Муаммоларни ҳал этишнинг самарали омили
  • 23 Июнь 2017

Муаммоларни ҳал этишнинг самарали омили

Аҳолини ўйлантираётган масалалар, йиллар давомида сарсону оворагарчиликларга сабаб бўлаётган муаммоларга адолатли ечим топиш, фуқароларнинг давлатга бўлган ишончини мустаҳкамлаш мамлакатимизда Ҳаракатлар стратегияси доирасида  амалга оширилаётган ислоҳотларнинг туб негизини ташкил қилади.

Шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати томонидан ўтказилаётган сайёр қабуллар ҳам ана шундай эзгу мақсадли саъй-ҳаракатлар сирасига киради.

Жумладан, М. Ломоносов номидаги Москва давлат университетининг Тошкент шаҳар филиалида бўлиб ўтган сайёр қабулда пойтахт аҳолисининг уй-жой, коммунал, ободонлаштириш, қишки мавсумга тайёргарлик ва бандлик масалаларига оид мурожаатлари кўриб чиқилди. Унда Молия, Бандлик ва меҳнат муносабатлари, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирликлари, Марказий банк, Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш, “Ергеодезкадастр”, Автомобиль йўллари, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмиталари, Хотин-қизлар қўмитаси, “Ўзтрансгаз” акциядорлик компанияси, “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамияти, Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди раҳбарлари, Тошкент шаҳри ва туманлар ҳокимлари одамлар билан юзма-юз учрашиб, уларнинг муаммоларини қонун доирасида ҳал қилиш чораларини кўрдилар.

— Тўрт ўғлим бор, — дейди Сергели туманидан Шоҳида Юлдошева. — Иккитасини уйлантирганмиз. Табиийки, оиламиз кенгайиб, қўшимча тураржойга эҳтиёж пайдо бўлди. Шу йилнинг 7 май куни Президентимизнинг Тошкент шаҳридаги Халқ қабулхонасига уй-жой қуриш учун ер ажратилишини сўраб, мурожаат қилган эдим. Мана, орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, бизга туманимиз ҳудудидан беш сотих ер ажратилишини маълум қилиб, ҳужжатлар тайёрланди. Оиламиз билан ерни бориб кўрдик. Маъқул бўлди. Оддий одамларнинг катта-кичик муаммолари давлат эътиборида эканлигидан мамнунмиз, албатта.

Дарҳақиқат, айни пайтда республикамизнинг барча ҳудудида фаолият юритаётган Халқ қабулхоналари чин маънода аҳолига кўмакдош бўлмоқда. Ушбу қабулхоналар одамлар дуч келаётган турли масалаларни қисқа фурсатда ҳал этишнинг самарадор тузилмасига айланаяпти. Бунга мисол тариқасида шу йилнинг 16 июнь санасига қадар Президентимизнинг Тошкент шаҳри ва туманлардаги Халқ қабулхоналарига жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган 10 минг 46 та мурожаатнинг 88,5 фоизи кўриб чиқилгани ва қолганлари ижроси ҳам назоратда эканини келтириш мумкин.

Аҳамиятлиси, ушбу мурожаатларнинг 1 минг 780 дан ортиғи уй-жой, 1 минг 140 га яқини қурилиш ва коммунал соҳаларига тааллуқлидир.

Очиқ, шаффоф руҳда ўтган сайёр қабулда айни соҳа вакиллари, мутасадди раҳбарлар наинки одамларнинг муаммоларини ҳал этиш чораларини кўришди, балки ўз фаолиятларини давр талабларига мос равишда такомиллаштириш учун биринчи галда халққа яқин бўлиш ва халқни рози қилиш мезонларига таяниш зарурлигини яна бир бор чуқур ҳис этдилар.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn