Шаҳар бағридаги бетакрор боғ
  • 28 Июнь 2017

Шаҳар бағридаги бетакрор боғ

Элликқалъа тумани маркази — Бўстон шаҳридаги Амир Темур номидаги Ботаника боғи ҳудуд номига мос сўлим маскан. Боғ, айниқса,  кўклам пайти янада фусункор бўлиб кетади. Сабаби, уйғониш фаслида  ноёб наботот намуналари бор кўрку тароватини намоён эта бошлайди.

Умумий майдони 43 гектарга тенг бўлган боғнинг ўзига хос томони шундаки, унинг ҳудудида нафақат Оролбўйи минтақасида учрайдиган ўсимликлар дунёси ўрганилади, балки сайёрамизнинг турли нуқталаридан келтирилган дов-дарахтлар янги шароитга мослаштирилиб, иқлимлаштирилади. 

— Ҳозирги пайтда 500 турга яқин ана шундай ўсимликларни парваришлаяпмиз, — дейди ушбу боғ директори, биология фанлари номзоди Рустам Бобожонов. — Бунинг учун боғнинг йигирма беш гектарлик майдони ажратилган. Бу ерда, асосан, учта йўналиш, яъни дарахт ва буталар, ёпиқ шароитда ўсадиган тропик ҳамда субтропик, шунингдек, доривор ҳамда бўёқсимон ўсимликлар бўйича илмий ишлар олиб борилади. Бундан ташқари, шаҳар ва қишлоқлар, аҳоли яшаш пунктларини кўкаламзорлаштириш учун манзарали ҳамда мевали дарахт кўчатларини етказиб бераяпмиз. 

Таъкидлаш керакки, кейинги йилларда боғ инфратузилмаси такомиллаштирилиб, моддий-техника базаси мустаҳкамланмоқда. Унинг замонавий маъмурий биноси, оранжерея ва иссиқхона комплекси бунёд этилгани, янги лаборатория ишга туширилгани бунга мисол бўла олади. Яратиб берилаётган бундай шарт-шароитлар илмий тадқиқот ва селекция ишларини ривожлантириш, ўсимлик дунёси генофондини сақлаш ҳамда -бойитишга қаратилган фаолият кўлами кенгайишида муҳим омил бўлаётир.

Дарҳақиқат, жорий мавсумда ўсимликлар коллекцияси бир йиллик пакана гуллар билан бойитилди. Уларни кўча ва хонадонларни кўкаламзорлаштириш, ландшафт дизайнини яратишда кенг қўллаш мумкин. Ўтган йили хориждан келтирилган қурилишбоп теракларнинг 67 тури  Оролбўйи иқлимига тўлиқ  мослаштирилди. Улар -баравж ривожланиб, айни пайтда бўйи уч метрга етгани қувонарлидир. 

Эришилаётган бу каби ютуқлар боғ жамоасини ўсимликлар коллекциясини янги турлар билан бойитишга қаратилган ишлар кўламини янада кенгайтиришга руҳлантирмоқда. Шу мақсадда Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Хоразм вилоятидаги олий ва ўрта махсус таълим муассасалари билан яқин ҳамкорлик ўрнатилди. Бинобарин, бу ерда олимлар илмий тадқиқот олиб бориш, табиат шайдолари ҳамда ёшлар эса ўсимлик дунёси билан яқиндан танишиш имкониятига эгадирлар. 

Шу маънода, шаҳар бағридаги митти ўрмонни эслатадиган мазкур боғ нафақат ўзи жойлашган ҳудуд, балки Оролбўйи минтақаси табиатининг кўркамлигини сақлаш, уни камёб ўсимликлар билан бойитишга хизмат қилмоқда. 

Ҳидоят АҲМЕДОВ, 

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn