Олдини олган афзал
  • 22 Июнь 2017

Олдини олган афзал

“Ёнғинлар профилактикаси куни”да Навоий вилоятидаги фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари, корхона ва ташкилотлар ҳамда таълим муассасаларида ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этиш, унинг олдини олиш ва бартараф қилиш, маиший рўзғор буюмларидан эҳтиёткорлик билан фойдаланишга бағишланган тадбирлар ўтказилди.

Улар доирасида ўтган давр мобайнида содир бўлган ёнғинларнинг сабаб-оқибатлари кенг таҳлил этилди.

Хусусан, Навбаҳор туманида фуқаронинг тандир қиздиришда бензиндан фойдаланиши туфайли кучли ёнғин келиб чиққан, оқибатда унинг қўл ҳамда юз қисми 20 фоиз куйиш жароҳатини олган. Кармана туманида эса носоз газ плитасидан фойдаланиш натижасида ана шундай кўнгилсизлик рўй берди.

— Шу икки ҳолат жойларда ўтказилган тадбирларда муҳокама этилиб, оловдан ҳар доим эҳтиёткорлик билан фойдаланиш зарурлигига эътибор қаратилди, — дейди вилоят ИИБ ЁХБ ходими Дилафрўз Турсунова. — Айни чоғда ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилмасликнинг оқибатлари хусусида ҳикоя қилувчи видеолавҳалар намойиш этилди.

Нурота туманилик фуқаро маиший чиқиндиларни ўз ҳовлисида ёқиши оқибатида молхонаси ва унда сақланаётган қурилиш материаллари куйиб кулга айланган. Албатта, бу ҳолатларнинг барчаси фуқароларга моддий зарар билан бирга, жисмоний ҳамда руҳий жароҳат ҳам етказганлиги табиий ҳол. Шу боис профилактика куни муносабати билан вилоятдаги маҳаллалар, меҳнат жамоаларида уюштирилган тадбирларда уй-рўзғор жиҳозларини мунтазам профилактик кўрикдан ўтказиш, маиший чиқиндиларни ёқишга йўл қўймаслик юзасидан кенг тушунтиришлар берилди.

Республикамиз бўйлаб “Чоршанба — ёнғинлар профилактикаси куни” тадбирлари юқори савияда бўлиб ўтди.

Темур ЭШБОЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn