Дастурий вазифалар ва истиқболли лойиҳалар
  • 02 Июнь 2017

Дастурий вазифалар ва истиқболли лойиҳалар

ҳудудлар иқтисодий салоҳияти юксалишига хизмат қилади

Президентимиз жорий йилнинг 27-28 январь кунлари Хоразм вилоятига ташрифи давомида барча жабҳадаги ислоҳотларни янги босқичга кўтариш, ҳудуд тараққиётини таъминлашга қаратилган улкан лойиҳаларни амалга ошириш, саноатни жадал равнақ топтириш, фойдаланилмаётган имкониятларни ишга солиш ва экспорт ҳажмини ошириш бўйича  аниқ вазифаларни белгилаб берган эди. Шундан келиб чиқиб, 2017-2018 йилларда воҳани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури доирасида 4 ярим мингдан ортиқ лойиҳаларга умумий қиймати 2 триллион 667 миллиард сўм миқдорида инвестициялар жалб этиш ҳамда 29 мингга яқин иш ўринлари яратиш чора-тадбирлари ишлаб чиқилди.

Шулардан 2587 тасини жорий йилда рўёбга чиқариш кўзда тутилган. Бунинг ҳисобига умумий қиймати 1 триллион 12 миллиард сўмлик сармоялар ўзлаштирилади. Натижада йил якунида воҳада биргина саноат тармоқлари томонидан тайёрланаётган маҳсулотлар ҳажмига яна 200 миллиард сўмлик кўрсаткич қўшилади. Ҳозир бу борадаги -амалий ишлар қизғин давом эттирилаяпти. Ўтган қисқа даврда мазкур йўналишда  37 та бизнес-режа ижро этилиб, қарийб 116 миллиард сўмлик инвестициялар киритилгани бунинг тасдиғидир. 

Эътиборлиси, айни кунда вилоятнинг ҳар бир туманида замонавий корхоналар қад ростлаяпти. Хусусан, Ҳазорасп туманида “Ҳазорасп” эркин иқтисодий зонаси ташкил этилгани янги имкониятлар эшигини очди. Бу ерда фаолият бошлайдиган субъектларда гўшт консервалари, кир ювиш машинаси, чангюткич, шифер ва темир-бетон буюмлари ҳамда қандолат маҳсулотлари каби юқори сифатли халқ истеъмоли товарлари тайёрланади. Бинобарин, яқин истиқболда Ҳазораспда иккита, Гурлан туманида битта тўқимачилик, Шовот, Янгиариқ, Хонқа туманлари ҳамда Урганч шаҳрида биттадан пойабзал ва чарм-атторлик, Боғот, Хива, Шовот туманларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, Қўшкўпир ва Хива туманларида фармацевтика корхоналари ишга туширилади.

Албатта, буларнинг барчаси пировардида воҳа иқтисодий салоҳиятининг юксалиши, янги турдаги маҳсулотлар ўзлаштирилиши, шунингдек, аҳоли, айниқса, ёшлар бандлиги таъминланишига хизмат қилади. Мазкур лойиҳалар шарофати билан ҳудуд -инфратузилмаси, меъморий қиёфаси ҳамда коммуникация тармоқлари такомиллашади. Шу мақсадда бундай корхоналарга муайян имтиёзлар ҳам берилган. Масалан,  Янгиариқ, Қўшкўпир, Ҳазорасп туманларида янги ташкил этиладиган саноат тармоқлари 2027 йилнинг 1 январигача, бошқа туманларда эса 2022 йилнинг 1 январигача барча турдаги солиқ ва тўловлардан озод қилинган. 

Шовот туманида фаолият бошлаган масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Узтех Катқалъа” қўшма корхонаси жамоаси ҳам бундай имкониятлардан фойдаланиб, катта муваффақиятларга эришишни мақсад қилган. Яқинда бу ерда йилига 70 миллион жуфт эркаклар, аёллар ва болалар пайпоқлари ишлаб чиқаришга киришилди. Бунинг учун Европанинг етакчи давлатларидан замонавий дастгоҳлар олиб келиб ўрнатилди. -Натижада 800 дан зиёд иш ўринлари яратилди. Ҳадемай, ушбу МЧЖ экспортчилар сафига қўшилиб, тўқимачилик ашёларининг 95 фоизини ташқи бозорга чиқаради. Ҳозир эса “Узтех Катқалъа” ишчи-мутахассислари кунига 100 — 120 минг жуфт пайпоқни харидорларга етказиб бераяпти. 

— Шовот енгил саноат коллежини тугаллаб, шу жамоа сафига қўшилдим, — дейди Шоҳида Шомуродова. —  Бу ерда тенгдошларим қатори компьютерлаштирилган дастгоҳларни бошқараяпман. Цехларимиз озода. Унумли меҳнат қилишимиз учун барча шароит яратилган. Шундай замонавий корхонада ишлаётганимдан мамнунман.

Ойбек РАҲИМОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Шомурот ШАРАПОВ 

олган суратлар.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn