Миллий қадриятлар ўчоғи
  • 10 Июнь 2017

Миллий қадриятлар ўчоғи

Наманганда Олий Мажлис Сенати Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси томонидан ўтказилган мажлисда “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг мазкур вилоятдаги ижросини ўрганиш натижалари муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, юртимиздаги дунёда қиёси йўқ ноёб тузилма — маҳалла институти авлоддан-авлодга ўтиб келаётган миллий қадриятларимизни кўз қорачиғидек асраб-авайлашда, халқимиз турмуш тарзи ва тафаккурини юксалтиришда муҳим ўрин тутади. Президентимизнинг шу йил 3 февралдаги “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятида янги босқични бошлаб берди.

Ўрганиш натижалари шуни кўрсатдики, Наманган вилоятида фуқаролар йиғинлари, давлат бошқаруви органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг ижро этилишини таъминлаш борасида муайян ишлар амалга оширилган.

Вилоятда 770 та фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи мавжуд. Маҳаллаларда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ҳудуднинг -санитария ҳолатини, ободонлаштириш-кўкаламзорлаштириш ишларини яхшилаш, муқаддам судланган, ичкиликбозлик,  гиёҳвандликка ружу қўйган фуқаролардан доимий хабардор бўлиш, уларнинг турмуш тарзи, муаммоларини ўрганиб бориш билан боғлиқ йўналишларда салмоқли натижаларга эришилган.

Муҳокамада, шунингдек, Қонуннинг вилоятда ижро этилишини таъминлашда камчиликларга ҳам йўл қўйилгани алоҳида таъкидланди. Жумладан, аксарият фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари ҳузуридаги комиссиялар ишини ташкил қилишда амалдаги қонун ҳужжатларига тўлиқ риоя этилмаган. Бундан ташқари, айрим фуқаролар йиғинлари раислари маҳалла фаолиятини тартибга солувчи қонун ҳужжатлари тўғрисида етарли тушунча ва билимга эга эмас. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ҳамда ички ишлар бўлимлари ходимлари билан ишлаш амалиёти, улар ўртасидаги ҳамкорлик тўлиқ йўлга қўйилмаган.

Сенаторлар мазкур камчиликларни бартараф этишга қаратилган тезкор чора-тадбирлар кўриш зарурлигини айтиб ўтдилар. Шунингдек, профилактика инспекторларининг давлат идоралари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлигини кучайтириш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишни таъминлаш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини янада ошириш масалаларини, жиноятларга сабаб бўлган омиллар ҳамда шарт-шароитларни чуқур таҳлил қилган ҳолда, фуқаролар йиғинларида маҳалла фаоллари иштирокида муҳокамалар олиб бориш юзасидан таклиф-тавсиялар билдирилди.

Мажлис якунига кўра, тегишли қарор қабул қилиниб, ижроси устидан назорат ўрнатилди.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn