжмандларни ҳар -томонлама қўллаб-қувватлаш баробарида, ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ва модернизациялаш, аҳоли фаровонлигини ошириш ҳамда эртамиз эгаларини баркамол этиб тарбиялашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Термиз шаҳрида қурилган ушбу болалар соғломлаштириш оромгоҳининг фойдаланишга топширилиши ана шундай эзгу саъй-ҳаракатларнинг яна бир амалий ифодаси бўлди.

Дарё соҳилидаги замонавий талабларга тўла жавоб берадиган оромгоҳнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, ҳудудий касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмалари раҳбарлари, вилоят ҳокимлиги, ҳамкор ташкилотлар мутасаддилари, фахрийлар, ота-оналар ҳамда ўқувчилар қатнашди.

Ҳаракатлар стратегиясини Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширишга оид Давлат дастури ижроси доирасида Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан барпо этилган 200 ўринли ушбу оромгоҳ 6,5 гектар майдонни эгаллаган. Бунёдкорлик ишлари учун 34 миллиард сўм маблағ йўналтирилганининг ўзиёқ юртимизда ёш авлодга ғамхўрлик қилиш масаласи давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканини кўрсатади.

— Оромгоҳни қуришга киришишдан аввал Президент тавсияси билан махсус ишчи гуруҳи тузилиб, дунёга машҳур “Артек” болалар оромгоҳи фаолияти, унинг қандай мезонлар асосида қурилганлиги яқиндан ўрганиб чиқилди, — дейди Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси раиси ўринбосари Бахтиёр Маҳмадалиев. — Мазкур оромгоҳнинг бошқа дам олиш масканларидан фарқи шундаки, келгусида унинг нафақат ёзги мавсумда, балки йил давомида фаолият кўрсатиши режалаштирилган. Яъни болалар ҳордиғи ўқиш жараёни билан биргаликда олиб борилади.

Соғломлаштириш мажмуаси болаларни мароқли дам олдириш ва жисмонан чиниқтириш билан бирга, ўзлари қизиққан йўналишлар бўйича билим ҳамда кўникмаларини мустаҳкамлаши учун ҳам хизмат қилади. Вилоят аҳолиси учун ажойиб туҳфа бўлган ушбу маскандан барча қулайликка эга маданият ва маърифат маркази, ўзбек ҳамда жаҳон адабиёти дурдоналари намуналари сирасига кирувчи бой китоблар захирасига эга ахборот-ресурс маркази, зарур кўргазмали воситалар билан таъминланган турли тўгараклар, ёзги амфитеатр, маданий-маърифий тадбирларга мўлжалланган тантаналар майдони, футбол, волейбол, баскетбол ва теннис майдончалари, замонавий сузиш ҳавзаси, шинам ётоқхоналар, ошхона, ювиниш хоналари ўрин олган. Ўғил-қизларимизнинг хорижий тиллар ва компьютер бўйича билимини мунтазам ошириб бориш ҳам кўзда тутилган. Мавсум давомида бу ерда минг нафардан зиёд болажонлар соғломлаштирилади.

— Асрлар давомида қаровсиз бўлиб ётган бу жойларда қисқа фурсатда шундай муаззам маскан бунёд этилганидан беҳад миннатдормиз, — дейди Термиз туманидаги Мажнунтол маҳалласида яшовчи Мавлуда Жўраева. — Оромгоҳда менинг ҳам набирам тенгдошлари қаторида ёзги таътилни мароқли ва мазмунли ўтказмоқда. Бу ердаги шарт-шароитларни кўздан кечириб, шунга амин бўлдимки, бизнинг фарзандларимиз дунёдаги энг бахтиёр болалардир. Улар ўқиб-ўрганиши, баркамол инсон бўлиб улғайиши, таътил кунларида ҳам бўш вақтларини мазмунли ва фойдали ўтказишлари учун ҳамма шароит муҳайё қилинган. Бундай эътибордан ҳаммамизнинг бошимиз осмонда.

Оромгоҳнинг тантанали очилиш маросимига “Ўзбекистон — бахтиёр болалар мамлакати” мавзуидаги маданий-маърифий тадбир ҳамда “Касаба уюшмалари — болаларга” акцияси уланиб кетди. Тадбир давомида юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, бунёдкорлик ишлари инсон манфаатларига хизмат қилаётгани, ёш авлодга кўрсатилаётган юксак эътибор ва ғамхўрлик аҳамияти саҳна кўринишлари орқали намойиш этилди. Мустақиллик берган улкан имкониятлар, бахтли болалик ҳамда тинч ва осуда ҳаётни тараннум қилувчи куй-кўшиқлар янгради.

Тадбирда Сурхондарё вилояти ҳокими Э. Турдимов сўзга чиқди.

Илҳом РАҲМАТОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn