Гиёҳвандлик воситалари йўқ қилинди
  • 27 Июнь 2017

Гиёҳвандлик воситалари йўқ қилинди

Бугун гиёҳвандликнинг хатарли оқибатлари ҳақида билмайдиган киши йўқ, десак, муболаға бўлмайди. Мазкур иллат туфайли инсон ҳаёти издан чиқади, жамиятлар инқирозга учрайди. Шу боис ҳам жаҳон миқёсида, жумладан, мамлакатимизда гиёҳвандлик ва гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланишига қарши кураш ишлари изчил олиб борилмоқда. “Гиёҳвандликка қарши кураш ойлиги” доирасида жойларда ўтказилаётган учрашув, мулоқот ҳамда маънавият кечалари мисолида ҳам буни кўриш мумкин.

Кеча пойтахтимизда ушбу ойлик ва “26 июнь — Халқаро наркотик моддаларни суиистеъмол қилиш ва уларнинг ноқонуний айланишига қарши кураш куни” муносабати билан Миллий хавфсизлик хизмати ҳамда  ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органлар томонидан наркобизнесга қарши кураш давомида мусодара этилган гиёҳвандлик воситаларининг навбатдаги тўпламини йўқ қилиш тадбири ўтказилди. Унда тегишли идоралар, халқаро ташкилотлар, дипломатик корпус, жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Эътироф этилганидек, Ўзбекистон мустақилликнинг илк йиллариданоқ наркобизнесга қарши кураш йўлида барча зарурий чораларни кўриб келаётир. Хусусан, юртимиз БМТнинг гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар ноқонуний муомаласига қарши кураш тўғрисидаги конвенцияларини ратификация қилган бўлиб, бу борадаги мажбуриятини тўла бажариб келаяпти. Шуларга мос равишда 1999 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида”ги  Қонуни мазкур йўналишдаги саъй-ҳаракатларни кучайтиришда муҳим ўрин тутмоқда. Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 12 ноябрдаги қарори билан гиёҳвандлик воситалари рўйхатига қўшимча 80 турдаги янги гиёҳвандлик воситалари киритилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил маркази маълумотига кўра, ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ўтган йили 6 минг 646 та наркожиноят фош этилган.

— Гиёҳвандлик жамият тараққиётига соя ташлайдиган хавфли иллатдир, — дейди Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати матбуот маркази катта ходими Лола Юлчибаева. — Шу сабабли ҳам мамлакатимизда унга қарши беаёв кураш олиб борилмоқда. Буни ҳар йили катта миқдордаги гиёҳвандлик воситаларини ёқиш тадбири ўтказиб келинаётгани ҳам тасдиқлайди. Бу галги тадбирга идоралараро комиссия томонидан 2 тонна 4,5 кг. гиёҳвандлик воситалари, жумладан, 22 кг. героин, бир тонна 154 кг. опий, 101 кг. гашиш, 384 кг. марихуана, 337 кг. кўкнори, 170 гр.дан зиёд янги турдаги психофаол воситалар (спайс ва бошқалар) ҳамда катта миқдордаги кўкнори хашаги, наша ва психотроп моддалар ёқиш учун тақдим этилди. Улар халқаро ташкилотлар ва кенг жамоатчилик гувоҳлигида печларда куйдирилди. Айтиш керакки, мамлакатимизда 1994 йилдан буён 57 тонна 443 кг. наркотик моддалар йўқ қилинган. Шунинг ўзиёқ Ўзбекистоннинг ушбу йўналишдаги позицияси нечоғли мустаҳкам эканини ифодалайди.

Тадбир доирасида мавзу юзасидан тайёрланган ижтимоий роликлар танлови ғолибларини тақдирлаш маросими ҳам бўлиб ўтди.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn