Маслаҳат марказлари — яқин кўмакдош
  • 10 Июнь 2017

Маслаҳат марказлари — яқин кўмакдош

Турмушнинг кутилмаган зарбасидан, оила аъзоларининг салбий муносабатларидан, ён-атрофдаги одамларнинг оқибатсизлигидан қалби азият чеккан, бир томонда эса рўзғор етишмовчилигидан чарчаган аёл тушкунлик ҳолатида ўз хатти-ҳаракатларини назорат қилишни, ўзига ишонч ва эртанги кунига умидни йўқота бошлайди.

Ҳаётини фақат қоронғиликда кўраётган, жамики ташвишлардан қутулиш чорасини излаётган бу аёлни мудҳиш хатодан — ўз жонига қасд қилишдан вақтида қутқариб қолиш, унга ғамхўрлик кўрсатиш, ижтимоий-маънавий оламини соғломлаштириш жамият олдига қатор вазифаларни қўяди. 

Тошкент шаҳрида 2015-2016 йилларда 35 та суиқасд ҳолатининг олди олиниб, маънавий-руҳий далдага муҳтож аёллар ва уларнинг оилаларига тиббий, ижтимоий, психологик ҳамда ҳуқуқий кўмак кўрсатилди. Бунда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ташаббуси билан жойларда ташкил этилган Аёллар маслаҳат марказларининг ўрни ва таъсири катта бўлди.

Айни пайтда пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур, Олмазор ҳамда Учтепа туманларида Аёллар маслаҳат маркази хизмат кўрсатмоқда. Хотин-қизлар билан ишлаш, уларнинг фикрларини эшитиш, муаммоли масалаларини ҳал этиш, айниқса, фарзанд тарбияси ва уй-рўзғор юмушлари билан машғул уй бекаларига жамиятда ўзини тўлақонли ҳис қилиши, ижтимоий фаоллиги ошиши учун кўмаклашиш ушбу марказлар фаолиятининг асосий мезони ҳисобланади. 

Маълумотларга кўра, 2015-2016 йилларда марказларга 15 минг 700 дан зиёд хотин-қизлар ташриф буюриб, уларнинг олти ярим мингга яқини турли ижтимоий-иқтисодий, психологик ва ҳуқуқий масалаларда ёрдам сўраган. Табиийки, марказларнинг давлат ҳамда жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли ушбу аёлларнинг муаммолари ижобий ечимини топган.

— Уйдаги гапни кўчага олиб чиқмаслик, оиланинг маҳалла-кўй ичидаги обрўсини сақлаш аёлнинг иродаси, чидам ва матонатига боғлиқ эканини оналаримиз онгимизга чуқур сингдириб, қиз бола тарбиясида мана шундай нозик жиҳатларга ҳам аҳамият қаратиб келган, — дейди Олмазор туманидаги Аёллар маслаҳат маркази раҳбари Дилдора Тожибоева. — Лекин баъзан аёлнинг ўз яқинларига айта олмайдиган муаммоси, ўй-фикр-лари бўлади. Кимгадир маслаҳат солса, юқорида айтганимиздек, қариндош-уруғ ҳамда маҳалла-кўйга овоза бўлишдан, таъна-маломатлардан чўчийди. Бундай аёлларни тинглаш, уларга тўғри йўл кўрсатиш, муаммоларини оқилона ечишга кўмаклашиш билан уларни турли нохушликлардан асраш мумкин. Ушбу мақсадда иш олиб бораётган Аёллар маслаҳат марказларига  тажрибали психолог, умумий амалиёт шифокори ҳамда ҳуқуқшунослар жалб қилинган. 

Қайд этиш жоизки, Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида мазкур марказлар фаолияти янада жонланди. Йилнинг дастлабки тўрт ойида уларга тўрт мингдан ошиқ фуқаролар мурожаат қилди. Марказлар томонидан хотин-қизлар ҳамда оилаларнинг муаммоларини манзилли ўрганиш ва ижтимоий шерикликда ҳал қилиш ишлари самарадорлиги сезиларли даражада ортди. 

Ўрганишлар кўрсатдики, қайнона-келин, эр-хотин ўртасидаги келишмовчиликларни бартараф этиш, ўсмир ёшдаги фарзандни тўғри тарбиялаш, ажралиш ёқасида турган оилани сақлаб қолиш, уй-жой, алимент масалаларида юридик маслаҳат олиш билан боғлиқ мурожаатлар сони нисбатан кўп. Бундан ташқари, ҳудудлардаги бандликка кўмаклашиш марказлари билан биргаликда ишга талабгор хотин-қизларни меҳнат бозорига олиб кириш ва ҳуқуқларини ҳимоялашда ҳам Аёллар маслаҳат марказлари ташаббус кўрсатмоқда.   

— Қизиғи шундаки, сўнгги пайтларда бизга мурожаат этаётганлар орасида эркаклар сафи ҳам кенгаймоқда, — дейди Шайхонтоҳур туманидаги Аёллар маслаҳат маркази психологи Муаззам Раҳматуллаева. — Улар ўз оиласини сақлаб қолиш, рафиқаси билан келишмовчиликларга барҳам бериш масалаларида психологик маслаҳатлар олмоқда. Айни чоғда ўсмирлар билан ҳам кўпроқ ишлашга тўғри  келаяпти. Яқинда бир онахон ўсмир ёшдаги неварасининг одамови бўлиб қолгани, юриш-туриши, феъл-атвори кескин ўзгарганини айтиб, биздан ёрдам сўради. Ўсмир билан гаплашганимизда, ота-онасининг қаттиқ тергаши, уни ҳеч ким тингламаслиги, қисқаси, ўз яқинлари меҳри ва эътиборини ҳис қилмаслиги, қалбан яқин дўсти йўқлигини айтди. Ўтиш давридаги физиологик ҳамда руҳий омиллар таъсирида тушкунликка тушиб қолган бу ўсмир, ҳатто ўз жонига қасд қилиши ҳам эҳтимолга яқинлигини психологик усуллар орқали аниқладик. Уч ой давомида ўсмир билан зарур тушунтириш ишларини олиб бордик. Оиласи билан ишладик. Натижада унинг яшашга иштиёқи уйғонди, тўғри йўлга кирди.

Умуман, марказлар томонидан аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб  қилиш,  хотин-қизларни турли диний экстремистик ғоялар, гиёҳвандлик ва бошқа иллатлардан асраш, одам савдоси қурбони бўлишининг олдини олиш, ёшларни, айниқса, қизларни миллий қадриятларимизга таянган ҳолда тарбиялашга доир маънавий-маърифий тадбирлар доимий ўтказилаётгани эътиборга молик. 

Аён бўладики, Аёллар маслаҳат марказлари нафақат хотин-қизларнинг давлат ва жамият ҳаётига интеграциялашувини сифат жиҳатидан юксалтиришга, балки оилаларда соғлом муҳитни қарор топтиришга, фарзандлар тарбиясидаги бўшлиқларни тўлдиришга муносиб ҳисса қўшмоқда. Бу эса осуда ҳаётимизга, келажагимизга таҳдид солувчи хавф-хатарлар турли туйнуклар орқали кириб келишга уринаётган ҳозирги глобаллашув даврида ғоятда муҳимдир.

Фарида МАҲКАМОВА,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn