Ўзбекистон —  хушкайфият инсонлар мамлакати
  • 27 Июнь 2017

Ўзбекистон —  хушкайфият инсонлар мамлакати

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг фармонлари асосида бир гуруҳ юртдошларимиз Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинди. Уларга фуқаролик паспортларини тантанали равишда топширишга бағишлаб жойларда ўтказилган маросимларда қатнашганимизда “Ўзбекистон фуқароси бўлиш — катта бахт”, “Кўп йиллик орзуим рўёбга чиқди”, “Мен бу кунни узоқ кутгандим” каби самимий дил сўзлари бот-бот янгради.

Ватанимизнинг тўлақонли аъзосига айланганидан кўзлари севинч ёшларига тўлган кексаю ёшнинг ўша лаҳзадаги ҳаяжони, қувончини таърифлаш мушкул. Бу онлар жуда кўп нарсани англатади, аслида. Улар узоқ йиллар шу табаррук заминда яшаб, унинг нон-тузини еб, одамларимизнинг эъзозу эътиборини юракдан ҳис этганлари учун ҳам бу ерга боғланиб қолишган, оила қурганлар, ўз бахтларини топганлар...

Дарҳақиқат, бу шундай улуғ маконки, унга меҳр қўймасдан,  ардоқламасдан бўлмайди. Бу шундай тарихи буюк, маданияти юксак, гўзал ва чароғон манзилки, унга бутун борлиғингни бахшида этсанг арзийди. Мамлакатимизда истиқомат қилаётган турли миллат ва элат вакиллари, турли ёш тоифалари, қўйингки, исталган кишига “Сиз ўзингизни бахтиёр ҳис этасизми?” мазмунидаги савол билан мурожаат қилинса, “Шак--шубҳасиз, тинч ва осойишта, фаровон, инсон манфаатлари ҳамма нурсадан устун турадиган жамиятда яшаяпмиз, орзу-умидларимиз рўёбини кўрмоқдамиз. Бу, албатта, катта бахт”, деган жавоб олиниши муқаррар.

Бинобарин, қатор нуфузли халқаро ташкилотлар, тадқиқот институтлари томонидан эълон қилинаётган рейтинглар натижалари ҳам Ўзбекистонда адолатли, халқпарвар, оқилона сиёсат юритилаётганини, фуқароларнинг турмуш даражаси юксалиб, ҳаётдан мамнунлиги тобора ортиб бораётганини кўрсатмоқда. Яқинда АҚШнинг нуфузли “Гэллап” тадқиқот ташкилоти томонидан эълон қилинган хушкайфиятлилик индексида Ўзбекистон 142 давлат орасида 3-ўринни, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари ўртасида эса 1-поғонани эгаллади.

Индекс 2016 йил якунлари бўйича 142 мамлакатнинг ҳар биридан минг кишидан иштирок этган турли ёш тоифалари ўртасида ўтказилган сўров асосида тузилган бўлиб, аҳоли кайфияти, ҳаёти ва турмушидан мамнунлиги қиёсий таҳлил қилинган. Ўзбекистоннинг юқори ўринларда қайд этилгани халқимизнинг барча соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаётгани, эртанги кунга бўлган ишончи мустаҳкамланаётгани, жамият ҳаётида ўз ўрнини топганлиги, юртимизда қулай яшаш муҳити ҳукм сураётгани, буларнинг барчаси, ўз навбатида, одамлар кайфиятини кўтараётгани, уларда ҳаётидан розилик ҳисси жўш ураётганини яққол тасдиқлайди.

Шавкат ОРТИҚОВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Ҳалокатга элтувчи йўл Асрлар қаъридан сабоқ »