Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда муҳим босқич
  • 21 Июнь 2017

Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда муҳим босқич

Кеча Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг навбатдан ташқари қурултойи бўлиб ўтди. 

Кун тартибига Президентимизнинг “Бизнеснинг қонуний манфаатлари давлат томонидан муҳофаза қилиниши ва тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси фаолиятини ташкил этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг мазмун-моҳияти, мазкур ҳужжатлардан келиб чиқиб, ушбу нодавлат нотижорат ташкилотининг Уставига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш масалалари қўйилди.

Қайд этилганидек, мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш энг устувор вазифалардан бири этиб белгиланган. Шу боис мустақиллик йилларида, энг аввало, хусусий мулкдорларнинг қонуний манфаатлари ҳимоясини таъминлайдиган мустаҳкам ҳуқуқий асос яратилди. Натижада халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган тадбиркорлик фазилати нафақат қайта тикланди, балки янгича маъно-мазмун билан бойиди. Бугунги кунда юртимизда фаолият юритаётган бизнес вакиллари сони 525 мингдан ортгани, уларнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 56 фоиздан зиёдни ташкил этаётгани, меҳнатга лаёқатли аҳолининг 78 фоиздан кўпи мазкур соҳада меҳнат қилаётгани шундай дейишимизга тўла асос бўла олади. 

Дарҳақиқат, кичик бизнес равнақи йўлида олиб борилаётган тизимли ислоҳотлар, уларга тақдим этилаётган имтиёз ва преференциялар туфайли мазкур соҳа иқтисодиётимизни ҳаракатлантирувчи етакчи куч сифатида шаклланмоқда. Бинобарин, ишбилармонлар қишлоқ хўжалиги, қурилиш, савдо, хизмат кўрсатиш соҳаси, озиқ-овқат, тўқимачилик ҳамда енгил саноат, чарм-пойабзал, мебель ва фармацевтика саноати, қўйингки, ижтимоий-иқтисодий ҳаётимизнинг барча жабҳасида самарали фаолият юритаётир.

Бугунги шиддатли замон, албатта, ҳар бир соҳани изчил модернизациялаш, такомиллаштиришни талаб қилмоқда. Жумладан, тадбиркорлар ва давлат органлари ўртасида самарали мулоқот ҳамда фойдали ҳамкорлик механизмларини йўлга қўйиш, хусусий мулк эгаларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли муҳофаза қилиш кафолатларини кучайтириш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, айниқса, чекка ҳудудларда сифатли давлат хизматлари тақдим этилишини таъминлаш ҳам айни пайтда долзарб аҳамиятга эга. Давлатимиз раҳбарининг 19 июндаги Фармони шу каби устувор масалалар ечимига қаратилгани билан эътиборга молик. Мазкур тарихий ҳужжатда мақоми, йўналиши ва фаолият кўлами, мулкчилик шаклидан қатъи назар, тадбиркорлик субъектларини бирлаштириб турувчи ташкилот — Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси фаолиятини тубдан такомиллаштириш назарда тутилган.

Унинг ваколатлари кенгайтирилиб, тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яхшилаш, бизнесни ташкил этиш, янада ривожлантиришда амалий ёрдам кўрсатиш, давлат органлари билан ўзаро ҳамкорлик ўрнатиш, тадбиркорлик соҳасига кадрлар тайёрлаш, ташқи иқтисодий фаолият ҳамда инвестицияларни жалб қилиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилган. 

— Президентимизнинг ушбу Фармони тадбиркорлик ҳаракати ривожида сифат жиҳатидан янги босқични бошлаб берди, — дейди “Dentafill Plyus” корхонаси раҳбари Саркор Эсонбоев. — Сабаби, унда биз, мулкдорларнинг қонуний манфаатларини ҳимоялаш тизими ифодаланган. Яъни эндиликда Савдо-саноат палатасига тадбиркорлик субъектлари номидан суд жараёнининг исталган босқичида иштирок этиш ҳуқуқи берилмоқда. 

Очиғини айтиш керак, биз, ишбилармонлар бизнес юритиш жараёнида кўплаб масалалар юзасидан судларга мурожаат қиламиз ёки аксинча. Бу жараёнда палатанинг етук мутахассисларининг ҳуқуқий кўмак бериши, манфаатларимизни ҳимоя этиши жуда катта рағбатдир. Амалиётга татбиқ қилинаётган бу каби янгиликлар давлатимизнинг тадбиркорларга ғамхўрлигининг яққол ифодасидир.    

Таъкидлаш жоизки, Фармонда бизнесни ташкил этиш ва юритиш тартиб-таомилларини соддалаштиришга алоҳида аҳамият қаратилган. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида иқтисодиётни ривожлантириш борасида белгиланган вазифаларнинг изчил ижроси таъминланиши кўп жиҳатдан кичик бизнес истиқболига боғлиқ. Аммо тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, уни кенгайтириш осон эмас. Шунинг учун бизнес-инкубаторлар яратилаётган бўлиб, уларда юртдошларимизга бизнес-режаларни тайёрлаш, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ зарур ахборотларни олиш ва амалий масалаларни ҳал этишда эксперт, ҳуқуқий ҳамда маслаҳат ёрдами кўрсатилиши йўлга қўйилади. 

Чиндан ҳам, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг фаолияти тубдан такомиллаштирилиб, ваколатлари янада кенгайтирилмоқда. Бундан кўзланган асосий мақсад мазкур ташкилотни тадбиркорларни ўйлантираётган барча масалани ечадиган, давлат органлари ўртасидаги мустаҳкам ва ишончли кўприкка айлантиришдир. Бунда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари, туманлар ва шаҳарларда унинг бўлимлари билан бирга, Тадбиркорликка кўмаклашиш марказлари ташкил этилаётгани айни муддаодир. 

— Бизнес фаолиятимизни бошлашимизда Савдо-саноат палатаси яқиндан кўмак берган эди, — дейди “Inter Star”  қўшма корхонаси раҳбари Малика Қодирхонова. — Бу ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, ички бозорда ўз ўрнимизни топиб олишда қўл келди. Ҳозир қурилиш материаллари етказиб берувчи илғор субъектлардан бирига айланганмиз. Айтмоқчи бўлганим, тадбиркорнинг оёққа туриб олишида молиявий, ҳуқуқий ва ташкилий кўмак жуда муҳим. Куни кеча қабул қилинган Президент Фармонида ана шу жиҳатлар инобатга олиниб, Савдо-саноат палатаси зиммасига қатор устувор вазифаларни бажариш юклатилди. Бу, айниқса, бизнесни йўлга қўйиш арафасида турганлар учун  улкан имкониятдир.

Фармонда белгилаб берилган вазифаларнинг самарали, сифатли ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг штати уч баробар кўпайтирилиб, иккита янги раис ўринбосари лавозими таъсис этилди. 

Қурултойда ташкилий масала кўрилди. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раиси А. Шайхов бошқа ишга ўтганлиги муносабати билан лавозимидан озод этилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти тавсиясига кўра Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари, Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ректори лавозимларида ишлаб келаётган А. Икромов Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раиси этиб сайланди. 

Қурултойда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А. Арипов сўзга чиқди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчиси У. Исмаилов иштирок этди.

Саид РАҲМОНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири. 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn