Юқори малакали кадрлар
  • 21 Июнь 2017

Юқори малакали кадрлар

ички ишлар тизими фаолиятини юксалтиришда алоҳида аҳамиятга эга

Мамлакатимизда ички ишлар тизимини ривожлантиришга қаратилган кўламли -ислоҳотлар рўёбга чиқарилмоқда. Шунга мос равишда соҳани юксак малакали ва профессионал кадрлар билан таъминлаш, таълим даргоҳларида ўқитишнинг илғор усул ҳамда воситаларидан кенг фойдаланишга катта эътибор қаратиб келинаётир. 

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ҳарбий-техника институтида бўлиб ўтган битирув маросимида ана шулар хусусида сўз юритилди.

Ички ишлар вазири А. Азизов ва бошқалар томонидан алоҳида таъкидланганидек, тизим ислоҳотларида, хусусан, соҳани малакали кадрлар билан таъминлашда Президентимизнинг 2017 йил 10 апрелдаги “Ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаат-ларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони дастуриламал бўлаяпти. Мазкур ҳужжат асосида Тошкент олий ҳарбий-техника билим юрти Ҳарбий-техника институтига айлантирилди. 

Эътиборлиси, бу ерда курсантларнинг пухта билим олиши ҳамда жанговар машғулотларни юқори савияда ўтказишлари учун барча қулайлик ва шарт-шароитлар муҳайё қилинган. Ихтисослаштирилган моделлаштириш ҳамда симуляция марказида курсантлар махсус компьютер технологиялари ёрдамида жанговар вазиятларга максимал яқинлаштирилган шароитларда тажриба оширса, спорт базасида жисмонан ва руҳан чиниқишлари мумкин.

— Бу ерда юқори билимга эга бўлдик, — дейди битирувчи И. Мўминов. — Хусусан, панорамали компьютерлаштирилган ўқ отиш тренажёри бўлиб, ушбу технология тактик режаларни ишлаб чиқиш ҳамда бўлинмаларни моҳирона бошқариш кўникмаларини шакллантиришда қўл келди. Ана шундай қулай шарт-шароитда ўқиб, офицер деган шарафли номга сазовор бўлганимдан мамнунман. Айни чоғда бу катта масъулият юклайди. Юртимиз ва халқимизга садоқат билан хизмат қилишга бор  куч-ғайратимни сарфлайман.

Битирувчиларга ҳарбий унвон ва дипломлар топширилди.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn