Экологик тарбия оилада шаклланади
  • 01 Июнь 2017

Экологик тарбия оилада шаклланади

Сўнгги ярим асрдан кўпроқ вақт давомида Ер юзи аҳолиси сони 3,8 баравар кўпайди. Айни пайтда қоғоз ишлаб чиқариш 15 марта, электр ишлаб чиқариш корхоналари қуввати 21, нефть қазиб олиб олиш 7, табиий газ ишлаб чиқариш эса 15 карра ортди. Яъни инсоннинг табиат неъматларини ўзлаштириши заминимиз аҳолиси сони ўсишига номутаносиб равишда кечмоқда. Бунинг оқибатида дунёда тоза ичимлик суви муаммоси кучайиб, чўллашиш жараёни кенгайди, ҳайвонот ва наботот оламининг кўплаб турлари йўқолиб кетиш арафасида турибди.

Халқаро пресс-клубнинг кеча бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида сўзга чиққанларнинг қайд этишича, мазкур муаммоларнинг олдини олиш учун зудлик билан тегишли чоралар кўрилмаса, вазиятни ўнглаш имконияти камайиб бораверади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Борий Алихановнинг таъкидлашича, сўнгги пайтларда Президентимиз ташаббуси билан ҳаётга татбиқ этилаётган қарорлар, тадрижий чора-тадбирлар экология муаммолари юртимиз учун долзарблигини кўрсатади. Буни 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида рўёбга чиқарилаётган ишлар ҳам тасдиқлайди.

Жумладан, давлатимиз раҳбари Фармони билан республикада экологик хавфсизликни таъминлаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат бошқарувини тубдан такомиллаштириш, экологик ҳолатни яхшилаш, чиқиндиларнинг фуқаролар соғлиғига зарарли таъсирини олдини олиш, аҳоли турмуш даражаси ҳамда сифатини ошириш учун қулай шароитлар яратиш, маиший чиқиндиларни йиғиш, сақлаш, ташиш, утилизация қилиш, қайта ишлаш ва кўмиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ташкил этилди.

Қўмита ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот бериши белгилаб қўйилди. Ушбу янгиликлар Конституциямизга киритилган сўнгги ўзгартиш ҳамда қўшимчаларда ҳам ўз аксини топди.

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси ўринбосари Ўктам Ўтаевнинг билдиришича, ушбу конституциявий янгиликлар қўмита зиммасига юклатилган вазифалар бажарилиши устидан давлат бошқаруви ҳамда назорат тизимини такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этади. Шу билан бирга, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасида фаолият юритаётган давлат назорати ҳамда бошқаруви органларининг тизимли иш олиб бориш самарадорлигини юксалтиради, бу борада идоралараро самарали ҳамкорликни таъминлайди.

БМТ Тараққиёт дастурининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси вакиллари глобал миқёсда экология масалаларига қаратилаётган эътибор, шу жумладан, Ўзбекистонда амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақида батафсил маълумот беришди. Айниқса, Ўзбекистоннинг шу йил апрель ойида иқлим ўзгаришлари бўйича Париж битимига қўшилгани алоҳида эътироф этилди.

Мазкур битим 2015 йил 12 декабрда Парижда Иқлим бўйича бўлиб ўтган конференция чоғида қабул қилинган эди. Битимдан кўзланган мақсад ҳароратнинг глобал ўсишини Цельсий шкаласи бўйича ўртача 2 даражадан паст ҳолатда ушлаб туриш ва ҳарорат ўсиши Цельсий шкаласи бўйича 1,5 даражада чекланиши учун саъй-ҳаракатларни ишга солишдан иборат.

Б. Алихановнинг айтишича, Париж битими Киото протоколининг мантиқий давоми ҳисобланади. Киото протоколи 20 йилдан ортиқ муддат давомида амал қилди. Мамлакатимиз Киото протоколи бўйича зиммасига олган барча мажбуриятни бажарди. Бу хусусда тегишли тузилмаларга мунтазам ахборот бериб келинди. Ўзбекистон Париж битими талабларини бажаришни давом эттиради. Чунки экотизим — ягона. Бунда барча давлатлар фаол қатнашиши керак.

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш бош бошқармаси бошлиғи Надежда Доценконинг маълум қилишича, Париж битими талаблари асосида ҳозирги кунда ялпи ички маҳсулотдан келиб чиқиб, атмосферага ис газини чиқариш бўйича миллий кўрсаткичларни ишлаб чиқиш белгиланган. Бу борада манфаатдор вазирлик ҳамда идоралар томонидан тегишли саъй-ҳаракатлар олиб борилаяпти. Бунда мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши доирасида 2030 йилга бориб, атмосферага чиқарилаётган ис гази миқдорини 2010 йилдагига нисбатан тахминан 10 фоиз камайтириш имкониятлари кўриб чиқилмоқда.

Йиғилишда яна бир муҳим масалага алоҳида эътибор қаратилди. Жойларда учраётган экологик жиноятлар, ўз навбатида, жавобгарлик чораларини сезиларли даражада кучайтириш, қонунбузарликлар учун жазо муқаррарлигини таъминлаш, атроф-муҳит қонунчилигига жиддий ўзгартишлар киритишни талаб қилаётир.

Масалан, қўмита томонидан ўтган йили табиатни асраш соҳасига оид 18 мингдан ортиқ маъмурий ҳуқуқбузарликлар аниқланган. Уларнинг 40 фоизи бевосита атроф-муҳитнинг чиқиндилар билан ифлосланишига боғлиқдир. Дарахтларни ноқонуний кесишга оид 3000 дан зиёд ҳолатлар қайд этилган. Бу эса, айниқса, аҳолининг кескин эътирозига сабаб бўлаётгани иштирокчилар томонидан кўрсатиб ўтилди.

Биохилмахиллик ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси бўлим бошлиғи Олимжон Қаҳҳоровнинг айтишича, фуқароларнинг мурожаатлари асосида турли мониторинг тадбирлари ўтказиб келинаяпти. Хусусан, Чирчиқ дарёси юқори оқимида олиб борилган рейдлар натижасида дарё бўйида 200 дан ортиқ иншоотлар ноқонуний қурилгани аниқланди. Ушбу масала бўйича мутасадди идоралар билан ҳамкорликда тегишли чоралар кўрилмоқда. Умуман, мазкур муаммоларни ҳал этиш мақсадида назорат инспекцияси, унинг ҳудудий тузилмалари фаолияти такомиллаштирилаяпти, ходимлар сони кўпайтирилмоқда.

Журналистлар, шунингдек, “Янги Ангрен” иссиқлик электростанциясида ёқилғи сифатида ишлатилган кўмир кулини утилизация қилиш масаласига эътибор қаратишди. “Ерсувназорат” бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Нўъмонжон Шокировнинг билдиришича, ҳозирги кунда мазкур иншоотда 15 миллион тоннадан кўпроқ кўмир кули тўпланиб қолган. Қўмита назорати остида ҳар йили тегишли чора-тадбирлар кўрилаяпти. Мисол учун, ўтган давр мобайнида 630 минг тоннадан зиёд кул шлаклари цемент, шлокоблок ишлаб чиқарувчи корхоналарга етказиб берилди. Жорий йилда 470 минг тоннадан ортиқ бундай саноат чиқиндисини ишлаб чиқариш корхоналарига қўшимча хом ашё сифатида етказиб бериш кўзда -тутилган.

Она табиатни асраш, атроф-муҳит мусаффолигини сақлаш, тозалик, озодалик, поклик — халқимизга хос қадрият. Ёшларда экологик маданиятни, табиатга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш кўникмасини шакллантириш, уларнинг экологик билимларини янада бойитиш муҳим аҳамиятга эга. Шу сабабли ҳам халқаро ҳамжамият томонидан “5 июнь — Бутунжаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни” сифатида кенг нишонланади. Мазкур сана атроф-муҳитни асраб-авайлаш бўйича билимларни чуқурроқ эгаллаш, уларни кенг тарғиб этиш ишларига янгича шукуҳ бағишлайди. Жорий йил ушбу сана “Мен табиат билан биргаман” шиори остида нишонланаётгани ҳам бежиз эмас.

Халқаро пресс-клуб мажлисида таъкидланганидек, табиатни асраб-авайлаш қон-қонимизга сингиб кетган хислат. Бугун глобал экологик муаммоларни ҳал қилиш учун ҳар бир кишининг экологик маданияти юксак бўлиши керак. Шу маънода, экологияга ижобий муносабат оилада шаклланади. Бинобарин, юртимизда болалар боғчаларидан тортиб, олий таълимгача бўлган тизимда экологик таълимга алоҳида урғу берилаяпти.

Мажлисда, ўз навбатида, Орол денгизи фожиаси оқибатларини юмшатиш, Оролбўйида экотизимни тиклаш бўйича амалга оширилаётган ишлар, трансчегаравий дарёлардан оқилона фойдаланиш юзасидан юртимиз олиб бораётган сиёсат, заҳарли чиқиндиларни йўқ қилиш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар хусусида ҳам батафсил ахборот берилди.

Қобил ХИДИРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn