Оилавий тадбиркорлик нега оқсамоқда?
  • 20 Июнь 2017

Оилавий тадбиркорлик нега оқсамоқда?

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожи ижтимоий-иқтисодий барқарорликни таъминлашнинг энг самарали воситаси, аҳоли бандлиги ҳамда даромадларини оширишнинг муҳим омили саналади.

Шу маънода, давлатимиз раҳбари раҳнамолигида кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида кичик бизнес, айниқса, оилавий тадбиркорликни равнақ топтиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани оилаларнинг барқарор даромад манбаини шакллантириб, турмуш даражасини тобора яхшилаб боришда ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда. Ўзбекистон Республикасининг “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги Қонуни бу йўналишдаги ишларнинг ҳуқуқий асоси бўлиб хизмат қилаётир.

Айни дамда мазкур ҳужжатда белгиланган қоидалар, унга кўра яратилган имтиёз ва қулайликлардан халқимиз қай даражада хабардор, деган савол туғилади. Умуман, Қонуннинг жойлардаги ижроси қандай аҳволда?

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ЎзЛиДеП фракцияси ҳамда Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этилган йиғилиш “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги Қонуннинг жойлардаги ижросини назорат-таҳлил тартибида ўрганиш якунларига бағишланди. Унда депутатлар, манфаатдор вазирликлар, қўмита ва ташкилотлар вакиллари қатнашди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантириш йўлида тўлиқ эркинлик бериш, амалиётда “Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади”, деган тамойилни рўёбга чиқаришга қаратилган ислоҳотлар изчил олиб борилмоқда.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда айнан оилавий тадбиркорлик учун қулай шарт-шароит ва бу орқали янги иш жойлари -яратиш қамрови янада кенгайди. Мисол учун, 2012 йили оилавий тадбиркорлик ҳамда ҳунармандчиликни ривожлантириш мақсадлари учун 91,3 млрд. сўм кредит маблағлари ажратилган бўлса, ўтган йили ушбу рақам 367,2 млрд. сўмга етди, аниқроғи, тўрт баробар ошди.

— Ҳозирги кунда юртимизда 8 мингдан ортиқ оилавий корхоналар мавжуд, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Соҳибжон Исмоилов. — Лекин ҳудудлар кесимида ўрганганимизда, юридик мақомга эга оилавий тадбиркорлик субъектлари сонидаги кескин фарқларга гувоҳ бўламиз. Хусусан, Тошкент шаҳрида 1 минг 27 та, Фарғона вилоятида 1 минг 102 та, пойтахт вилоятида мингга яқин оилавий корхоналар фаолият юритаётган бир пайтда бундай субъектлар сони Сирдарё вилоятида атиги 9 тани, Наманган вилоятида 37 тани ташкил этади. Ушбу ҳудудларда тегишли тартибда рўйхатдан ўтмаган ҳолда, ноқонуний тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган фуқаролар ҳалигача учрамоқда. Мазкур ҳолатларга одамларнинг оилавий тадбиркорлик субъектларига берилган қонуний имтиёзлар ҳамда қулайликлар ҳақида етарлича тушунчага эга эмасликлари сабаб бўлаяпти. Бу эса жойлардаги “Ягона дарча” марказлари томонидан аҳоли ўртасида тушунтириш-тарғибот ишлари яхши йўлга қўйилмаётганини кўрсатади. Шунингдек, Фарғона, Сайхунобод, Пешку, Қўнғирот, Қизилтепа, Беруний, Қамаши, Бекобод, Гурлан туманлари “Ягона дарча” марказлари фаолияти билан танишиш жараёнида уларда оилавий тадбиркорлик тарғиботига оид брошюра, плакат, видеоролик каби зарур материаллар йўқлиги аён бўлди.

Йиғилишда республикамизнинг барча ҳудудида оилавий тадбиркорликни ривожлантиришнинг мавжуд ҳолати ва истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди. Тижорат банклари томонидан оилавий тадбиркорлик субъектларини кредитлар билан таъминлаш ишларини жадаллаштириш, ишлаб чиқариш майдонлари қуриш учун оилавий корхоналарга ерлар ажратилиши,  уларга тайёрланган маҳсулотни реализация қилиш учун махсус жойлар берилиши борасида таклифлар билдирилди.

Тадбир якунида қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

Фарида МАҲКАМОВА,

«Халқ сўзи» мухбири. 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn