Мақсад — жаҳон андозалари даражасида сайёҳлик хизмати кўрсатиш
  • 08 Июнь 2017

Мақсад — жаҳон андозалари даражасида сайёҳлик хизмати кўрсатиш

Мамлакатимизнинг қадимий гўшалари, хусусан, Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларига хорижий сайёҳлар қизиқиши тобора кучаймоқда. Юртимизнинг бой маданий мероси, урф-одатлари, анъаналари ҳамда табиати меҳмонларни оҳанрабодек ўзига тортаяптики, пировардида туризм иқтисодиётнинг муҳим бўғинларидан бирига айланмоқда. Бу, ўз навбатида, соҳани янада равнақ топтириш масаласини кун тартибига қўяётир.

— Президентимизнинг жорий йил 19 майдаги “2017 — 2019 йилларда Бухоро шаҳри ва Бухоро вилояти сайёҳлик салоҳиятини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори шу нуқтаи назардан ғоятда аҳамиятлидир, — дейди Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Бухоро вилояти ҳудудий бош-қармаси бошлиғи Шерзод Маҳмудов. — Мазкур қарорга мувофиқ, махсус Дастур ишлаб чиқилди. Ундан воҳамизда сайёҳлик индустриясини ривожлантиришга қаратилган қатор лойиҳалар ўрин олган.

“Қадимий Бухоро” деб номланган туристик зонани ташкил этиш ана шулардан биридир. Бухоронинг Эски шаҳар қисмида 12 гектар майдонда барпо этиладиган бу гўшада хорижий сайёҳлар зиёратни мазмунли ўтказиши учун барча қулайлик яратилади. Замонавий меҳмонхоналар, савдо-кўнгилочар марказлари, 500 ўринли амфитеатр шулар жумласидан саналади. Усти ёпиқ шарқона бозор, ҳунармандлар маҳалласи қурилиши ҳам кўзда тутилган. Тўрт юлдузли 11 янги меҳмонхонанинг барпо қилиниши туризм сервиси соҳасида соғлом рақобатни кучайтиради. Дарвоқе, айни чоғда вилоятда 114 та меҳмонхона фаолият юритмоқда.

Шаҳар марказида совға ва сувенир савдосига ихтисослаштирилган дўконлар тармоғи, аниқроқ айтганда, янги савдо кўчаси барпо қилинади. Уларда банкомат ва терминаллар ўрнатилади. 5 та замонавий ресторан мижозлар хизматида бўлади. Шунингдек, туризм манзилларига олиб борувчи равон йўллар қурилади. 

Айтиш керакки, Бухоронинг туристик салоҳияти фақат вилоят маркази билан чекланиб қолмайди. Воҳада зиёрат, экологик, агротуризм каби қатор йўналишларни кенг равнақ топтириш имконияти мавжуд. Шундан келиб чиққан ҳолда, “Етти пир” зиёратгоҳларида миллий услубдаги меҳмонхоналар қурилиши, миллий таомлар тайёрлайдиган ошхоналар, совғалар сотиладиган савдо расталари барпо этилиши айни муддаодир. Қолаверса, Шофиркон туманидаги Оғитма кўли атрофида ўзига хос туризм инфратузилмаси юзага келади. Ноёб ҳайвонлар ва қушлар маскани бўлган “Жайрон” экологик марказида “Ташриф маркази” тўлиқ таъмирланиб, атрофида зоология боғи барпо қилинади. Пешку туманидаги Қорақир кўли табиати ҳам ўта мафтункор. Бу ерда ташкил этиладиган янги йўналиш — ов, пляж ва спорт туризми ихлосмандларининг гавжум масканига айланиши, шубҳасиз. Абу Али ибн Сино таваллуд топган қадимий Афшона қишлоғидаги музей атрофида эса ихтисослаштирилган уй-шифохоналар фаолияти йўлга қўйилаяпти.

Табиийки, воҳанинг туристик салоҳиятини дунёга кўрсатишга хизмат қилувчи тадбирлар ҳам мунтазам ўтказилади. Бунда “Ипак ва зираворлар” фестивали, “Қовун сайли”да тўпланган тажриба қўл келади.

Қарорда кўрсатиб ўтилганидек, соҳа учун малакали кадрлар тайёрлаш масаласи бугунги кунда долзарб аҳамиятга эга. Бухоро давлат университетида ушбу масала ечимига киришилди, яъни сайёҳлик кафедраси негизида туризм факультети фаолияти йўлга қўйилди.

— Ҳозирги кунда туризм, меҳмонхона хўжалигини ташкил этиш ва бошқариш, хизматлар йўналишларида ёш мутахассисларни тайёрлаяпмиз, — дейди мазкур факультет декани, иқтисод фанлари номзоди Аброр Жўраев. — Туризм таълими бўйича халқаро ҳамкорликни йўлга қўйдик. Булар соҳада сервис хизматини жаҳон андозалари даражасида ташкил этишда муҳим роль ўйнайди.

Умуман, қарорда шу ва бошқа қатор долзарб вазифалар кўзда тутилган бўлиб, ҳозирги пайтда улар бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар изчил амалга оширилмоқда. Бу саъй-ҳаракатлар мазкур ҳужжатда белгиланганидек, ҳудудда 2017 — 2021 йиллар мобайнида сайёҳлик хизмати ҳажмини 2,1, шунга мос равишда сайёҳлар сонини 1,9 марта ошириш имконини беради.

Истам ИБРОҲИМОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn