Аср вабоси ҳушёрлик ва огоҳликни талаб этади
  • 02 Июнь 2017

Аср вабоси ҳушёрлик ва огоҳликни талаб этади

Маълумки, БМТ Бош Ассамблеяси томонидан “26 июнь — Халқаро гиёҳвандликка қарши кураш куни” сифатида белгиланиб, дунё ҳамжамияти томонидан ушбу йўналишда изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, мамлакатимизда мазкур масалага алоҳида эътибор қаратиб келинаётир.

Соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш орқали ёш авлодни тарбиялаш, наркотик моддаларнинг ноқонуний айланиши билан боғлиқ муаммоларга жамият эътиборини қаратиш, аҳолининг гиёҳвандликнинг салбий оқибатлари ҳақидаги огоҳлигини оширишга доир саъй-ҳаракатлар бунинг яққол тасдиғидир. Шу мақсадда ҳар йили юртимизда июнь ойи  “Гиёҳвандликка қарши кураш ойлиги” деб эълон қилиниб, унинг доирасида кенг қамровдаги ишлар рўёбга чиқарилмоқда.

Жорий йилги ушбу ойликка ҳам пухта ҳозирлик кўрилди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил марказидан олинган маълумотларга кўра, Халқаро гиёҳвандликка қарши кураш кунига бағишланган ойликни ўтказиш бўйича тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Эътиборлиси, ойлик давомида давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида барча ҳудудда эртамиз эгалари бўлган ёшларни кенг жалб қилган ҳолда, таниқли спортчи ва санъаткорлар иштирокида хайрия акциялари ташкил этилади. Умумтаълим мактабларининг юқори синфлари ўқувчилари ўртасида “Биз гиёҳвандликка қаршимиз!” шиори остида расмлар кўрик-танлови бўлиб ўтади. 

Шунингдек, “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастури доирасида ички ишлар органлари ва соғлиқни сақлаш муассасалари вакиллари иштирокида маҳаллаларда турли учрашувлар уюштирилиб, уларга кенг аҳоли қатламларини жалб этиш режалаштирилган.

Қолаверса, болаларни ёзги соғломлаштириш ва ҳарбий-спорт оромгоҳларида Халқаро гиёҳвандликка қарши кураш кунига бағишланган танловлар, мулоқотлар ва спорт мусобақалари ўтказилиши ҳам кўзда тутилган.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, мамлакатимиз ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари томонидан трансмиллий наркогуруҳларнинг ғайриқонуний фаолиятини аниқлаш ва уларга чек қўйиш, контрабанда каналларини тўсиш, гиёҳвандлик экинларини йўқ қилиш, гиёҳвандликнинг олдини олиш бўйича махсус тадбирлар мажмуи ҳаётга татбиқ этилмоқда. Масалан, Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ахборот хизмати маълумотига қараганда, пойтахтлик Ю. Венера номига хориждан юборилган почта жўнатмаси божхона кўригидан ўтказилганда, буюмлар орасида “CN-23” шаклидаги божхона декларациясида кўрсатилмаган 30 дона “Zolpidem Hemitartate” номли психотроп таблетка, 

8 турдаги 410 дона дори воситаси борлиги аниқланди. Яна бир мисол: фуқаро К. Алишер номига хориждан келган почта жўнатмаси божхона кўригидан ўтказилганида, 24 дона “Rokacet Plus” номли таркибида психотроп моддаси бўлган таблетка ва 2 турдаги 88 дона дори воситаси борлиги маълум бўлди.

Ҳозирги пайтда мазкур ҳолатлар юзасидан айбдор шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 246-моддаси билан жиноят иши қўзғатилди.

Умуман, “Гиёҳвандликка қарши кураш ойлиги” доирасида амалга ошириладиган ишлар кўлами кенг бўлиб, бу ҳар бир юртдошимиздан янада ҳушёрлик ва фаолликни талаб этади. Бинобарин, ҳозирги пайтда дунё бўйича 240 миллион киши “Аср вабоси” дея ном олган гиёҳвандликка мубтало бўлгани ва йилига 180 минг киши шунинг таъсирида -вафот этаётгани ҳам унинг нақадар хатарли иллат эканлигини кўрсатади. Шундай экан, ундан ўзимиз, оиламиз, фарзандларимиз, қисқача айтганда, бутун жамиятни асраб-авайлаш ҳар биримизнинг бирламчи вазифаларимиздан бўлмоғи керак.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn