Ёш ватанпарварлар беллашуви
  • 08 Июнь 2017

Ёш ватанпарварлар беллашуви

Жиззахда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари ўртасида “Шунқорлар” ҳарбий-спорт мусобақасининг республика босқичи бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳридан 14 жамоа қатнашди.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа, Олий ва ўрта махсус таълим, Соғлиқни сақлаш, Маданият вазирликлари, Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти ҳамкорлигида -уюштирилган ушбу мусобақалар ёшларимиз орасида спортни оммалаштириш, уларни ҳарбий хизматга тайёрлаш, қалбида Ватанга садоқат ва муҳаббат туйғуларини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.

— Беллашувлар бошланишидан аввал иштирокчилар Жиззах шаҳридаги Хотира хиёбонида Мотамсаро она ҳайкали пойига гуллар қўйишди, — дейди “Камолот” ЁИҲ Жиззах вилояти кенгаши бўлим бошлиғи Нормуҳаммад Йўлдошев. — Шундан сўнг Жиззах олий ҳарбий авиация билим юртида курсантлар учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар.

Жамоалар сафда юриш ва қўшиқ айтиш, умумсиёсий, жисмоний тайёргарлик, мерганлик, турникда тортилиш, тўсиқлар йўлагидан ўтиш, қуролларни қисмларга ажратиш ҳамда йиғиш каби қатор йўналишлар бўйича ўзаро баҳслашди.

Якунда Фарғона туманидаги Компьютер технологиялари касб-ҳунар коллежининг “Жалолиддин Мангуберди” жамоаси биринчи, Тайлоқ туманидаги Тадбиркорлик ва сервис касб-ҳунар коллежининг “Ёш десантчилар”и иккинчи, Шароф Рашидов туманидаги Транспорт ва саноат касб-ҳунар коллежининг “Соҳибқирон” жамоаси учинчи ўринни эгаллади.

Ғолиб ҳамда фаол иштирокчилар ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалар билан тақдирланди.

Т. ЭШҚОБИЛОВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn