Юрт равнақи, аҳоли фаровонлигига хизмат қилувчи лойиҳалар
  • 28 Июнь 2017

Юрт равнақи, аҳоли фаровонлигига хизмат қилувчи лойиҳалар

Ўтган ҳафтада Президентимиз Шавкат Мирзиёев Фарғона вилоятига қилган ташрифи давомида ҳудуддаги бунёдкорлик ишлари билан танишиш баробарида, халқимиз турмуш фаровонлигини янада оширишга йўналтирилган лойиҳаларни кўздан кечириб, уларни такомиллаштириш юзасидан йўл-йўриқ ва кўрсатмалар берди.

Давлатимиз раҳбари иштирокидаги очиқ ҳамда самимий мулоқотлар вилоят аҳлига кўтаринкилик, ғайрат-шижоат бахш этди, кўнгилларда миннатдорлик туйғуларини уйғотди, эртанги кунга бўлган ишончни мустаҳкамлади.

 

Саидаҳмадхўжа НОРХЎЖАЕВ, Марғилон шаҳридаги “Ватан” маҳалла фуқаролар йиғини раиси:

— Президентимизнинг Фарғона вилоятига ташрифи давомида Марғилондан Қўқонга илк бор электропоезд қатнай бошлагани биз учун тарихий воқеа бўлди.

Бундан нафақат Қўқон, Марғилон шаҳарлари аҳолиси, балки бутун водий аҳли бениҳоя қувонди. Чунки янги йўналиш қатнов билан боғлиқ кўплаб қийинчиликларга барҳам беради. Қолаверса, водий бўйлаб яқин кунларда айлана ҳаракатланадиган темир йўлнинг ишга туширилиши инфратузилмани янада ривожлантириб, аҳолининг оғирини енгил қилади. Электропоезд “қадами” етиб борган ҳудудларда эса қўшимча хизмат турлари ва янги иш ўринлари пайдо бўлади.

Мамлакатимизнинг бир бўлаги ҳисобланган Фарғона вилоятида рўй бераётган бу каби янгиланиш ва ўзгаришларнинг барчаси халқ манфаатига қаратилганки, бунинг қадр-қиммати, аҳамияти беқиёс.

 

 

Бохиржон ТУРДАЛИЕВ, Бешариқ туманидаги “Водий наслли парранда” хусусий корхонаси раҳбари:

— Тадбиркорлик тўғрисидаги қонунларимиз замонавий мезонлар асосида қайта кўриб чиқилиши, такомиллаштирилиши, ишбилармонларга янада кенг имкониятлар яратиб берилишини давлатимиз раҳбари билан бўлган суҳбатлар чоғида эшитиб, кайфиятимиз янада кўтарилди. 

Мен ҳам маҳсулот сотиш, харид қилиш, қисқача айтганда, жаҳон бозорига чиқиш, тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ иқтисодий таҳлилларни йўлга қўйиш ҳамда “Устоз — шогирд” анъаналари хусусида ўз фикрларимни билдирдим.

Президентимиз ҳар бир тадбиркор янги иш ўринлари яратиши лозимлигини устувор вазифа қилиб қўйди. Бинобарин,  бизнес юритиш учун барча қулай шарт-шароит яратиб -берилганки, биз бундан унумли фойдаланиб, янги иш ўринлари ташкил этишимиз, маҳсулот сифатини халқаро андозаларга мослаб экспорт ҳажмини кўпайтиришимиз нафақат Ватан тараққиётига қўшган ҳиссамиз, балки бурчимиз ва фаолиятимизнинг амалий ифодаси бўлмоғи даркор.

 

Расулжон МИРЗААҲМЕДОВ, “Ҳунарманд” уюшмаси Марғилон шаҳар бўлими раҳбари:

— Марғилон ҳунармандликнинг ўзига хос услуби, мактабига эга шаҳарлардан биридир. 

Умуман, ҳунармандликни ривожлантириш борасида яратилаётган кенг имкониятлар мана шундай умрбоқий анъаналарнинг тобора равнақ топишига, оммалашишига хизмат қилаяпти. Давлатимиз раҳбарининг вилоятимизга ташрифи чоғида Марғилонда ҳунармандлар марказини ташкил этиш, соҳа ходимлари учун қулай солиқ имтиёзлари, -зарур шарт-шароитлар яратиш, махсус бозор, сотув расталари, ҳатто объектларнинг иккинчи қаватида ҳунармандлар уй-жойларини қуриш ҳақида билдирган фикрлари барчамизнинг орзу-умидларимизни яққол намоён этди.

Айниқса, Марғилондан Фарғона ва Қўқонга аравада сайр қилишни ташкил этиш ғоясининг катта имкониятларини тасаввур қилиб кўрсангиз, ҳайратингизга ҳайрат қўшилади. Бу  ҳудудда туризмни янада ривожлантиришга хизмат қилувчи ўринли ва ноёб ташаббусдир. Яъни кўҳна кентлардаги миллий анъана ҳамда қадриятлар ҳар қандай чет эллик сайёҳни қизиқтириши, эътиборини тортиши муқаррар. Қолаверса, ички туризм учун ҳам бу айни муддао.

«Халқ сўзи» мухбири

Элёржон ЭҲСОНОВ 

ёзиб олди.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn