Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш йўлида
  • 03 Июнь 2017

Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш йўлида

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида (80, 93, 108, ва 109-моддаларига)”ги Қонун ҳамда “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонун имзоланди ҳамда матбуотда эълон қилинди. Мухбиримиз ушбу ҳужжатларнинг аҳамияти ҳақида парламент аъзолари ва экспертларга мурожаат қилди.

Муҳаммаджон МАҚСУДОВ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси:

— Бугунги шиддат билан ривожланиб бораётган замон талаби ҳамда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли тадрижий ислоҳотлар Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ҳам ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни тақозо этиши табиий. Қолаверса, Президентимизнинг қатор Фармон ҳамда қарорларида, 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган, юртимиз тараққиётини янги босқичга олиб чиқувчи вазифаларни рўёбга чиқаришда ҳуқуқий ислоҳотларнинг ўрни ва таъсири катта. Шу маънода, мамлакатни жадал тараққий топтириш чора-тадбирларига ҳамоҳанг равишда ҳуқуқий базани шакллантириб боришга, ҳуқуқий ислоҳотларнинг амалий ислоҳотлардан ортда қолмаслигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётир.

Конституциямизнинг 80 ва 93-моддаларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 21 апрелдаги “Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони талабларидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси этиб қайта ташкил этилганлиги ва у ўз фаолиятида Ўзбекистон -Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот бериши ҳамда Қўмитанинг раиси ва раис ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тақдимномасига биноан лавозимга тайинланиши ҳамда лавозимидан озод қилиниши белгилангани билан боғлиқ ўзгартишлар киритилди. Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисини лавозимга тақдим этиш, тайинлаш ва уни лавозимидан озод этиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида унинг ҳисоботини эшитиш масалаларига тегишли нормалар Асосий Қонундан чиқарилди.

Ушбу конституциявий янгиликлар атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасида фаолият кўрсатаётган давлат назорати ва бошқаруви органларининг тизимли иш олиб бориш натижадорлигини оширади, бу борада идоралараро самарали ҳамкорликни таъминлайди.

Гулнора ТЎРАЕВА, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси:

— Суд тизимини кенг ислоҳ қилиш мақсадида Конституциямизга киритилган ўзгартишлар юртимизда ҳуқуқий давлат асосларини янада мустаҳкамлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ишлаб чиқилган ва бугун ҳаётимизда муҳим дастуриламал ҳисобланган 2017 — 2021 йилларда мамлакатимизни ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ҳамда унга ҳамоҳанг тарзда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ўтган йил октябрь ва шу йил февраль ойларида қабул қилинган фармонларида суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, судларнинг нуфузини ошириш, суд тизимини демократлаштириш ҳамда такомиллаштириш устувор вазифа сифатида белгиланган.

Суд соҳасидаги ислоҳотларнинг давоми сифатида тан олинган амалий халқаро тажрибадан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг ваколатлари доираси кенгайтирилиши сабабли ҳамда суд ҳокимиятининг мустақиллигини мустаҳкамлаш, судьялар ҳамжамиятининг ягоналигини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди фаолиятига қатор ўзгартишлар киритилди.

Хусусан, “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, Конституциявий суд Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тавсия этган шахслар орасидан, Қорақалпоғистон Республикасининг вакилини қўшган ҳолда сайланади. Конституциявий суд раиси ва унинг ўринбосари конституциявий суд мажлисида унинг судьялари орасидан сайланади.

Шуни қайд этиш керакки, мазкур Конституциявий қонунни тайёрлашда Франция, Германия, Испания, Италия, Россия Федерацияси, Қозоғистон, Беларусь каби мамлакатларнинг конституциявий судлов ишларини юритиш соҳасидаги тажрибаси ўрганилган. Ушбу янгиликлар Конституциявий суднинг фаолияти самарадорлиги ва нуфузини оширишга замин яратади.

Абдуманноб РАҲИМОВ, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг катта эксперти:

— Конституциявий одил судловнинг самарали амалга оширилиши қонун ҳужжатларининг давлат органлари мансабдор шахслари томонидан ўзбошимчалик билан талқин этилиши ҳамда қўлланилишидан фуқаролар ва тадбиркорлик субъект-ларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда энг муҳим кафолат ҳисобланади. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди мамлакатимиз суд ҳокимиятининг муҳим бўғини ҳисобланиб, унинг фаолияти Конституциямизни муҳофаза қилишга қаратилган, десак, янглишмаган бўламиз.

Конституциявий қонунга кўра, Конституциявий суднинг ваколатлари янада кенгайтирилди. Жумладан, Конституциявий суд Ўзбекистон Республикаси конституциявий қонунларининг ҳамда халқаро шартномаларини ратификация қилиш тўғрисидаги қонунларининг — улар имзолангунига қадар Конституцияга мувофиқлигини аниқлаш, Олий суднинг муайян ишда қўлланилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисидаги мурожаатини кўриб чиқиш, шунингдек, ҳар йили Олий Мажлис палаталарига ва Ўзбекистон Республикаси Президентига мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисида ахборот тақдим этиш каби қўшимча ваколатларга эга бўлди.

Бундан ташқари, Конституциявий қонун билан Конституциявий судга масалалар киритиш ҳуқуқига эга бўлган субъектлар доираси кенгайтирилди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳамда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Конституциявий суд кўриб чиқиши учун масалалар киритиш ҳуқуқига эга субъектлар қаторидан ўрин олди.

Қисқача айтганда, ушбу ҳужжат мамлакатимиз мустақил тараққиётида суд ҳокимиятини, жумладан, конституциявий судлов фаолиятини ҳар томонлама ислоҳ қилиш, Асосий Қонунимизда мустаҳкамланган ғоя ва тамойилларни, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли муҳофаза этувчи тамомила мустақил тизимга айлантиришда муҳим асос бўлиб хизмат қилади.

Қобил ХИДИРОВ ёзиб олди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn