Касбий маҳорат ва бурч масъулияти
  • 28 Июнь 2017

Касбий маҳорат ва бурч масъулияти

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Академияси битирувчиларига диплом топшириш маросими бўлиб ўтди.

Мамлакатимизда аҳолининг тинч ва фаровон ҳаёт кечиришини таъминлаш, жиноятчилик ҳамда бошқа ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш, жамоат тартибини сақлашда ички ишлар органлари масъулиятини ошириш, соҳани малакали кадрлар билан таъминлашнинг илғор механизмларини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 10 апрелдаги “Ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони бу борада янги босқични бошлаб берди. 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларга мувофиқ, ҳаётга татбиқ этилган ушбу ҳужжатда ички ишлар органлари тизимини ислоҳ қилишнинг асосий йўналишлари ифодасини топган.

Хусусан, ички ишлар органларини аҳолига ўз вақтида ва сифатли ёрдам кўрсатадиган ижтимоий йўналтирилган профессионал хизматга айлантириш зарурлиги, халқ манфаатларига хизмат қилиш ҳар бир ходимнинг асосий хизмат бурчи экани қайд этилган. Шунингдек, аҳоли билан доимий манзилли мулоқот ўрнатиш, ички ишлар органлари раҳбарларининг ҳокимият вакиллик органи тимсолида халқ олдида ҳисобот бериш амалиётини жорий қилиш, соҳанинг моддий-техника базасини янада яхшилаш, кадрлар билан ишлаш, уларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг замон талабларига мос тизимини йўлга қўйиш каби устувор йўналишлар белгиланган. Айни пайтда ана шу вазифалар ижроси йўлида изчил саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда.

 

Малакали мутахассислар тайёрловчи маскан

Ички ишлар вазирлиги Академияси — тизим органлари учун кадрлар тайёрловчи энг йирик олий таълим муассасаси ҳисобланади. Унинг фаолияти бугунги давр талабларидан келиб чиққан ҳолда, тубдан такомиллаштирилиб, таълим жараёнига илғор метод ва технологиялар жорий этилаётир, моддий-техника базаси юксалаяпти. Ушбу масканда, шунингдек, ички ишлар органлари учун раҳбар кадрлар тайёрловчи олий академик курслар ва малака ошириш факультети ҳам фаолият юритаётир.

Мустақиллик йилларида мазкур таълим муассасасида 11 минг нафардан ортиқ олий юридик маълумотли мутахассислар, олий академик курсларда эса 700 дан зиёд раҳбар кадрлар тайёрланди. Малака ошириш факультетида ички ишлар органларининг 31 мингдан зиёд ходимлари қайта тайёрлаш ва малака оширишдан ўтди.

Бугун Академия илмий-педагогик салоҳиятини ташкил этаётган 31 нафар фан доктори, 52 нафар фан номзоди, жумладан, 16 нафар профессор ва 50 нафар доцент ўзларининг мазмунли дарслари ҳамда истиқлол йилларида тайёрлаб нашр эттирилган 2500 дан ортиқ турли илмий ва ўқув адабиётлари билан тингловчилар билими ва касбий маҳоратини мустаҳкамлашга салмоқли ҳисса қўшиб келмоқда.

 

Миллий кутубхона — Академияда

Академияда Инновацион педагогик технологиялар маркази, Таълим телевизион маркази, замонавий-коммуникация тизими билан жиҳозланган маъруза заллари, “Одам савдоси ва гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланишига қарши кураш” интерфаол ўқитиш маркази, Педагогик маҳорат мактаби ва яна кўплаб ўқув-методик хоналар ташкил этилган бўлиб, улар таълим жараёнига замонавий инновацион педагогик ҳамда ахборот технологияларини татбиқ этишга хизмат қилаяпти.

Билим ва чиниқиш маскани бой ахборот-ресурс марказига эга. Шу боис тингловчилар орасида китобхонлик маданияти жуда кенг шаклланган. Бу ерда умумий, махсус ва бадиий адабиётлардан иборат учта секция доимо ёшлар билан гавжум. Қолаверса, ахборот-ресурс марказида электрон кутубхона фаолияти ҳам йўлга қўйилган бўлиб, у курсантларга 13 мингга яқин турли адабиётлар, Ўзбекистон Республикасининг барча қонун ҳамда қонуности ҳуқуқий ҳужжатларидан фойдаланиш имконини беради. Яна шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Академия ахборот-ресурс маркази шу йилдан бошлаб, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасига ҳам онлайн тартибида уланди. Бу эса ушбу кутубхонадаги мавжуд адабиётлардан Академиянинг ўзидан туриб фойдаланиш имконини бермоқда.

 

Унутилмас кун

Ўтган ҳафта якунида ИИВ Академиясида навбатдаги битирув маросими бўлиб ўтди. Унда Олий Мажлис Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, турли вазирлик ва идоралар вакиллари, тингловчилар, устоз-мураббийлар, ота-оналар иштирок этди.

Тантанали тадбир Академиянинг қайта таъмирланиб, жиҳозланган саф майдонида кечди.

Академия бошлиғи, генерал-лейтенант Б. Матлюбов тадбирни очар экан, битирувчилар ушбу даргоҳда олган билим ва кўникмаларини юртимиз тинчлиги ҳамда осойишталигини сақлаш, жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва унга қарши курашиш, жамиятда барқарорликни таъминлаш йўлида сафарбар этишларига ишонч билдирди.

Тадбирда сўзга чиққан ички ишлар вазири, генерал-майор А. Азизов Академияда ўқиб, мутахассислик дипломи ва офицерлик унвонини олган малакали ёш кадрларни самимий табриклади ҳамда уларга юртимиз тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини ҳимоя қилиш, жиноятчиликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш каби ўта масъулиятли вазифаларни бажаришда муваффақият тилади.

Шундан сўнг битирувчиларга дипломлар тантанали равишда топширилди.

— Бугун ўғлим Улуғбекка мутахассислик ва лейтенантлик унвони дипломи топ-ширилганини катта ҳаяжон билан кузатдим, қалбимда чексиз қувонч, ғурур ҳиссини туйдим, — дейди Пастдарғом туманидан келган Рафоат Бегматова. — Унинг ушбу билим юртига ўқишга кириб, қасамёд қабул қилган куни кечагидек ёдимда. Энди ўғлим — офицер, билаги кучга, юраги шижоатга тўла. У ҳам сафдошлари сингари ҳақиқий Ватан ҳимоячиси бўлиб, юртимиз равнақи йўлида хизмат қилади.

Саф майдонидаги ҳар бир ҳаракат қалбларни тўлқинлантиради. Айниқса, тадбир ниҳоясида битирувчиларнинг мадҳиямизни оркестр жўрлигида баралла жонли овозда айтгани йиғилганларга ўзгача ҳаяжон бағишлагани, шубҳасиз.

— Ёшлигимдан шу касбга қизиққанман, — дейди битирувчи Акмалиддин Нўъмонзода. — Мактабни тамомлаб, ҳуқуқий йўналишдаги касб-ҳунар коллежида таҳсил олиб, аҳдим қатъийлашди. Шу боис Ички ишлар вазирлиги Академиясига ҳужжатларимни топширдим ва синовлардан муваффақиятли ўтиб, ўқишга кирдим. Чуқур билим эгалладик, жисмонан чиниқдик. Мана, бугун янада ҳаяжонли ва эсда қоларли кун шукуҳини ҳис этиб турибмиз. Ҳаммамизнинг ниятимиз битта: халқимиз, Президентимиз ишончини оқлаш, Ўзбекистонимиз тинчлиги ҳамда барқарорлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшиш. Бу шарафли йўлда бор куч, билим ва салоҳиятимизни ишга соламиз.

Маросимда қай бир битирувчи билан суҳбатлашмайлик, ана шундай самимий дил изҳорларини баён этишди. Зеро, давлатимиз раҳбарининг “Ички ишлар органлари шундай ишлаши керакки, токи халқ давлатдан рози бўлсин” деган эзгу сўзи соҳа ходимлари учун дастуриламалдир.

Омонулла ФАЙЗИЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Ҳасан ПАЙДОЕВ 

олган суратлар.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn