Холис ўрганиш натижалари атрофлича муҳокама қилинди
  • 10 Июнь 2017

Холис ўрганиш натижалари атрофлича муҳокама қилинди

Халқ депутатлари Тўрткўл тумани Кенгаши сессияси бўлиб ўтди. 

Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзоларидан иборат ишчи гуруҳларининг Оролбўйидаги мазкур ҳудуд ижтимоий-иқтисодий ҳаёти билан яқиндан танишуви, давлат ҳамда хўжалик бошқаруви органлари фаолиятини ўрганиш ва аҳоли кенг қатлами билан олиб борган мулоқотлари натижалари атрофлича муҳокама қилинди.

Депутат ҳамда сенаторлар, туман фаоллари, жамоатчилик вакиллари иштирокида ўтган йиғилишда қайд этилганидек, ўрганиш жараёнида соғлиқни сақлаш, таълим муассасалари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан жамият ривожини таъминлаш, ҳар бир инсоннинг ўз турмушидан рози бўлиб яшаши учун кўмаклашиш мақсадлари йўлида амалга оширилаётган ишларга алоҳида эътибор қаратилди. Тадбиркорлик субъектларини, фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, қонуний манфаатларини ишончли ҳимоялаш соҳасидаги тизимли чора-тадбирлар таҳлил қилинди. 14 маҳалла фуқаролар йиғинида 

3 мингга яқин фуқаролар билан суҳбатлашилди. Булар, табиийки, ҳудуддаги ҳақиқий аҳвол ҳақида холис хулосага келиш баробарида, одамларнинг ўй-ташвишларига сабаб бўлаётган муаммо ва камчиликларни аниқлаш имконини берди. Уларнинг ечимини топишда депутат сўрови ҳамда парламент назорати институтларининг таъсирчан механизмлари татбиқ этилди.

Албатта, мамлакатимизда барча соҳада кечаётган туб ислоҳотларнинг, халқимиз турмуш фаровонлигини янада юксалтиришга доир амалий саъй-ҳаракатларнинг самарасини тўрткўлликлар ҳаёти мисолида ҳам кўриш мумкин. Ишчи гуруҳлари хонадонларга ташриф буюриб, фуқаролар билан юзма-юз мулоқотлар асносида бунга яна бир карра ишонч ҳосил қилдилар. Лекин ҳамон баъзи раҳбар ва мансабдор шахсларнинг замон талабини тўла англаб етмаётгани, халқ олдидаги масъулият ҳамда ҳисобдорликни чуқур ҳис қилмаётгани, қонун ҳужжатлари, Президент Фармон ва қарорлари, давлат ҳамда ҳудудий дастурлар ижросида ўзибўларчилик ҳоллари учраётгани одамларнинг ҳақли эътирозига, турли оворагарчиликларига сабаб бўлаётган муаммоларни келтириб чиқармоқда.

Хусусан, ўрганишлар давомида фуқароларга тиббий хизмат кўрсатишда сифат ва самарадорликни ошириш борасида қатор камчиликлар кўзга ташланди. Ҳудудда шошилинч тиббий ёрдам хизмати намунали йўлга қўйилмаган, чақирувларга кечикиб бориш ҳолатлари учрайди. Бирламчи тиббий муассасаларда малакали шифокорлар, тор доирадаги мутахассислар етишмайди.

Туманнинг ижтимоий инфратузилмасини ривожлантириш, ободонлаштириш ишлари ҳам талаб даражасида эмас. Жумладан, мавжуд олтмишдан ошиқ кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатувчи хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари фаолиятини яхши, деб бўлмайди. Туман электр тармоқлари корхонаси хизматидан ҳам одамлар умуман қониқмаётир. Истеъмолчиларнинг бундай норозилик кайфиятини газ, ичимлик суви таъминоти билан шуғулланувчи корхоналар ишига нисбатан ҳам кўриш мумкин.

Сессия иштирокчилари фикрича, Тўрткўлда аҳолининг бандлигини, биринчи навбатда, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлашда юзаки ёндашув кузатилаётгани янада таассуфли.

Тадбирда, шунингдек, халқ депутатлари туман Кенгаши ҳамда доимий комиссиялари фаолиятига танқидий баҳо берилди.

* * *

Халқ депутатлари Қўшработ тумани Кенгаши сессияси ҳам ана шундай танқидий-таҳлилий руҳда ўтди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ш. Полвановнинг таъкидлашича, пар-ламент вакиллари ҳудуддаги 600 дан ортиқ хонадонларга ташриф буюриб, улардаги ижтимоий, иқтисодий ва маънавий муҳит билан яқиндан танишдилар. Юздан зиёд тадбиркорлар билан бевосита мулоқот ўтказилди. Бунинг натижасида ҳудуд ижтимоий-иқтисодий ривожланишига тўсиқ бўлаётган 300 дан ортиқ муаммо ва долзарб масалалар рўйхатга олинди. Мазкур туман аҳолисини, айниқса, электр энергияси, газ, ичимлик суви таъминотидаги узилишлар, ички йўлларнинг носозлиги, ўқувчи-ёшларнинг касб-ҳунар коллежларига қатнаши учун автотранспортларнинг йўқлиги беҳад қийнамоқда.

Масалан, очиқ мулоқотлар чоғида “Қувкалла” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи аҳоли фарзандлари, асосан, Заркент шаҳарчасидаги Саноат ва сервис касб-ҳунар коллежига пиёда қатнашини, бироқ ўртада 10 — 14 километр масофа борлигини ҳамда бу ҳеч бир мутасаддини қизиқтирмаётганини айтдилар. Худди шундай, Пангатсой ва Шова қишлоқлари ёшлари ҳам “Қўшработ” МФЙ ҳудудидаги Иқтисодиёт ва сервис касб-ҳунар коллежига қатнаб ўқиш учун олис йўлни пиёда босадилар.

Туман марказидан узоқда жойлашган аҳолида умумтаълим мактабларидаги аҳвол ҳам норозилик уйғотаяпти. Қатор мактабларда инглиз тили фани бўйича ўқитувчилар етишмайди. Ўрганишлар жараёнида ҳудуддаги 6, 31-мактабларнинг ўқув биноларида замон талабларига мос шарт-шароитнинг йўқлиги, 12 та умумтаълим мактаби қўшимча бинога ва капитал таъмирлашга, яна қатор мактаблар мукаммал реконструкцияга муҳтожлиги аниқланди. Болалар спорт иншоотларидан фойдаланиш самарадорлиги ҳам мақтагулик даражада эмас.

Ҳудуддаги тиббий муассасаларда олий маълумотли мутахассислар сони кам. Бу эса ташхис ва даволаниш учун  одамларнинг ҳамон вилоят маркази ёки пойтахт сари йўл олишига сабаб бўлмоқда.

Туманда мавжуд ташкилот ҳамда муассасалардан фақат марказий шифохона ва 9 та мактаб ҳамда 2 та мактабгача таълим муассасаси марказлашган ичимлик суви тармоғига уланган.

2016 — 2018 йилларда Қўшработ тумани аҳолисининг тоза ичимлик суви таъминотини яхшилаш тўғрисидаги дастурга кўра, 77 та қишлоқда сув иншооти қурилиши кўзда тутилган. Лекин ушбу лойиҳа ижроси негадир кечикаётир.

Ишчи гуруҳлари кичик бизнес вакиллари ва хусусий тадбиркорларнинг ҳудуд иқтисодиётидаги роли қай даражадалиги билан ҳам қизиқдилар. Маълум бўлишича, 2016 йил 1 январь ҳолатига 306 та тадбиркорлик субъекти солиқ тўловчи сифатида рўйхатдан ўтган бўлиб, қулай ишбилармонлик муҳити яратилмагани боис уларнинг 212 таси фаолиятини тўхтатган.

Тумандаги 214 та савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчасининг 42 таси тўлов терминаллари билан таъминланмаган. Умуман, ҳудуд аҳолиси мазкур соҳаларда пластик карточкалар орқали тўлов қилишда муайян қийинчиликларга, нарх тафовутларига дуч келаяпти.

Одамларнинг турмушини янада яхшилаш, ижтимоий-иқтисодий барқарорлик бандлик соҳасидаги ислоҳотлар билан узвий боғлиқ. Шу нуқтаи назардан, депутат ва сенаторлар Қўшработ туманида аҳолини иш билан таъминлаш, аввало, ташқи меҳнат миграциясидан қайтган фуқароларни ишга жойлаштириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларга эътибор қаратдилар. 2016 йилда 210 нафар фуқаро чет элдан қайтиб келган, уларнинг 125 нафари доимий ишга жойлаштирилгани ҳолда, 85 нафар фуқаро ҳамон ишсизлиги туман мутасаддиларининг бу масалага янада жиддий аҳамият бериши зарурлигини кўрсатади.

Сессиялар якунида муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Ҳидоят АҲМЕДОВ,

Мамадиёр ЗИЁДИНОВ,

«Халқ сўзи» мухбирлари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn