Маҳалла — халқчил институт
  • 23 Июнь 2017

Маҳалла — халқчил институт

Истиқлол туфайли маҳалла институти халқчил тузилма сифатида шаклланиб, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда фаол қатнашмоқда ва ҳаётимиздан мустаҳкам ўрин эгалламоқда. Бу борадаги саъй-ҳаракатларга давлатимиз раҳбарининг шу йил 3 февралдаги “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони янгича куч бағишлади. Зеро, мазкур ҳужжатда маҳалла институтини янада ривожлантириш билан боғлиқ бир қатор долзарб вазифалар белгилаб берилган бўлиб, айни чоғда унинг ижроси юзасидан кенг қамровли ишлар рўёбга чиқарилаётир.

Аввало, Фармон асосида Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгашига юридик шахс мақоми берилганини айтиш зарур. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ҳамда шаҳарлар кенгашлари Республика кенгашининг таркибий тузилмалари сифатида ташкил этилиши ҳам кўзда тутилган.

Республика кенгашида ташкилий ишлар ва услубий масалалар бўйича раис ўринбосари ҳамда Республика кенгаши ва ҳудудий кенгашларда ёшлар ишлари, диний-маърифий масалалар, кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича раис ўринбосарлари лавозимлари, фуқаролар йиғинларида эса жамоатчилик асосида фаолият юритадиган маҳалла фуқаролар йиғини раиси ўринбосари — ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчи лавозими жорий этилди. Бу эса ёшларни она-Ватанга муҳаббат, халқимизнинг кўп асрлик анъаналарига ҳурмат руҳида тарбиялаш ҳамда маҳаллаларда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, кекса авлод вакилларининг ижтимоий фаоллигини оширишда муҳим ўрин тутади.

Айни чоғда фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг маҳаллий аҳамиятга молик масалаларни изчил ҳал қилишдаги ролини янада ошириш, фуқаролар йиғинларининг муштарак манфаатларини ифода этадиган уюшмага бирлашиш ҳуқуқларини рўёбга чиқариш, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ҳамда давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлигини янада ривожлантиришга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар ҳам белгилаб берилган.

Хусусан, ушбу Фармон билан тасдиқланган Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини янада такомиллаштиришга доир комплекс чора-тадбирлар дастурига биноан, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича ҳудудий кенгашларнинг ташкилий йиғилишлари ва Республика йиғилишини ўтказиш белгиланган. Республика кенгаши ва ҳудудий кенгашлар коллегиал органлари таркибига давлат ҳокимияти вакиллик органлари аъзолари, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, “Нуроний” жамғармаси, Хотин-қизлар қўмитаси ҳамда бошқа давлат ва нодавлат ташкилотлари раҳбар ходимларини жамоатчилик асосида киритиш назарда тутилган.

Ана шу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг март ойида республикамизнинг туман ва шаҳарларида, май — июнь ойларида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашларининг ташкилий йиғилишлари юқори савияда ўтказилди.

Эътиборлиси, уларда 38 минг нафардан зиёд фаоллар, шу жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари ҳамда уларнинг ўринбосарлари, 30 минг нафарга яқин фуқаролар йиғинлари ходимлари иштирок этди.

Таъкидлаш жоизки, мазкур тадбирларда Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича кенгашларнинг таркиби тасдиқланди. Кенгашлар раислари лавозимига тегишинча туман (шаҳар)лар ва вилоятлар ҳокимлари, уларнинг биринчи ўринбосарлари ҳамда ёшлар ишлари, диний-маърифий масалалар, кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича ўринбосарлари, кенгашлар котиблари лавозимларига энг муносиб номзодлар тасдиқланди.

Бундан ташқари, кенгашларнинг намунавий низомлари муҳокама этилди, Республика кенгаши таъсис конференциясида иштирок этиш учун туман ва шаҳарлардан ишончли вакиллар белгиланди, Республика кенгаши конференциясида қатнашиш учун делегатлар сайланди.

Шу билан бирга, маҳаллаларда ва оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш ҳамда улар натижасида аниқланган муаммолар мутасадди ташкилотлар томонидан бартараф этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишга кўмаклашиш ва аҳоли билан мулоқотлар ўтказиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича ҳудудий кенгашлар қошида жамоатчилик назорати гуруҳлари ташкил этилди.

Ҳозирги пайтда жамоатчилик назорати гуруҳлари томонидан маҳаллалар ва оилалар, айниқса, эҳтиёжманд оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш, ҳудудлардаги ижтимоий соҳа объектларининг аҳолига хизмат кўрсатиш билан боғлиқ фаолиятини мониторинг қилиш, аниқланган ижтимоий муаммоларнинг келиб чиқиш сабаблари ва шарт-шароитларини ўрганиш ҳамда уларни бартараф этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш, муаммоларнинг ваколатли давлат органлари ва жамоат ташкилотлари томонидан бартараф этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишни тизимли равишда йўлга қўйиш борасида муайян ишлар олиб борилмоқда.

Айни пайтда ушбу йўналишда жойларда фуқаролар йиғинлари кенгашлари аъзоларига услубий-амалий ёрдам кўрсатилаётир. Маҳаллаларда жамоатчилик назоратини амалга ошириш бўйича масъуллар (фуқаролар йиғинлари кенгашлари аъзолари ва ҳудудга бириктирилган давлат ҳамда жамоат ташкилотлари вакиллари)нинг рўйхатлари шакллантирилиб, уларнинг исм-шарифи, лавозими, телефон рақами кўрсатилган ҳолда, фуқаролар йиғинлари биноларида, аҳолининг танишиб чиқиши учун қулай жойлардаги ахборот пешлавҳаларига жойлаштирилди.

Эътиборлиси, ўрганишлар чоғида аниқланган ижтимоий муаммоларни ҳал этиш бўйича 3 ойга мўлжалланган ҳудудий дастурларни, ҳар бир шаҳар ва туман кесимида ижтимоий-иқтисодий ҳолати оғир маҳаллаларни 2017 йил давомида комплекс ривожлантиришнинг “Йўл харитаси — дастури”ни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, улар ижросини Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича ҳудудий кенгашлар йиғилишларида мунтазам муҳокама қилиб бориш тизими жорий этилди.

— Фаолиятимизни ривожлантиришда ҳамкорлик ҳал қилувчи аҳамиятга эга, — дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқаруви раиси ўринбосари З. Рўзиев. — Шу боисдан Фармон ижросини таъминлаш доирасида кенгашлар таркибига давлат ҳокимияти вакиллик органлари, вазирликлар, “Камолот” ЁИҲ, “Нуроний” жамғармаси, Хотин-қизлар қўмитаси, бошқа давлат ва нодавлат ташкилотлари ҳамда уларнинг ҳудудий тузилмалари раҳбар ходимлари жамоатчилик асосида киритилди. Бундан ташқари, фуқаролар йиғинлари кенгашлари таркибига фуқаролар йиғини раиси ўринбосарлари, профилактика инспекторлари, таълим муассасалари ва қишлоқ врачлик пунктлари (оилавий поликлиникалар) раҳбарлари жалб этилди. Бу эса маҳаллалар фаолиятининг самарали бўлиши, муҳими, уларнинг янада халқчил идора сифатида -шаклланишида аҳамият касб этади.

Шу йилнинг 28 июнида Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгашининг таъсис конференциясини ўтказиш режалаштирилган бўлиб, унда ҳудудлардан кўрсатилган 300 нафардан зиёд делегатларнинг қатнашиши кутилмоқда. 

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича ҳудудий кенгашлар аъзоларига конференция жараёнларини кузатиш имкониятини яратиш мақсадида тадбирни видеоконференцалоқа тизимида ўтказиш мўлжалланмоқда.

Тадбирда Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгашини тузиш, аъзоларини тасдиқлаш, кенгашнинг устави ва рамзи лойиҳаларини муҳокама қилиш, кенгаш раиси ўринбосарлари ва котибини, бошқарувини ҳамда тафтиш комиссияси раиси ва аъзоларини сайлаш каби ташкилий масалалар кўриб чиқилади.

Жойларда ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш борасида жамоатчилик назорати тизимини жорий этишга услубий кўмаклашиш бўйича Республика кенгаши қошида жамоатчилик назорати гуруҳини ташкил этиш масаласини кўриб чиқиш ҳам режалаштирилмоқда.

Тадбирда Фармондан келиб чиқадиган бошқа долзарб вазифалар ҳам муҳокама этилади.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn