Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!
  • 29 Июнь 2017

Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!

Халқимиз энг улуғ, энг азиз байрам — Мустақиллик кунини доимо шоду хуррамликда, юксак зафарлар билан кутиб олишга одатланган. Зеро, истиқлол ўз эркимизга эга бўлиб, бахтли-саодатли яшаш, эзгу орзуларимиз рўёбини кўриш, тарихимиз нақадар буюк, бугунимиз чароғон, эртамиз янада нурафшон эканлигини дунёга намоён қилиш имконини берди. Шунинг учун бу айёмнинг ўрни, қадри бўлакча.

Президентимизнинг кеча матбуотда эълон қилинган “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма олти йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорини юртдошларимиз зўр мамнуният билан кутиб олишди.

Руслан НУРУДИНОВ, Бразилияда бўлиб ўтган Олимпиада ўйинлари ғолиби ва рекордчиси:

— Ўзбекистон фарзанди эканлигимиздан ҳар доим фахрланамиз! Илгари хорижлик ёшларга ҳавас билан қаралган бўлса, истиқлол туфайли юзага келган шарт-шароит ўзбек ёшларининг ҳам ҳеч кимдан кам эмаслигини исботлади. Шу ўринда нокамтарлик бўлса-да, бир мисолни айтсам. Ўтган йили бўлиб ўтган тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақасида вакилларимиз бир неча спорт тури бўйича ғолибликни қўлга киритишгач, “Ўзбекистон”, “Ўзбек” деган сўзлар янада баралла янграй бошлади. Дунёнинг энг машҳур спортчилари келиб биз билан суҳбатлашди, суратларга тушиб, ўз табрикларини билдиришди. Буларнинг барчаси мустақиллик берган имкониятлар натижасидир.

Президентимизнинг  ушбу қарорини диққат билан ўқиб чиқдик. Унда, айниқса, турли соҳаларда меҳнат қилаётган ёшларни қўллаб-қувватлашга эътибор қаратилганидан жуда руҳландик. Шунда яна бир бор ўзимга сўз бердимки, бугунги имкониятлар даврида иқтидоримизни янада юксак намоён этиб, юртимиз шаъну шавкатини улуғлашга интилиб яшаймиз.

Илҳом САЙФИЕВ, “Ливадия-Бухара” хусусий корхонаси раҳбари:

— Давлатимиз раҳбарининг қарорида таъкидланганидек, Ўзбекистоннинг давлат мустақиллиги халқимизнинг миллий манфаатларини, тинч ва осуда ҳаётини таъминлаш, мамлакатимизнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтиришнинг мустаҳкам пойдевори бўлиб келмоқда. Буни биргина тадбиркорлик ҳаракатига кенг йўл очиб берилгани мисолида яққол кўриш мумкин.

Дарҳақиқат, халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган ишбилармонлик қобилияти истиқлол туфайли юзага чиқди. Бу соҳа вакилларига яратиб берилаётган қулай шарт-шароитлар самарасида улар мамлакат иқтисодиётини жадал ривожлантиришга қодир етакчи кучга айланди.

Қарорда аҳоли, айниқса, ёшларни тадбиркорликка кенг жалб этиш, оилавий бизнес ва касаначилик, томорқа хўжалигини ривожлантириш учун яратилган имконияту преференциялар самараларига алоҳида эътибор қаратиш белгилаб берилган.

Юртимиздаги қулай ишбилармонлик муҳити самарасини биз бизнес фаолиятимиз давомида чуқур ҳис этиб турибмиз. Гап шундаки, давлатимиз томонидан тақдим қилинаётган имтиёзлардан оқилона фойдаланиб, нафақат ички, балки ташқи бозорга ҳам ўз маҳсулотларимизни етказиб беришни йўлга қўйдик. Бу ўзбек тадбиркорлари, мустақил юрт фуқароларининг маҳсулотлари рақобатдош эканлигининг амалий тасдиғидир.

Усмон ТОШЕВ, Китоб туманидаги “Viget-Impeks” фермер хўжалиги раҳбари:

— Президентимиз қарорида “Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади” деган ғоя ҳам илгари сурилган. Мана шу оқилона сиёсат қанчадан-қанча ташаббусларга, эзгу саъй-ҳаракатларга кенг йўл очмоқда. Шуни фахр билан айтиш жоизки, мамлакатимизда истиқлолнинг дастлабки йилларидан бошлаб амалга оширилаётган ислоҳотлар, аввало, инсон манфаатлари ва унинг турмуш фаровонлигини таъминлашга қаратилгани билан қимматлидир. Энг муҳими, бунинг самараси бугунги ҳаётимизда ўз аксини топаётир. 

Фикримни ўзим фаолият юритаётган фермерлик соҳасида давом эттирадиган бўлсам, биз, қишлоқ мулкдорларининг иши тобора ривожланаяпти. Фермерларимиз эндиликда маҳсулот етиштирувчидан ишлаб чиқарувчига, қайта ишловчи мутахассисга, экспорт қилувчи йирик ишбилармонга айланмоқда. Масалан, биз ишимизни узумчиликдан бошлаган эдик. Кейинчалик боғдорчиликни йўлга қўйдик, полиз маҳсулотлари, кўкатлар етиштиришни ўзлаштирдик. Айниқса, маҳсулотларни замонавий совиткичларда сақлаб, хориж бозорларига чиқараётганимиз ишимизга йил сайин барака бағишлаяпти.

Бу йилги байрамни ҳам улкан ютуқлар билан қарши олиш ниятида бор куч ва салоҳиятимизни ишга солаяпмиз. 

«Халқ сўзи» мухбирлари ёзиб олди.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn