Юқори малакали ҳарбий кадрлар
  • 07 Июнь 2017

Юқори малакали ҳарбий кадрлар

Қуролли Кучларимизнинг таянчи ва суянчидир

Аммо бу борадаги ишларни янги босқичга кўтаришни бугун ҳаётнинг ўзи тақозо қилаётир.  Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев мамлакатимиз Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 25 йиллиги муносабати билан Ватан ҳимоячиларига йўллаган байрам табригида барча бўғиндаги профессионал ҳарбий кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш билан боғлиқ қатор долзарб вазифаларга алоҳида эътибор қаратган эди. Хусусан, мутлақо янги Қуролли Кучлар академиясини ташкил этиш ва уни том маънода ҳарбий илм-фан марказига айлантириш кўзда тутилган бўлиб, ўтган даврда шу йўналишда кенг кўламли ишлар рўёбга чиқарилди. Қолаверса, сўнги вақтларда мамлакатимизда ҳарбий кадрлар тайёрлаш ва олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун номзодларни танлаб олиш бўйича бир қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги томонидан ўтказилган матбуот анжуманида шулар хусусида батафсил сўз юритилди. Ўз навбатида, мутахассислар томонидан Қуролли Кучлар академияси, Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти, Самарқанд олий ҳарбий автомобиль қўмондонлик-муҳандислик билим юрти, Жиззах олий ҳарбий авиация билим юрти, Тошкент Ахборот технологиялари университетининг Махсус факультети, Тошкент тиббиёт академияси ҳузуридаги Ҳарбий-тиббиёт факультети ҳамда сержантлар тайёрлаш мактабларида ҳарбий кадрлар тайёрлаш тизимига жорий этилаётган янгиликлар ҳақида маълумот берилди.

— Ҳеч бир соҳани малакали ва етук кадрларсиз тасаввур этиб бўлмайди, — дейди Мудофаа вазирлиги Ҳарбий кадрларни тайёрлаш бошқармаси бўлим бошлиғи, подполковник Ҳасан Халилов. — Шундан келиб чиқиб, ҳарбий кадрлар тайёрлаш тизимида ҳам қатор ислоҳотлар олиб борилмоқда. Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 26 майдаги қарори билан олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга кирувчи номзодларни квотага мувофиқ тақсимлашни ўз ичига олган ягона танлов тизими жорий қилинди. Қолаверса, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида олий ҳарбий таълим муассасасига ўқишга кириш истагида юрган ўқувчиларнинг умумтаълим даражасини ошириш мақсадида бир нечта фанлардан 100 соатлик қўшимча машғулотлар йўлга қўйилди. Буларнинг барчаси пировардида кўзда тутилган мақсад ва вазифаларга эришишга -хизмат қилади.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn