Янги темир йўл линияси
  • 13 Июнь 2017

Янги темир йўл линияси

Тошкент шаҳрининг автомобиль ҳалқа йўли бўйлаб қарийб 145 километрлик масофани қамраб олади.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари жорий — Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида янада кенг кўлам касб этмоқда. Узоққа бормайлик, пойтахтимизда охирги икки-уч ой ичида миқёси жиҳатидан улкан қурилиш ҳамда ободонлаштириш юмушлари бажарилдики, буларнинг барчаси мазкур азим шаҳар аҳли ва меҳмонларига янада қулайлик яратаяпти. Замонавий тураржойлар, йирик саноат мажмуалари, намунавий маҳаллалар, маиший хизмат кўрсатиш объектлари, равон йўллар, мураккаб лойиҳали кўприклар ана шулар жумласидандир.

Жорий йилнинг 25 март куни пойтахтимизнинг Бунёдкор ва Муқимий кўчалари кесишмасида, шунингдек, Юнусобод туманидаги Боғишамол ҳамда Янги шаҳар кўчаларини туташтирган янги кўприкларнинг очилиш маросимига ташриф буюрган Президентимиз Шавкат Мирзиёев ушбу йўналишдаги ишларни кенгайтириш, Тошкент шаҳри кўркамлигини янада ошириш бўйича қимматли тавсиялар берди.

Дарҳақиқат, ҳаёт давом этар экан, бунёдкорлик, ободлик ва фаровонлик ишлари ҳам тўхтаб қолмайди. Яқин келажакда бу ерда бундан-да улкан лойиҳалар амалга оширилиши режалаштирилмоқда. “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти томонидан шаҳар атрофини тўлиқ қамраб олувчи темир йўл линияси қуриш ҳамда йўловчи поездлар қатновини йўлга қўйиш лойиҳаси — шулардан бири. Президентимизнинг жорий йил 19 майдаги қарори билан ушбу лойиҳани амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар тасдиқланди.

Акциядорлик жамиятидан олинган маълумотларга кўра, мазкур темир йўл шаҳар транспорт-коммуникациясини такомиллаштириш, экология, мусаффолигини таъминлаш, аҳолига қўшимча қулайлик яратиши билан ниҳоятда аҳамиятлидир. Қолаверса, у пойтахтда бунёд этилаётган йўлсозлик ишлари билан ҳамоҳанг олиб борилади. Автомобиль ҳалқа йўли бўйлаб бунёд этиладиган линиянинг бир тарафлама узунлиги 71 километру 200 метрни, жами узунлиги эса қарийб 145 километрни ташкил қилади.

Лойиҳа “Boshtransloyiha” акциядорлик жамияти мутахассислари томонидан тайёрланган бўлиб, ушбу жараёнда хорижнинг илғор тажрибаси пухта ўрганилган ҳолда, ҳаракат хавфсизлигига алоҳида эътибор қаратилган.

Электрлаштирилган янги темир йўлда 26 та тўхташ пункти бунёд этилади. У Бўзсув, Салар каналлари устидан ўтиши сабабли 70 та икки томонлама кўприк ва йўлўтказгичларни ўз ичига қамраб олади ҳамда улар поездларнинг хавфсиз ҳаракатланишига мослаштирилади. Шунингдек, лойиҳа доирасида бир нечта электр узатиш станциялари, Яшнобод туманида эса электропоездларга хизмат кўрсатувчи депо қурилади.

Ҳар бир тўхташ пункти транспорт инфратузилмасига мос равишда қад ростлайди. Яъни уларда кутиш ҳудуди, махсус -айвонлар барпо этилиши баробарида, бошқа зарур хизматлар ҳам ташкил қилинади. Тўхташ пунктлари томонлари 5 та вагонга мўлжалланган 120 метр узунликдаги платформа билан таъминланади.

Лойиҳа амалиётга киритилгач, тирбандлик туфайли юзага келадиган кўплаб ноқулайликларнинг олди олинади. Яъни у нафақат шаҳар ичидаги транспорт воситалари ҳаракатини енгиллаштиради, балки пойтахт аҳолиси ва меҳмонлари масофасини ҳам қисқартиради.

Айтиш ўринлики, ушбу йўналишдаги темир йўл линиясидаги тўхташ пунктларида пиёдалар учун туннел типидаги йўлаклар қурилиши йўловчиларга автобус, такси, метро каби бошқа жамоат транспортларига чиқиб олишлари учун имкониятни юзага келтиради. Бинобарин, лойиҳадан кўзланган мақсад ҳам автомобиль йўлларидаги тирбандликларнинг олдини олиш, атмосферага чиқаётган зарарли газлар миқдорини кескин камайтириш, йўловчиларга замонавий хизматлар тақдим этиш орқали қулайликлар яратишдир.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn