Одамларнинг ҳаётдан розилиги — катта бахт
  • 08 Июнь 2017

Одамларнинг ҳаётдан розилиги — катта бахт

Бугун халқимизнинг турмуш фаровонлигини янада ошириш, юртдошларимизнинг меҳнат қилиши, дам олиши ва яхши яшаши учун зарур қулайликлар яратиш, ҳолидан хабар олиш, фикрини эшитиш, мавжуд муаммоларини бартараф этишга қаратилган изчил саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Айни жараёнда эса одамлар билан мулоқотнинг таъсирчан ҳамда самарали усулларидан кенг фойдаланилаётгани муҳим аҳамият касб этаётир.

Мамлакатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ташкил қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси, вилоятлар, шаҳар ва туманлардаги Халқ қабулхоналари қисқа вақт ичида аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни изчил йўлга қўйиш имконини бераяпти. Муҳими, бу тизим фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини таъминлаш, дардини тинглаш, йиллар давомида ҳал бўлмай келаётган муаммоларига қисқа вақт ичида ечим топиш, фуқаролар ва тадбиркорлар қонуний манфаатларини тўлақонли ҳимоялашга хизмат қилмоқда. Натижада ҳар бир фуқаро ўз ҳаётида дуч келаётган муаммо ёки адолатсизлик юзасидан Халқ қабулхоналари ёки Виртуал қабулхонага мурожаат этиб, қонунда белгиланган тартибда жавоб олаяпти.

Буни Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати, Олий суд, Марказий банк, Бош прокуратура, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар, Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими, Соғлиқни сақлаш, Мудофаа, Молия, Бандлик ва меҳнат муносабатлари, Адлия вазирликлари, давлат қўмиталари раҳбарлари, Жиззах вилояти ҳокимлиги томонидан Жиззах шаҳри ва туманлар аҳолиси учун уюштирилган сайёр қабуллар мисолида ҳам кўриш мумкин.

Тадбирда Жиззах шаҳри, Шароф Рашидов ва Зафаробод туманлари аҳолисининг Президентнинг виртуал қабулхонаси ҳамда Халқ қабулхоналарига йўллаган мурожаатлари атрофлича кўриб чиқилди. Жойларда ўтказилаётган учрашувларда -фуқаролар халқ билан мулоқот қилиш ва мурожаатлар юзасидан ишлаш бўйича йўлга қўйилган янги тизимдан жуда мамнун эканлигини, бу уларнинг турли йўналишлардаги муаммолари қонун доирасида тез ҳал бўлишига хизмат қилаётганлигини таъкидламоқдалар.

Ҳар йили ўн минглаб ёшлар касб-ҳунар коллежи ҳамда академик лицейларни тугатади. Уларнинг бир қисми олий ўқув юртларига ўқишга кирса, қолгани саноат, ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги, тадбиркорлик ва бошқа жабҳаларда иш бошлайди. Аммо айтиш керакки, коллеж битирувчиларининг айримлари ўз соҳаси бўйича иш топа -олмайди. Бундай ҳолат, ҳатто, олий маълумотли айрим мутахассисларда ҳам учраши бор гап.

— Бундан 10 йил муқаддам Зафаробод қишлоқ хўжалик коллежини битирганман, ўтган йилгача фарзанд тарбияси билан шуғулландим, энди улар бекаму кўст улғайиши учун ишлашим зарур. Шу сабабли Халқ қабулхонасига мурожаат қилдим, — дейди Нилуфар Авезова. — Масалани ижобий ҳал этиб беришди. Маҳалла кафолати асосида банкдан кредит олдим, унга 2 та янги тикув машинаси харид қилиб, бизнесимни бошладим. Бундан жуда хурсандман.

— Маълумотим олий, мутахассислигим бўйича жисмоний тарбия ўқитувчисиман, уч нафар фарзандим бор, уларни боқиш, яхши тарбия бериш учун сармоя зарур, тайинли иш жойи керак, — дейди Шароф Рашидов туманидаги Совунгарлик маҳалласида яшовчи Фахриддин Умаров. — Ҳаммасини ўйлаб, албатта, ёрдам беришади, деб Президентимизнинг виртуал қабулхонасига мурожаат этдим. Сўровим ижобий ҳал бўлди, вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармасига ишга қабул қилишди. Оиламиз билан жуда шод бўлдик.

Сир эмаски, бугун айрим қишлоқларимиз йўллари ўйдим-чуқур, асфальти кўчиб кетган, ёзда чанг, қишда лой. Машинада юрсанг, бир нави, пиёда бўлсанг... Гоҳида шу йўллардан юргинг ҳам келмайди. Бироқ ишга, ўқишга, боғчага боришга мажбурсан. Ичимлик суви эса яна бир муаммо...

— Маҳалламиз шаҳарнинг шундоққина ёнгинасида, кўчаларимиз доимо автотранспорт ва одамлар билан гавжум, — дейди Шароф Рашидов тумани, Сарайлик маҳалласида яшовчи Икром Тожибоев. — Тошкентлик кўчаси шу даражада ўйдим-чуқур бўлиб кетганидан машинада юришга қийналасан. Шу муаммо юзасидан Халқ қабулхонасига мурожаат қилдим. Шикоятим ижобий ҳал этилиб, жорий йилнинг учинчи чорагида йўлимизга асфальт ётқизиладиган бўлди.

— Ичимлик сувида кўп узилишлар кузатилаётир, — дейди туманнинг Файзобод маҳалласида яшовчи Шаҳноза Маллаева. — Ушбу масала юзасидан ва ҳовлилар учун канализация тармоғи қуриб беришни сўраб мурожаат қилдик. Илтимосимиз қаноат-лантирилди. Келаси йилги дастурга киритилди. Бундан маҳалламиз аҳли мамнун бўлишди.

Мурожаатлар соҳалар бўйича ўрганилганда, уларнинг асосий қисми уй-жой, кредит олиш, ички йўллар қурилиши, алимент олишдаги муаммолар билан боғлиқлиги аниқланди. Моддий ёрдам, иш ҳақи, пенсия таъминоти ҳамда болалар нафақасини олиш, банк-молия ва солиққа тортиш каби масалаларда мурожаатлар кўп. Бундан ташқари,  жиноят ишлари, фуқаролик ишлари, хўжалик ишлари судларда кўрилиши, ободонлаштириш ҳамда коммунал хўжалик, шу жумладан, йўлларни таъмирлаш, суд қарорларининг ижро этилиши, меҳнат ва бандлик масалалари одамларни кўпроқ ўйлантираётгани ҳам маълум бўлди.

— Президентимизнинг Халқ қабулхонаси ва Виртуал қабулхонасига туманимиздан 2 мингга яқин мурожаатлар тушган, — дейди Шароф Рашидов тумани ҳокими Сайфиддин Исмоилов. — Ҳокимлик томонидан ҳал этилиши зарур бўлган мурожаатларни вақтида кўриб, ижобий ечим топишга интилаяпмиз. Лекин бу борада бажаришимиз зарур бўлган ишлар ҳали кўплигига қабул жараёнида яна бир бор амин бўлдик. Ўрганишлар чоғида фаолиятимизни қайта кўриб чиқиб, тўғри ташкил қилишимиз лозим, деган хулосага келдик. Зеро, ана шунда аҳоли биздан рози бўлади, туманимиз эса ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан янада юксалади.

Умуман, сайёр қабуллар ва халқ билан бевосита мулоқотлар шаҳар ҳамда туманлар ҳокимликлари, бошқарма ва ташкилот раҳбарлари зиммасидаги масъулиятни янада ошириши баробарида, жойларда қандай муаммолар борлигини аниқлаш имконини бермоқда. Бу эса келгуси ишларни мувофиқлаштиришда айни муддаодир.

Толибжон ЭРГАШЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn