Ноёб ижтимоий янгилик
  • 28 Июнь 2017

Ноёб ижтимоий янгилик

Тарих шундан гувоҳлик берадики, халқ билан мулоқот мамлакат бўладими, кичикроқ ҳудуд бўладими, уларни адолатли бошқаришнинг муҳим шартларидан биридир.

Замонавий фан, хусусан, социология фани мамлакатда ёки муайян ҳудуддаги вазиятнинг туб сабабларини, илдизларини, умуман олганда, жамоатчилик фикрини ўрганишнинг илмий воситаларини яратди. Бу воситалар ижтимоий сўровлар, интервью, кузатиш каби усуллардан иборат. Ана шу усуллар ёрдамида мавжуд вазият тўғрисида жуда кўп маълумотлар тўплаш мумкин. Лекин социологик усуллар ҳам муайян камчиликлардан холи эмас. Улар бир мавзу бўйича ўтказилади ва чекланган миқдордаги одамлардан маълумотлар олиш имконини беради.

Ўзбекистонда халқ кайфиятини, маҳаллий раҳбарларга муносабатни, мавжуд вазиятни яхшилаш учун нималар қилиш мумкинлиги тўғрисидаги фикрларини билишнинг шундай усули яратилдики, шу кунгача у на социология фанида, на бошқа ижтимоий фанларда, на бирор мамлакатда кузатилган эмас. Бу усул мамлакат Президентининг виртуал қабулхонаси, шунингдек, Халқ қабулхоналари шаклида намоён бўлди.

Мамлакатимизда 2017 йилнинг “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилиниши муносабати билан барча ҳудудда адолат қанчалик қарор топаётганини аниқлаш билан бирга, уни қандай ташкил қилиш механизм ҳамда воситалари ҳам кўрсатиб берилди. Ана шу восита ва механизмлар жаҳон тажрибасида кўрилмаган миқёсда йўлга қўйилди. Тўла ишонч билан айтиш мумкинки, Халқ қабулхоналарининг барча ҳудудда ташкил этилиши том маънодаги, улкан ижтимоий янгиликдир.

Мамлакатимизда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган Халқ қабулхоналари ва Президентнинг виртуал қабулхонаси демократия тўғрисидаги нафақат бизнинг, балки дунёдаги барча сиёсатшунос ва жамиятшунос олимларнинг ҳам -тасаввурларини бойитди. Халқ қабулхоналарининг фаолияти жойлардаги вазиятни атрофлича ҳамда тўла ўрганиш, аҳолининг кайфияти, мақсад ва орзу-умидларини аниқ билиш имконини бермоқда.

Жорий йилнинг май ойи охиригача Халқ қабулхоналарига аҳолидан 1 миллионга яқин мурожаатлар келиб тушди. Уларнинг 90 фоиздан ортиғи ўрганиб чиқилди ва -тегишли чоралар кўрилди. Бу эса 1 миллионга яқин аҳолининг мамлакат ҳаётининг турли жабҳаларига оид фикрларидан хабардор бўлинди, деганидир. Дунёдаги энг ривожланган, аҳолиси биздагидан бир неча баравар ортиқ мамлакатларда ҳам бирорта ижтимоий сўров жараёнида бир миллионга яқин аҳоли қамраб олинган эмас.

Халқ қабулхоналарига келган одамларнинг ҳаммасини ҳам сўзамол, фикрини содда ва лўнда қилиб ифодалаш кўникмаларига эга, деб бўлмайди. Шунинг учун қабулхона ходимлари, уларнинг ўз фикрини баён қилишига кўмаклашишлари, фикрини жамлаб мақсадни баён этишларига ёрдам беришлари керак бўлади. Халқ қабулхоналарининг аксариятида худди ана шундай вазият кузатилмоқда. Қабулхона ходимлари ўзларининг шикоятлари, таклиф ва тавсиялари билан келаётган фуқароларга ҳудуд ҳамда мамлакат раҳбарияти олиб бораётган ички ва ташқи сиёсатнинг долзарб жиҳатларини тушунтиришларию тарғиб қилишлари ҳам айни муддао бўлмоқда.

Ташриф буюрувчилар билдираётган шикоят ҳамда аризалар ҳар доим ҳам ўринли бўлмаслиги мумкин. Ана шундай ҳолларда қабулхона ходимларидан алоҳида эътибор ва маҳорат талаб қилинади. Бундай шикоятчиларни алдаб, тинчлантириб чиқариб юбориш билан иш битмайди. Масалан, эҳтиёжманд шикоятчи маҳалла фуқаролар йиғинидан ёки маҳалла оқсоқолидан етарли эътибор ва ёрдам ололмаётгани тўғрисида арз қилади. Қабулхона ходими шикоятни тинглаганидан кейин, масалани ўрганишни, керак бўлса, тегишли чоралар кўришни айтиш билан бирга эҳтиёжмандликдан чиқишнинг энг қулай ва маъқул йўли тадбиркорлик эканини тушунтирса, нур устига нур бўлади. Худди мана шундай ҳолат қабулхоналарнинг аксариятида кузатилмоқда.

Халқ билан мулоқотнинг яна бир фойдали ва муҳим жиҳати шундаки, аҳолининг ҳудуд ёки соҳадаги ишлар тўғрисидаги норозиликлари, танқидий фикрлари юқори идораларгача етиб бориши аниқлигини билган баъзи оёғи ердан узилиб қолган раҳбарлар энди қадам ташлашларини ўзгартиришига тўғри келади. Энди улар ўз фаолиятларида ҳар бир қадамни ўйлаб босишга, ходимлар ва аҳоли кайфиятини мунтазам ўрганиш ҳамда ҳисобга олишга мажбур бўлади.

Ўтган бир неча ой давомида Халқ қабулхоналарига келаётган фуқароларнинг фикрларини ўрганиш уларнинг ҳаммаси ҳам шикоят ёки ариза билан келмаётганини кўрсатмоқда. Ўзлари яшаётган ҳудуддаги ёки ишлаётган жамоадаги ижобий ҳолат ва жиҳатларни, раҳбарларнинг ибратли ишларидан юқори идорадагиларни хабардор қилишни, ўша раҳбарларга миннатдорлик билдиришни мақсад қилиб келганлар ҳам оз эмас.

“Гуруч курмаксиз бўлмайди” деганларидек, Халқ қабулхоналарига келаётганларнинг ҳаммаси ҳам яхши ният билан ташриф буюрмоқда, деб бўлмайди. Уларнинг орасида хусумат туфайли раҳбарларга туҳмат қилишни, вазиятни бузиб кўрсатишни мақсад қилганлар, озроқ бўлса ҳам, учраб турибди. Денгиздаги тўлқинлар сувга тушган ахлатни чеккага чиқариб ташлагани сингари, халқ билан мулоқот жараёнида мамлакатимизда мавжуд камчиликлар бартараф этилмоқда, одамларни менсимай қўйган раҳбарлар, баъзи ғаламис ва туҳматчилар фош этилмоқда.

Қабулхоналарга келиб тушган ариза ҳамда шикоятлар, Президентимизнинг виртуал қабулхонасига қилинган мурожаатлар вақти-вақти билан умумлаштирилиб, тасниф қилиб турилиши ҳудуд ёки соҳада қандай камчиликлар кўпроқ учраётгани, шунингдек, ишга солинмаган қандай имкониятлар борлигини аниқлашга, пировардида мамлакатимизнинг келажак сари илдам ривожланишига хизмат қилмоқда. Қабулхоналар фаолиятининг оқилона ташкил қилинаётгани, уларнинг фаолиятида расмиятчиликка йўл қўйилмаётгани соҳа, ҳудуд ва мамлакат раҳбариятининг халқ билан муносабатларини янада яқинлаштириб, уларнинг фаолияти самарадорлигини изчил ошириб бораётир. Бу эса ҳудуд ёки соҳанинг, охир-оқибат мамлакатимизнинг кенг миқёсда ривожланишига жиддий туртки бермоқда.

Давлатимиз раҳбари қайси ҳудудга ташриф буюрса, албатта, у ердаги Халқ қабулхоналарида ҳам бўлиб, аҳолининг дардини тинглаш, уларга кўмаклашиш, -пировардида халқни рози қилиш хусусида мутасаддиларга топшириқ ва кўрсатмалар бермоқда. Зеро, бу муаммоларни ўзимиз ҳал қилиб, бартараф этмасак, ҳеч ким бизга четдан келиб оғиримизни енгил, узоғимизни яқин қилиб бермайди. Шунинг учун Президентимизнинг ушбу эзгу ва ноёб ташаббуси юртдошларимиз томонидан катта мамнуният билан қабул қилиндики, бунинг ортида ватанпарварлик, фидойилик, шу азиз ва жонажон юртга хизмат қилиш, одамларни ҳаётдан мамнун бўлиб яшашларига эришишга қаратилган улуғвор мақсадлар мужассам.

Абдуллажон БЕГМАТОВ,

фалсафа фанлари доктори, профессор.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn