Ватан ва халқ манфаатлари — олий мезон
  • 28 Июнь 2017

Ватан ва халқ манфаатлари — олий мезон

 

Ўзбек Миллий академик драма театрида 27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот -воситалари ходимлари куни муносабати билан тантанали йиғилиш бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси -депутатлари ҳамда Сенати аъзолари, тегишли вазирлик ва идоралар, ижодий ҳамда жамоат ташкилотлари вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари, ноширлар, матбаачилар, соҳа ривожига катта ҳисса қўшган меҳнат фахрийлари, олий ўқув юртларининг профессор-ўқитувчилари, талаба-ёшлар қатнашди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига йўллаган табригини Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Х. Султонов ўқиб эшиттирди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси С. Ҳакимов, Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси раиси Р. Қурбонов, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети халқаро журналистика факультети декани А. Матёқубов ҳамда бошқалар мамлакатимизда миллий медиа соҳасини равнақ топтириш, унинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, матбуотни чинакам эркин фикр минбарига айлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Дарҳақиқат, истиқлол йилларида мамлакатимизда фуқароларнинг сўз эркинлигига доир конституциявий ҳуқуқларини юзага чиқариш, шахс, жамият ҳамда давлатнинг ахборот борасидаги хавфсизлигини таъминлаш, соҳа ходимлари манфаатларини муҳофаза этишнинг мустаҳкам ҳуқуқий асоси яратилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан халқ билан самимий ва очиқ мулоқот ўрнатиш, одамларни ўйлантираётган масалаларга ўз вақтида ечим топиш, жамият ҳаётининг барча жабҳасида кечаётган ислоҳотларни сифат ҳамда мазмун жиҳатидан янги босқичга кўтариш, юртдошларимизнинг тинч-осойишта, фаровон ҳаёт даражасини янги мазмун билан бойитиш, ёшлар маънавиятини юксалтириш борасида олиб борилаётган эзгу ишлар матбуот ходимлари зиммасига ҳам янги-янги вазифаларни қўймоқда. Бинобарин, 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида давлат ва жамиятнинг ҳар томонлама ҳамда жадал ривожланиши учун кенг шароитлар яратиш, мамлакатимизни модернизациялашнинг истиқболлари белгилаб берилган. Шу асосда жамиятда оммавий ахборот воситаларининг ролини кучайтириш, журналистлар фаолиятини ҳимоя қилиш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларига оид ахборотни тақдим қилишнинг илғор шакллари жорий этилмоқда.

Президентимизнинг 2017 йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши нашриётлар фаолиятини давр руҳига мос йўлга қўйиш, ноширлик ишининг янада ривожланиши, ёшларда китобхонлик маданиятини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этаётир.

Ҳар йили анъанавий тарзда ўтказилаётган “Олтин қалам” Миллий мукофоти учун халқаро танлов, “Йилнинг энг фаол журналисти” республика кўрик-танловлари журналистларни ижодий парвозлар сари руҳлантириш, жамиятнинг турли жабҳаларидаги долзарб масалалар ечимини топишга йўналтирилган ва теран таҳлилий асосдаги материаллар тайёрлашни рағбатлантириш, соҳа ходимларини ўз фаолиятига янада масъулият билан ёндашишга ундаяпти.

Тадбирда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси томонидан ташкил этилган “Йилнинг энг фаол журналисти” республика кўрик-танловининг ғолиб ҳамда совриндорлари тақдирланди. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси томонидан оммавий спорт тарғиботи бўйича фаоллик кўрсатган журналистларга совға ҳамда дипломлар топширилди.

Йиғилишда мукофотланганлар номидан сўзга чиққанлар миллий оммавий ахборот воситаларини изчил ривожлантириш, сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, жаҳон андозалари талаблари даражасида фаолият кўрсатиши учун зарур шароитларни яратиш, ижодкорлар меҳнатини қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантириш борасида доимий эътибор ва ғамхўрлиги учун Президентимиз Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик билдирдилар.

Тадбир сўнгида атоқли драматург Мақсуд Шайхзода асари асосида Ўзбек Миллий академик драма театрида саҳналаштирилган “Мирзо Улуғбек” спектакли намойиш қилинди.

Шу куни пойтахтимизнинг Fафур Fулом номидаги маданият ва истироҳат боғида матбуот ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари ва уларнинг оила аъзолари учун байрам сайли бўлиб ўтди.

Мақсуд ЖОНИХОНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn