Оқила, ишбилармон ва шижоатли хотин-қизлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда
  • 29 Июнь 2017

Оқила, ишбилармон ва шижоатли хотин-қизлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда

Пойтахтимизда I Республика тадбиркор аёллар форуми ўз ишини бошлади. “Жамиятнинг ривожланишида тадбиркор хотин-қизларнинг ўрни” мавзуида ўтказилаётган ушбу тадбир юртимизнинг барча ҳудудидан 18 ёшдан 50 ёшгача бўлган 140 нафар илғор ишбилармон аёлни қамраб олган.

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан Савдо-саноат палатаси, Республика Марказий банки, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, “Тадбиркор аёл” ассоциацияси ҳамкорлигида ташкил этилган анжуман хотин-қизларни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка янада кенг жалб қилиш, уларнинг бандлигини таъминлаш йўлида фаолият олиб бораётган давлат ва нодавлат ташкилотлари ўртасидаги ижтимоий шерикликни кенгайтириш орқали мамлакатимизда айни жабҳада жадал ривожланиш истиқболларини белгилаш мақсадларини назарда тутади.

Юртимизда аёл зотига юксак ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш давлат сиёсати даражасига кўтарилган бўлиб, ҳар бир нозик хилқат вакилига ўз иқтидори ва салоҳиятини рўёбга чиқариши, оилада ва жамиятда муносиб ўрин эгаллаши учун кўмаклашиш, ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасидаги амалий ишлар юксак самаралар бераяпти. Буни ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларда фаол иштирок этиб, юрт равнақига муносиб ҳисса қўшаётган опа-сингилларимиз тимсолида яққол кўриш мумкин.

Айниқса, бугунги кунда аёлларимизда ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида мустақил бизнес фаолиятини йўлга қўйиб, ишбилармонлик лаёқатини намоён этишга қизиқиш тобора ортиб бораётир. Бошқача айтганда, хотин-қизлар етакчилигидаги тадбиркорлик субъектлари йил сайин кўпаймоқда. Бу аёл шахсига ғамхўрликни кучайтириш, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини кафолатлаш, мамлакат тараққиёти локомотивига айланган хусусий сектор ривожида иштирок этиши учун кенг имконият яратиш, хотин-қизларни ишсизликдан ҳимоя қилиш ва меҳнат бозорида мавқеини ошириш чора-тадбирлари манзилли ҳамда мақсадли олиб борилаётганидан далолат беради.

 

Ҳар жабҳада фаол

Истиқлол йилларида Ўзбекистонда аёлларнинг давлат ва жамият ҳаётига интеграциялашуви сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Ҳозирги кунда ижтимоий-иқтисодий соҳаларда, бошқарув ва ишлаб чиқариш жабҳаларида банд хотин-қизлар улуши сезиларли даражада ошиб бормоқда. Бундан кўринадики, аёлларимиз нафақат ижтимоий соҳаларда, балки саноат ва қишлоқ хўжалигини, хизмат кўрсатишни ривожлантириш, халқ фаровонлигини юксалтириш йўлида ҳам салмоқли ҳисса қўшаётир.

Дарҳақиқат, юртимизнинг замонавий аёли, бу — таълим олиб, касб эгаллаётган, хизмат даражаси пиллапояларидан кўтарилиб, мамлакат ва жамият ҳаётида қатнашаётган ижтимоий фаол шахсдир. Буни юртимизда илк бора ўтказилаётган Республика тадбиркор аёллар форуми ҳам тасдиқлаб турибди.

 

Тадбиркорлик — фаровонлик гарови

Бугунги кунда мамлакатимизда фаолият юритаётган 520 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъектларининг 120 мингдан зиёдини, жумладан, 4,5 мингдан кўпроқ фермер хўжаликларини хотин-қизлар бошқармоқда. Сўнгги ўн йилда кичик ва хусусий корхоналарни бошқараётган аёллар сони 1,6 баробар ўсди.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки маълумотига қараганда, жорий йилнинг 1 апрель ҳолатига кўра, тадбиркор аёлларни қўллаб-қувватлаш учун тижорат банклари томонидан 679,4 млрд. сўмлик кредит маблағлари йўналтирилди. Бу ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 25,5 фоиз кўп, демакдир. Табиийки, бундай молиявий кўмак минглаб аёлларга ўз бизнесини бошлаши ёки кенгайтириши учун катта мадад бўлиб, оилаларнинг бюджети шаклланишига, турмуши фаровонлашишига хизмат қилмоқда.

Бинобарин, доимий иш жойи ва муқим даромад манбаига эга бўлиш ҳар бир аёлга ижтимоий фаоллигини, ҳаётий позициясини намоён этишида ҳал қилувчи омил саналади. Шу маънода, аёлларимизнинг қизиқишлари, таклифлари ҳамда уларни ўйлантираётган масалалар билан танишиш мақсадида ҳудудларда бўлиб, оилаларнинг ижтимоий-маънавий муҳитини яқиндан ўрганаётган Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, тегишли ҳамкорлар билан биргаликда, ишбилармонлик салоҳиятига эга опа-сингилларимизни қўллаб-қувватлаш, уларни самарадор бизнес ғояларига рағбатлантириш саъй-ҳаракатларига урғу бераётгани бежиз эмас. Айтиш мумкинки, Республика тадбиркор аёллар форуми ҳам мана шундай муҳим жараён маҳсули бўлган лойиҳалардан биридир.

— Мазкур форум юртимизнинг турли ҳудудларидан келган энг илғор опа-сингилларимизга, қолаверса, бу соҳада эндигина иш бошлаётганларга ўзаро фикр ва тажриба алмашиш, истиқболли режалар тузиш, қонунчилигимиздаги ишбилармонлик муҳитини янада кучайтиришга қаратилган янгиликлар юзасидан билим ҳамда кўникма олиш имконини бериши баробарида, тадбиркор аёллар фаолияти билан боғлиқ реал ҳолатни таҳлил қилиш, мавжуд муаммо ва камчиликларни аниқлаш, бу борада манфаатдор давлат ҳамда нодавлат ташкилотлари амалга ошираётган лойиҳа ва дастурларни баҳолаш учун ҳам шароит яратмоқда, — дейди Республика Хотин-қизлар қўмитаси етакчи мутахассиси Лобар Бабажанова. — Давлат ҳокимияти органлари вакиллари билан очиқ мулоқотларда ишбилармон аёлларимиз ўзларини қизиқтирган барча масалага жавоб олмоқда. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини битирувчи қизларни, уюшмаган, ижтимоий ҳимояга муҳтож аёлларни қандай қилиб тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш мумкинлиги бўйича ҳам аниқ таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилиши ушбу тадбирнинг яна бир эътиборли жиҳатидир.

 

Бири ўқувчи, бири эса уй бекаси

— Андижон вилоятининг Избоскан туманидаги транспорт касб-ҳунар коллежида ўқийман, — дейди форумнинг ёш иштирокчиларидан бири Ойгул Тожиддинова. — Икки йил олдин “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг “Менинг бизнес ғоям” лойиҳасида ғолиблар қаторидан ўрин олиб, ажратилган грант эвазига совғабоп буюмлар, миллий қўғирчоқлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйдим. Ҳозирги пайтда кичик корхонамда ўн нафар тенгдошимни иш билан таъминлаганман. Бундан ташқари, миниатюра санъати бўйича мендан сабоқ олаётган шогирдларим бор. 

Президентимиз Конституциямиз қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида “Фарзандларимиз, айниқса, қиз болаларнинг замонавий билим ва касб-ҳунарларни, хорижий тилларни эгаллашлари, ҳар томонлама соғлом ва баркамол бўлиб, ҳаётдан муносиб ўрин топишлари учун барча куч ва имкониятларимизни сафарбар этамиз”, дея қизлар таълим-тарбиясини такомиллаштириш навқирон авлод манфаатларини таъминлашнинг устувор йўналишларидан бири эканини таъкидлаган эди. Ойгулнинг ҳали ўқувчи бўла туриб, тадбиркорлик фаолиятини дадил олиб -бораётгани, ўзи яшаётган ҳудудда унча-мунча ишбилармонлар билан рақобатлашиш салоҳиятини намоён этаётгани ва қувонарлиси, бундай уддабурон қизлар юртимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам кўп эканлиги хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга оид давлат сиёсатининг амалий натижасидир. Қолаверса, сўнгги пайтларда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ишбилармонлик муҳити янада яхшиланиб,  тадбиркорлик ҳаракатини қўллаб-қувватлаш тизими тубдан такомиллаштирилаётгани бу соҳада хотин-қизлар улуши ортишига туртки бериши, шубҳасиз.

— Ёш оила эдик, мустақил ҳаётга қадам қўйганимизда ўзига яраша моддий қийинчиликларга учрадик, — дейди Жиззах вилояти, Пахтакор туманидан Саодат Шарипова. — Оилани моддий тиклаб олиш, турмуш ўртоғимга кўмаклашиш мақсадида бизнес фаолиятимни бошлаганман. Дастлаб келин кўйлакларини ижарага бериш шохобчасини очдим. Аста-секин тадбиркорлик фаолиятимни кенгайтириб, гўзаллик салони, фотостудия, кафе-барни ишга туширдим. Ҳудуд аҳолиси ҳордиқ чиқариши учун минипаркимиз ҳам бор. Йигирмага яқин иш ўринлари яратилган. Эндиликда иқтидорли болаларга мўлжалланган мактабгача таълим муассасасини очиш ниятидаман. Лекин айни мақсадда ер сўраб туман ҳокимлигига қилган мурожаатим негадир жавобсиз қолаяпти. Бугунги бизнес-форумда биз, аёллар шу каби муаммоларимизни ҳам айтиб, уларнинг ечими юзасидан ҳуқуқий маслаҳатлар олаяпмиз. Тадбиркорлик соҳасида пешқадам бўлган ғайратли опа-сингилларимиз тажрибаси билан танишиб, ибратли жиҳатларни ўрганаяпмиз.

I Республика тадбиркор аёллар форумида турли шуъбаларга бўлинган ҳолда, амалий машғулотлар, учрашувлар, маҳорат дарслари ҳамда давра суҳбатлари ўтказилмоқда. Уларда, асосан, тадбиркорлик ривожининг қонуний асослари, хотин-қизлар учун ажратилаётган кредитлар, солиқ имтиёзлари сингари муҳим мавзуларда муфассал сўз юритилмоқда.

Шу билан бирга, аёлларнинг тадбиркорлик соҳасида дуч келаётган муаммолари ва талаб-истакларини ўрганиш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳамда Сенати аъзолари, қатор вазирликлар ва идоралар, кенг жамоатчилик вакиллари, экспертлар иштирокида очиқ мулоқот ҳам ташкил этилди. 

Бугун якунига етадиган тадбир доирасида бир гуруҳ фаол тадбиркор аёллар Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан қатор номинациялар бўйича диплом ҳамда хорижда малака ошириш учун йўлланма-сертификат билан тақдирланиши алоҳида эътирофга молик.

Форумнинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Т. Нарбаева сўзга чиқди.

Фарида МАҲКАМОВА,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn