Архитектура ва қурилиш соҳаси ривожида муҳим босқич
  • 08 Июнь 2017

Архитектура ва қурилиш соҳаси ривожида муҳим босқич

Мустақиллик йилларида республикамиз шаҳар ва қишлоқлари, аҳоли пунктларининг замонавий архитектура қиёфасини шакллантириш ҳамда янгилаш борасида комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди. Шу билан бирга, шаҳарсозлик фаолиятида муайян камчиликлар мавжудлиги аниқланди.

Шунинг учун Президентимиз мамлакатимизни 2016 йилда  ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида шаҳарсозлик методологиясини ўзгартириш, эскирган меъёрларни қайта кўриб чиқиш лозимлигини таъкидлаган эди. Орадан кўп вақт ўтмай, давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Бу ҳужжатлар иқтисодиётнинг асосий тармоқларидан ҳисобланадиган, инвестициялаштиришнинг бош истеъмол манбаи саналадиган архитектура ва қурилиш фаолиятини диверсификациялаш борасида ҳаракат дастури эканлиги жиҳатидан аҳамиятлидир.

Мазкур ҳужжатларнинг яна бир моҳияти шундаки, шаҳарсозликка давлат сиёсати сифатида қаралиб, уни ҳар томонлама ривожлантириш чоралари ишлаб чиқилган. Аҳолини жойлаштириш бош схемаси, туманлаштириш, фаолият мониторингини ўрнатиш тадбирлари жорий қилинган. Уларда табиатни муҳофаза қилиш, меъморий меросни асраш, анъанавий маданиятни янада такомиллаштириш ишларини янгича ташкил этишга алоҳида эътибор берилган. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика архитектура-шаҳарсозлик кенгаши ва унинг ҳудудий кенгашларининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари барча вазирлик, идора, давлат ҳамда хўжалик бошқаруви органлари, юридик ва жисмоний шахслар томонидан бажарилиши мажбурийлиги белгилаб қўйилган. “Давархитектқурилиш” қўмитасининг асосий вазифалари сифатида белгиланган тартибда ишлаб чиқилган ҳамда тасдиқланган бош режалар асосида аҳоли пунктларини комплекс қуриш, бу ишларнинг қонунчилик, меъёрлар ва бошқа ҳуқуқий томонларини назорат қилиш, мониторинг юритиш, инновацион ишланмаларни татбиқ этиш, стандартлаштириш ҳамда сертификатлаштиришни амалга ошириш каби бир қатор муҳим фаолият йўналишлари аниқ кўрсатиб берилган. 

Фармонда, шунингдек, архитектура, лойиҳалаштириш ва қурилиш соҳасида тизимли асосда кадрлар тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини оширишга ҳам алоҳида эътибор берилган. Жумладан, соҳани тизимли ривожлантириш мақсадида Тошкент архитектура-қурилиш институти, Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти ва 14 та ўрта махсус касб-ҳунар коллежи “Давархитектқурилиш” қўмитаси тасарруфига ўтказилган. Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси ҳузурида Таълим муассасаларини қўллаб-қувватлаш жамғармасини ташкил этиш кўзда тутилган.

Қисқача айтганда, Фармон ҳам, қарор ҳам давлат ва жамият равнақига хизмат қилади. Бизнинг-ча, уларнинг талабларини ҳаётга татбиқ этиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш жараёни-

да аҳоли пунктларини тасдиқлаш, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 286-сонли қарорига мос равишда, аҳоли пунктлари чегаралари лойиҳасини тасдиқлаш билан бирлаштириш ҳамда бу лойиҳалар асосида беш йилга мўлжалланган бош режаларни амалга ошириш ҳаракат стратегияси, яъни муфассал лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва уларнинг якуний муддатларида тегишли маҳаллий органларнинг бош режалари бажарилиши мониторингини ўтказиш масалалари ҳам қонуний белгилаб қўйилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Муҳаммад АҲМЕДОВ,

архитектура фанлари доктори, профессор.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn