Нуронийларнинг бой тажрибаси
  • 08 Июнь 2017

Нуронийларнинг бой тажрибаси

ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашда алоҳида ўрин тутади

Ўзбекистон Миллий университетида “Нуроний” жамғармаси ҳамда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди томонидан фуқаролар йиғини раисининг ўринбосари — кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчи фаолиятини самарали ташкил этишга бағишланган ўқув-семинар бўлиб ўтди.

Тадбирда мамлакатимизда нуронийларнинг бой ҳаётий тажрибасидан жамият, оила ва маҳаллаларда тинчлик-осойишталикни, ижтимоий ҳамда маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, шунингдек, ёш авлодни кўп асрлик миллий анъаналарга ҳурмат руҳида тарбиялашда унумли фойдаланишга алоҳида эътибор қаратиб келинаётганлиги қайд этилди. Бу борадаги саъй-ҳаракатларни Президентимизнинг 2016 йил 28 декабрдаги “Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2017 йил 3 февралдаги “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари янги босқичга кўтарди. Яъни мазкур ҳужжатлар асосида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида жамоатчилик тартибида фуқаролар йиғини раиси ўринбосари — кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчи лавозими йўлга қўйилди.

Бугунги кунда ушбу лавозимда фаолият бошлаган фуқароларнинг соҳага оид билим ва кўникмаларини ошириш айни заруратдир. Шундан келиб чиқиб, семинарда нуронийларнинг мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги иштироки ҳамда давлат органлари устидан жамоатчилик назоратини олиб боришдаги вазифалари, асосий фаолият йўналишлари юзасидан маърузалар тингланди.

Сўнгра ўқув-семинар иштирокчилари шуъбаларда нотинч оилалар ва -ажралишларнинг олдини олишда нуронийларнинг ўрни ҳамда вазифалари, тўй ва бошқа маросимларни миллий анъаналарга мос ҳолда ўтказиш, уюшмаган ёшлар билан ишлашнинг ўзига хос жиҳатлари, маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашда ҳуқуқ-тартибот органлари ҳамда диний идоралар билан ҳамкорлик каби масалаларни кенг таҳлил қилишди.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn