Асрлар қаъридан сабоқ
  • 27 Июнь 2017

Асрлар қаъридан сабоқ

Кеча пойтахтимизда “Узоқ ўтмишдан мактублар: таълим, маърифат, тинчлик ва бунёдкорлик, ўзбек халқининг абадий қадриятлари сифатида” мавзуидаги халқаро медиа--анжуман бўлиб ўтди.

Қадимги Ўзбекистон ўлкасининг бой тарихий, илмий ва маънавий мулкини ҳар томонлама тадқиқ қилиш, уни жаҳон ҳамжамияти ўртасида кенг тарғиб этиш, ислом динининг асл мазмун-моҳияти илм ўрганиш ва маърифатга интилиш эканини чуқур очиб бериш ва асраб-авайлаш мақсадига қаратилган мазкур тадбир Ўзбекистон электрон -оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, “Тараққиёт стратегияси” маркази, Фанлар академияси, ЮНЕСКОнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси томонидан ташкил этилди. 

Таъкидлаш жоизки, ушбу анжуман Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар ижросига қаратилгани билан ҳам ўзига хос аҳамиятга эга. Зеро, ана шу ҳужжатда халқимизнинг бой ўтмиши, маданий меросини чуқур ўрганиш ва асраб-авайлашга алоҳида эътибор қаратилган. 

Медиа анжуманда “Ўзбекистон обидаларидаги битиклар” туркумига киритилган 13-жилд, яъни Тошкент вилоятига бағишланган китоб-альбом тақдимоти бўлиб ўтди. Мазкур китоб вилоятдаги Занги ота меъморий мажмуаси ва бир қанча осориатиқалардаги битикларга бағишланган.

“Ўзбекистон обидаларидаги битиклар” лойиҳаси доирасида ҳукумат ва жамоат ташкилотлари кўмагида мамлакатимиздаги меъморчилик обидаларидаги битикларни ўрганиш ва умумлаштириш, туркум китоб-альбомлар кўринишида тақдим этиш бўйича кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда. Мазкур вазифани бажариш учун Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги қадимий меъморий обидалардаги эпиграфик матнларни ўқиш ҳамда уларни таржима қилиш бўйича бой тажрибага эга мутахассислар жалб этилган. Бунинг натижасида шу пайтгача 12 та китоб-альбом нашр қилинди. 

Тадбирнинг муҳим воқеаси сифатида “Ўзбекистон обидаларидаги битиклар” лойиҳасининг 3250 дона китоб-альбомини ўз ичига олган 250 та тўпламни илмий-таълим муассасалари, миллий ва жаҳон кутубхоналари ҳамда музейлар вакиллари, дипломатик миссиялар раҳбарларига ҳадя сифатида тақдим этишга бағишланган илмий-маърифий акция ўтказилди.

Мақсуд ЖОНИХОНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn