Барқарорлик пойдевори
  • 23 Июнь 2017

Барқарорлик пойдевори

Ер юзида нуфусининг сони бир неча юз нафардан тортиб, бир неча юз миллион кишини ташкил этадиган 1 минг 600 дан ортиқ миллатлар ва элатлар истиқомат қилади. Дунёнинг бойлиги, қадриятларнинг турфа ранглиги, жозибаси ана шу хилма-хилликдадир. Аммо ҳозирги замонда инсониятни ташвишга солаётган, таҳлика ҳамда зиддиятларга, қонли тўқнашувларга сабаб бўлаётган муаммолардан бири ҳам миллатлараро муносабатларга бориб тақалади.

Дунёда яшаётган миллат ва элатларнинг аксарияти ўз миллий давлатчилигига эга эмас. Харитада атиги икки юзга яқин давлат борлиги — бунинг яққол далили. 130 дан зиёд миллатлар ҳамда элатлар вакиллари бир оила фарзандларидек тотувликда, ҳамжиҳатликда яшаётган Ўзбекистон тинчликпарварлик ва бағрикенгликка асосланган оқилона сиёсати, аниқ стратегик мақсадлар сари собитқадам интилиши, ижтимоий адолат ҳамда инсонпарварлик тамойилларига содиқлиги билан бу давлатлар орасида тобора ўз мавқеи ва нуфузини мустаҳкамламоқда. Президентимиз ташаббуси билан қабул қилинган ҳамда амалиётга изчил татбиқ этилаётган 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси мамлакатимизда ана шу мезонлар асосига қурилган ислоҳотларга янада жадал суръат бағишлаяпти. Буни бугун жаҳон жамоатчилиги катта қизиқиш билан эътироф этаётир.

Истиқболнинг пухта ва самарали тузилмасини ўзида ифода этган ушбу дастуриламал ҳужжатда хавфсизлик, диний бағрикенглик ҳамда миллатлараро тотувликни таъминлаш соҳасидаги устувор йўналишлар белгилаб берилган. Давлатимиз раҳбарининг шу йил 19 майдаги “Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони айни соҳадаги ислоҳотларни яна бир ривожланиш босқичига олиб чиқиши билан алоҳида аҳамият касб этади. Унда кўзда тутилган мақсад ҳамда вазифалар фуқароларнинг ирқи, миллати, тили, эътиқоди, шахси ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, қонун олдида тенглиги, турли миллат ҳамда элатлар вакилларининг тили, урф-одатлари ва анъаналарини ҳурмат қилиш, уларни ривожлантириш учун зарур шарт-шароитларни яратиш билан боғлиқ конституциявий принципларга асосланади.

Фармон асосида Республика байналмилал маданият маркази ҳамда Ўзбекистон хорижий мамлакатлар билан дўстлик ва маданий-маърифий алоқалар жамиятлари кенгаши негизида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ташкил этилди. Қўмита зиммасига жамиятда миллатлараро тотувлик ҳамда бағрикенгликни таъминлаш, мамлакат ҳаётининг барча соҳасида эришилган муваффақиятларни кенг тарғиб қилиш, халқаро ҳамжамият, шу жумладан, чет элдаги ҳамюртларимиз диаспораси билан дўстликни мустаҳкамлашга доир давлат сиёсатини изчил амалга ошириш вазифаси юклатилди. Шу билан бирга, ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат, тарих, маданият, миллий анъана ҳамда урф-одатларни асраб-авайлаш руҳида тарбиялашга эътибор қаратилади. Бунинг замирида миллатчилик ва экстремизм ақидаларига қарши мафкуравий иммунитетга эга, мустақиллик ғояларига содиқ, Ўзбекистон манфаатларини ҳимоя қиладиган ҳамда илгари сурадиган баркамол авлодни вояга етказиш мақсади мужассам.

Муҳими, миллатлараро шаффоф муносабатларнинг барқарорлиги сақланиб қолади. Бу эса бебаҳо неъмат — тинч ва осуда ҳаётимизни асраш, жамиятимиз равнақига дахл қиладиган ҳар қандай ташқи таҳдид ҳамда таъсирларнинг олдини олиш, умуман, миллий тараққиётимиз бардавомлигининг негизидир.

Тошпўлат МАТИБАЕВ,

халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn