Ҳалокатга элтувчи йўл
  • 27 Июнь 2017

Ҳалокатга элтувчи йўл

“Бекор ўтиргандик, танишимиз келиб татиб кўришни таклиф қилди...”, “Ҳамма қатори мен ҳам татиб кўрдим”. Бу гиёҳвандлик моддаларига ружу қўйганларнинг аксарияти “Биринчи марта қачон наркотик истеъмол қилгансиз?” деган саволга берадиган асосий жавоби ҳисобланади. Гўёки оддий кўринган бу вазиятга ҳар бир киши тушиб қолиши мумкин. Муаммо шундаки, “бир марта татиб кўриш ҳеч нарса қилмайди” қабилида иш тутишнинг охири вой бўлади. 

Бу ҳар кунлик азоб-уқубатга, умрнинг завол бўлишига олиб келади.

Бунинг устига, шу дарддан азият чекувчиларнинг тан олишича, секин-аста сўлиб бориш билан бирга, одамда ҳафсаласи пир бўлиш, даҳшатли умидсизлик ҳам кузатилади. Негаки, “ўта замонавий” қўшиқ ва фильмларда, ашаддий ишқибозлар ёзган китобларда ваъда қилинганидек, янги уфқларни кашф этиш, онг ўсиши, шахс камолоти ўрнига инсон, аксинча — энг оддий, кундалик ҳаётий қизиқишларини ҳам йўқотади. У фақат ўзига дард орттиради, холос. Бу дарднинг оғирлигини эса олимлар бедаво дардга қиёслашади. Ихтисослаштирилган оммавий ахборот воситаларидан бирида шундай фикр қайд этилган: гиёҳвандлик дунёсининг эшигини очиш қизиқарли, аммо бу эшик тор ҳужрага кириб қолган янги қурбон ортидан ўша заҳоти ёпилади.  

БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси ҳисоб-китобига кўра, дунёда вояга етган ҳар йигирманчи киши гиёҳвандлик моддаси истеъмол қилади. Уларнинг 29 миллион нафардан ортиғи ушбу иллатнинг оғир оқибатларидан азият чекаётган бўлса, ҳар йили 200 минг нафардан зиёд кишилар нобуд бўлаяпти. Гиёҳвандлик моддалари таъсирида ёки ушбу оғуни сотиб олиш йўлида жиноятга қўл ураётганлар сони ҳам кўпчиликни ташкил қилади.

 

Оғу манбаи яқин

Заҳри қотил бўлмиш опиат, ўз ҳажмига кўра, бугун гиёҳвандлик моддалари бозорининг катта қисмини эгаллаган. БМТ экспертлари таҳлилларига кўра, курраи -заминимизда 12 миллион киши уларни инъекция тарзида истеъмол қилишади. Дунёда ноқонуний кўкнорининг учдан икки қисми жанубда жойлашган қўшнимиз — Афғонистон майдонларида етиштирилмоқда.

2015 йилда бир қатор сабаблар туфайли ушбу мамлакатда кўкнори майдонлари ҳажми 183 минг гектарга камайди. Бу эса, экспертларнинг фикрича, халқаро бозорда героиннинг маълум даражада танқислигига олиб келди. Натижада хом ашё нархи кескин кўтарилди. 

2016 йилда эса Афғонистонда оғу етиштириш майдонлари 201 минг гектарга етди. Бу плантацияларда 4800 тонна опий етиштирилди. 

Бу қабиҳлик хом ашё тайёрлаш билан тўхтамайди. Наркобаронлар олдида яна бир муҳим вазифа, яъни ажал оғусини ўз истеъмолчиларига етказиб бериш турибди. Бунда улар Ўзбекистонни “шимолий йўналиш” юк ўтказиш ҳудуди сифатида фойдаланишга интилишмоқда. Мамлакатимиз ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари бунга жиддий қаршилик кўрсатаётир. Улар гиёҳвандлик моддалари транзит каналларини йўқ қилиш, давлат ичида заҳри қотилнинг ноқонуний айланиши, уюшган жиноятчилик гуруҳларига қарши бутун саъй-ҳаракатини йўналтираяпти.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил маркази маълумотларига кўра, ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан амалга оширилган ишлар натижасида ўтган йили 6646 та наркожиноят фош қилинди. Улардан 2798 таси наркотик моддаларни ўтказиш-сотиш, 645 таси контрабанда, 1482 таси гиёҳвандлик ўсимликларини ноқонуний етиштириш, 145 таси бангихоналар ташкил қилиш, 1576 таси бошқа жиноятлар билан боғлиқдир. 

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари 2016 йилда 3,5 минг тоннадан ортиқ наркотик моддаларни мусодара қилишди. Бу ўтган йилдагига қараганда бир тонна кўпдир. Улар орасида бир центнердан ортиқ героин, икки ярим центнер гашиш, қарийб бир ярим тонна опий, деярли 900 килограммдан марихуана ва кўкнори ҳамда ярим килограммдан зиёд спайс моддаси бор эди.

 

Қинғир ишнинг қийиғи...

Афғонистонда етиштирилган гиёҳвандлик моддалари мамлакатимизга Тожикистон, Қирғизистон ҳамда бевосита Афғонистон орқали кириб келади. Жанубда уларни Сурхондарё вилоятига Амударё орқали, жануби-шарқий ҳудудларда эса Самарқанд ва Сирдарё вилоятларига тоғ ҳамда чўллардаги сўқмоқ йўллар билан, шимоли-шарқий ҳудудларда эса транспорт ва транзит йўналишлари орқали Фарғона водийсига ҳамда Тошкент вилоятига етказиб беришга уринишлар кузатилмоқда.

Биргина мисол. Жорий йилнинг февраль ойида Сурхондарё вилоятининг Термиз туманида гашиш наркотик моддаси контрабандаси ва ўтказиш-сотиш билан шуғулланаётган жиноий гуруҳ қўлга олинди. Гуруҳ аъзоларидан бирининг уйидан 15,5 килограмм заҳри қотил топилди.

Гиёҳвандлик моддалари контрабандаси билан чет эл фуқаролари шуғулланиши ҳолатлари ҳам тез-тез учраб турибди. Ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан 110 нафар чет эл фуқароси 340 килограмм наркотик воситалар, қарийб 2,5 мингта психотроп таблеткалар билан қўлга олинди.

 

Ёшлар — соғлом турмуш тарзи тарафдори

Фақатгина ҳуқуқ-тартибот органлари кучи билан ушбу иллатга қарши самарали курашиб бўлмайди. Айниқса, Афғонистон муаммосини ҳисобга оладиган бўлсак, бу янада мушкул вазифага айланади. Муқим ишга, барқарор ойлик-маошга эга бўлмаслик ҳам одамларни кўкнори экишга ундамоқда. БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси Афғонистон иқтисодиётида ноқонуний гиёҳвандлик воситалари улуши йилига 2,8 миллиард долларни ташкил этишини маълум қилган. Бу қўшни мам-лакат ялпи ички маҳсулотининг 13 фоизига тенгдир.

Ўз навбатида, Ўзбекистон гиёҳвандлик моддаларининг тарқалиши ҳамда наркотик воситалар устидан назоратни мустаҳкамлаш соҳасида ўз зиммасига олган халқаро мажбуриятларини изчил бажариб келаётганини алоҳида қайд этиш жоиз. Наркотик вазият тўғрисида БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси, ЕХҲТ, ШҲТ, Марказий Осиё ва Россия Федерацияси мувофиқлаштирувчи тузилмалари билан ахборот материаллари алмашинуви изчил амалга оширилмоқда. 

Пойтахтимизда ҳамда жойларда наркологик хизматлар мутахассислари фаол иш олиб бораётир. Улар гиёҳвандларни даволашда иштирок этибгина қолмасдан, таълим муассасаларида, меҳнат жамоаларида маърузалар ўқишмоқда, семинарлар ўтказишаяпти. Охирги маълумотларга кўра, гиёҳвандликка чалинганлар сони камайишига эришилди. -Унга ружу қўйганлар орасида, айниқса, ёшлар улуши камайиб бораётгани қувонарли ҳолдир. Экспертларнинг фикрича, бу мамлакатимизда ёшлар ва ўсмирлар ўртасида гиёҳвандликка қарши курашиш борасида олиб борилаётган тарғибот-тушунтириш ишларининг ижобий самара бераётганидан далолатдир.

Р. КЕНЖАЕВ тайёрлади.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn