Республика кенгашининг таъсис конференцияси
  • 29 Июнь 2017

Республика кенгашининг таъсис конференцияси

Кеча пойтахтимизда Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгашининг таъсис конференцияси бўлиб ўтди.

Унда ҳудудлардан сайланган 300 дан зиёд делегатлар, Молия, Ички ишлар, Бандлик ва меҳнат муносабатлари, Халқ таълими, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, “Нуроний” жамғармаси, Хотин-қизлар қўмитаси, бошқа давлат ва нодавлат ташкилотлари раҳбарлари, фуқаролар йиғинлари раислари, оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди. Шунингдек, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича ҳудудий кенгашлар аъзолари, маҳаллалар раислари видеоконференцалоқа тизими орқали тадбирни кузатиш имконига эга бўлишди. 

Тадбир делегатларнинг “Мустақиллик ва эзгулик монументи” пойига гул қўйиш маросими билан бошланди.

Конференцияда таъкидланганидек, истиқлол боис маҳалла институти халқчил тузилма сифатида шаклланиб, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда фаол иштирок этмоқда. Президентимизнинг шу йил 3 февралдаги “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони бу борадаги саъй-ҳаракатларга янги суръат бағишлади. Зеро, мазкур ҳужжатда маҳалла институтини янада ривожлантириш билан боғлиқ қатор долзарб вазифалар белгиланган бўлиб, уларнинг ижроси юзасидан кенг қамровли ишлар олиб борилаяпти. 

Хусусан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолияти самарадорлигини ошириш, маҳалла институтини аҳолига энг яқин ва халқчил тузилмага айлантириш, фуқаролар йиғинларининг муштарак манфаатларини ифода этадиган уюшмага бирлашиш ҳуқуқларини рўёбга чиқариш, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлигини янада ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар кўрилаётир.

Фармонга биноан, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгашига юридик шахс мақоми берилиб, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ҳамда шаҳарлар кенгашлари Республика кенгашининг таркибий тузилмалари сифатида ташкил этилиши ва фаолият кўрсатиши белгиланди. Шуларга мос ҳолда, кенгашларнинг нуфузи ҳамда мақомини ошириш, жойларда аҳоли томонидан кўтарилаётган масалаларни ижро ҳокимияти органларининг раҳбарлари эътиборига етказиш ва мазкур масалаларни ҳал этишда улар иштирокини янада кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари зиммасига Республика кенгаши, ҳудудий кенгашларга жамоатчилик асосида раислик қилиш вазифаси юклатилди.

Республика кенгашида ташкилий ишлар ва услубий масалалар бўйича раис ўринбосари, Республика кенгаши ҳамда ҳудудий кенгашларда ёшлар ишлари, диний-маърифий масалалар, кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича раис ўринбосарлари лавозимлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида жамоатчилик асосида фаолият юритадиган маҳалла фуқаролар йиғини раисининг ўринбосарлари — кексалар ва фахрийлар ишлари, ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчилар лавозимлари ҳам жорий этилди. Бу эса ёшларни она-Ватанга муҳаббат, миллий анъаналаримизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, айни чоғда маҳаллаларда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, кекса авлод вакилларининг ижтимоий фаоллигини янада оширишда муҳим ўрин тутади.

Иштирокчилар томонидан Фармон ижроси доирасида бажарилган ишлар хусусида ҳам сўз юритилди. Масалан, март-апрель ойларида 8961 та фуқаролар йиғинида раиснинг кексалар ва фахрийлар ишлари ҳамда ёшлар масалалари бўйича 17922 нафар ўринбосари сайланди. Март ойида эса Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туманлар ва шаҳарлар кенгашлари, май-июнь ойларида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашларининг ташкилий йиғилишлари юқори савияда ўтказилди. Уларда 38 минг нафардан зиёд фаоллар, жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари, уларнинг ўринбосарлари, фуқаролар йиғинларининг 30 минг нафарга яқин ходимлари қатнашди.

Мазкур тадбирларда Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича ҳудудий кенгашлар таркиби, кенгашлар раислари лавозимига туман (шаҳар)лар ва вилоятлар ҳокимлари, уларнинг биринчи ўринбосарлари ҳамда ёшлар ишлари, диний-маърифий масалалар, кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича ўринбосарлари, кенгашлар котиблари лавозимларига муносиб номзодлар тасдиқланди, кенгашларнинг намунавий уставлари муҳокама этилди.

Республика кенгаши таъсис конференциясида Фармон ва “Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш — давр талаби” мавзуида ўтказилган анжуманда давлатимиз раҳбари томонидан билдирилган мулоҳазалардан келиб чиқадиган вазифалар ижроси бўйича ҳам атрофлича фикр юритилди. Қайд этилганидек, маҳаллаларда ва оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш натижасида аниқланган муаммолар мутасадди ташкилотлар томонидан бартараф этилиши устидан таъсирчан жамоатчилик назоратини олиб бориш бугуннинг талабидир. Жамоатчилик назорати ижтимоий адолат барқарорлиги учун шахс, жамият ва давлат алоқаларида тенглик, масъулият ҳамда жавобгарлик бўлишига хизмат қилади. Пировардида эса маҳалла институти одамлар дардини, кундалик ўй-ташвишларини яқиндан тушунадиган, уларнинг оғирини енгил қиладиган энг халқчил идора, яъни “адолат тарозиси”га айланишига замин яратади. 

Аҳолининг, айниқса, ёшларимизнинг китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш, маънавий тушунчаларини бойитиб бориш, миллий ва ахлоқий, ҳуқуқий тарбияни ҳамда бой адабий меросимизга бўлган меҳрни шакллантириш ва ривожлантиришда маҳалла институтининг ролини янада юксалтириш масаласи ҳам иштирокчиларнинг эътиборида бўлди. Шу мақсадда маҳалла фуқаролар йиғинларида кутубхоналарни ҳамда жойларда “Маҳалла китобсеварлари” ҳафталигини тизимли ташкил этиш зарурлиги айтиб ўтилди.

Анжуманда Фармонда кўзда тутилган вазифалар ижроси билан боғлиқ ташкилий масалалар кўриб чиқилди. Хусусан, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгашини тузиш ва аъзоларини тасдиқлаш, Республика кенгашининг намунавий уставини муҳокама қилиш, Республика кенгаши раиси, унинг биринчи ўринбосари ҳамда ёшлар ишлари, диний-маърифий масалалар, кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича ўринбосарлари, Кенгаш котибини сайлаш масалалари ана шулар жумласидандир.

Бундан ташқари, маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш бўйича жамоатчилик назоратини тизимли йўлга қўйишга услубий кўмаклашиш мақсадида Республика кенгаши қошида жамоатчилик назорати гуруҳи ташкил этилди ва унинг таркиби тасдиқланди.

Тадбир жараёнида делегатлар ва маҳалла фаоллари Фармонда белгилаб берилган устувор йўналишлар, конференцияда қабул қилинган қарорлар ижросини таъминлаш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини халқнинг чинакам маслакдоши ва кўмакдошига айлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларни изчил давом эттириш билан боғлиқ фикр-мулоҳазалар билдирдилар. 

Тадбир доирасида иштирокчилар пойтахтимизда амалга оширилаётган кенг кўламдаги бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари ҳамда Юнусобод туманида жойлашган Увайсий номидаги маҳалла фуқаролар йиғинининг иш фаолияти, ҳудудда амалга оширилаётган янгиланишлар билан яқиндан танишдилар.

Таъсис конференциясида Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг -Давлат маслаҳатчиси Р. Комилов иштирок этди.

 

Сўз — иштирокчиларга

Мамат ХЎЖАЕВ, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Наманган вилояти кенгаши раисининг биринчи ўринбосари:

— Истиқлол шарофати билан маҳалла институти тобора халқчил идора сифатида ҳаётимиздан мустаҳкам ўрин эгалламоқда. Президентимиз Фармонида белгиланган йўналишлар, шунингдек, “Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш — давр талаби” мавзуида ўтказилган тадбирда билдирган фикрлари бу борада янги босқични бошлаб берди. Мисол учун, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича кенгашлар тузилишини олиб қарайлик. Бу катта тарихий воқеа. Гап шундаки, мазкур тузилма юртимиздаги мавжуд 9 мингга яқин фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини изчил қўллаб-қувватлаш учун шароит яратиб беради.

Таъсис конференциясида шу ва бошқа қатор долзарб масалалар кўриб чиқилдики, буларнинг барчаси маҳалланинг нуфузини бугунги кун талаблари даражасида юксалтиришга хизмат қилади.

 

Соғиндиқ ТУРМАНОВ, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Қонунийлик, суд-ҳуқуқ ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш масалалари қўмитаси раиси:

— Бугунги глобаллашув даври барчамиздан ҳушёр ва огоҳ бўлишни талаб этмоқда. Айниқса, фарзандларимизни ёт ғоялар таъсиридан ҳимоя қилиш ҳар қачонгидан ҳам муҳим. Бу борада бизга мутолаа ва китобхонлик маданияти яқин кўмакчидир. Шундан келиб чиқиб, таъсис конференциясида аҳоли, хусусан, ёшларнинг китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини юксалтириш, шу билан бирга, маҳаллаларда кутубхоналарни ташкил этиш ва жойларда “Маҳалла китобсеварлари” ҳафталикларини ўтказиш фикри илгари сурилди. Биз ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлаймиз. Зеро, китоб ўқиган бола ёт ғоялар таъсирига тушиб қолмайди, айни чоғда биз ният қилгандек инсон бўлиб камолга етади. Ушбу эзгу саъй-ҳаракат давлатимиз раҳбарининг “Ўз болангни ўзинг асра!” деган даъватини ижтимоий ҳаётга татбиқ этишда муҳим аҳамиятга эга.

Анжуманда яна кўплаб вазифалар таҳлил қилинди. Уларнинг изчил ижросини таъминлаш маҳаллани ҳақиқий маънода халқчил идора сифатида шакллантириш имконини беради. 

 

Нормурод ИСОҚОВ, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Навоий вилояти кенгаши раисининг биринчи ўринбосари:

— Ҳудудда 303 та фуқаролар йиғини бўлиб, уларга амалий-услубий кўмак бериш асосий вазифаларимиздан ҳисобланади. Аммо бу борада муайян қийинчилик ва муаммолар ҳам йўқ эмасди. Айниқса, маҳаллалар фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича ягона тизим йўқлиги фаолиятимиз давомида яққол сезилиб турарди. Кенгашларнинг тузилиши бу борадаги бўшлиқни тўлдирди. Жамоатчилик назоратини тизимли ташкил этиш масаласида ҳам шу гапни айтса бўлади. Эндиликда тизимли ҳолда фуқаролар йиғинларини қўллаб-қувватлаб, таъсирчан жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш мумкин.

Таъсис конференциясида бунга алоҳида эътибор қаратилди. Шу билан бирга, олдимизда турган долзарб вазифалар ижроси юзасидан аниқ тавсиялар берилди. Бу фаолиятимизни кучайтириш орқали маҳалла институтини янада ривожлантиришда айни муддаодир.

 

Нилуфар РАУПОВА, Қашқадарё вилоятининг ўузор туманидаги “Батош” маҳалла фуқаролар йиғини раиси:

— Мамлакатимизда ҳар бир инсон, шу жумладан, ёшлар ва нуронийлар давлатимиз ғамхўрлигидан баҳраманд бўлиб келмоқдалар. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгашида ҳамда ҳудудий кенгашларда ёшлар, кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича раис ўринбосарлари, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларида жамоатчилик асосида фаолият юритадиган маҳалла фуқаролар йиғини раиси ўринбосари — ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчи лавозими жорий этилгани ҳам ана шундан далолатдир.  

Маҳалламиз мисолида айтадиган бўлсак, ҳудудимизда 300 нафардан зиёд баркамол авлод вакиллари ҳамда 80 ёшдан ошган 85 нафар нуроний истиқомат қилади.  Ёшлар учун турли тўгараклар ва спорт секциялари йўлга қўйилган бўлса, кекса авлод вакилларини мунтазам йўқлаб турамиз. Яна бир гап: 100 ёшдан ошган кексаларга маҳалла фаолларини бириктирганмиз.

Тадбирда билдирилган фикрлардан келиб чиқиб, фаолиятимизни янада кучайтиришни кўнглимизга тугдик. 

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn