Табассуми беғубор, орзулари бир олам
  • 01 Июнь 2017

Табассуми беғубор, орзулари бир олам

Навқирон авлоднинг камолоти йўлида ғамхўрлик ва эътибор кўрсатиш, уларнинг ижодий-интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, ижтимоий ҳолати, миллатидан қатъи назар, болаларнинг эзгу орзулари ижобати йўлида кенг имкониятлар эшигини очиб бериш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган.

Бинобарин, мамлакатимизда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш давлат сиёсатининг стратегик йўналишларидан бири этиб белгиланганки, бунинг замирида миллат генофондини яхшилашдек улуғвор мақсад мужассам. Юртимизда 2000 йил “Соғлом авлод йили”, 2001 йил “Оналар ва болалар йили”, 2008 йил “Ёшлар йили”, 2010 йил “Баркамол авлод йили”, 2014 йил “Соғлом бола йили”, 2016 йил “Соғлом она ва бола йили” деб эълон қилингани ҳамда шу муносабат билан Давлат дастурларининг бажарилгани бу борадаги эзгу ишларга мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Маълумот учун айтиш жоизки, мустақиллик йилларида бола ҳуқуқларига доир 100 дан ортиқ қонун ҳужжатлари қабул қилинди. Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси болалар ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга оид 38 та халқаро ҳужжатнинг иштирокчисидир.

Фарзанд туғилганида нафақат ота-она, балки яқинлар ҳам хурсанд бўлади. Жамиятда ҳар бир инсон фарзанд кўрган кунни ҳаётининг энг қувончли онларидан бири, деб билади. Фарзанд туққан аёл қадр топади. Оналик шарафига муяссар бўлади. Ўзини бахтиёр ҳис қилади. Ота, айниқса, биринчи фарзанди дунёга келганида еру кўкка сиғмайди. Хонадондан гўдак йиғиси ва яқинларининг кулгиси эшитилади.

Халқимиз уй қуриб, тўй қилиб чарчамайдиган, фарзанд учун жонини берадиган, етимнинг бошини силаган халқ. Шу ўринда таққос ва хулоса учун ушбу далилларга эътибор қаратинг: Европанинг айрим давлатларида туғилиш даражаси пасайиб кетди. У ердагилар: “Фарзанд ҳаёт завқига халал беради”, деган фикрдадирлар. Қолаверса, аборт қилдириш  қонунийлашгани ва ишлаётган аёллар фарзанд кўришни хоҳламаслиги “кўҳна қитъа”да туғилишнинг кескин камайишига сабаб бўлмоқда.

ўарб давлатларининг ўн бештасида ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, бир аёлга 1,3 бола тўғри келади. Хусусан, Европа Иттифоқига аъзо ўлкаларда туғилиш жуда кам. Чехия, Словения, Латвия ва Польша давлатлари туғилиш бўйича охирги 10 йилда энг паст кўрсаткичга тушган. Агар Чехияда ҳолат шу зайлда давом этса, 40 йилдан сўнг аҳоли сони 20 фоиз камаяркан.

Таассуфки, бир қатор давлатларда ёшлар жиддий муаммолар билан тўқнаш келади. Ўн миллионлаб ўғил-қизлар мактабга қатнамайди. Қатнайдиганлари ҳам етарлича билим олиш имкониятига эга эмас. Айрим мамлакатлардаги нотинч вазият, ишсизлик охир-оқибатда фарзандлар тақдирини аянчли ҳолатга солиб қўймоқда. 

Бу маълумотлар билан танишганда, беихтиёр юртимизда фарзандларимиз учун яратиб берилган шарт-шароитлар кўз олдимизга келади. Негаки, бугунги кунда амалга оширилаётган барча ижобий ўзгаришлар замирида ҳар томонлама баркамол — жисмонан соғлом, ақлан етук, нафақат кўплаб билимларни, ҳозирги даврда талаб катта бўлган касб-ҳунарларни эгаллаган, мустақил ва ижодий фикрлашга қодир, интеллектуал салоҳияти юксак ёш авлод тўғрисида ғамхўрлик қилишдек устувор мақсадлар мужассам. 

Қолаверса, юртимизда имконияти чекланган болалар учун ҳам алоҳида ғамхўрлик кўрсатилади. “...Ҳар бир бола оила бағрида яшасин, мактабга қатнасин, тенгдошлари билан мулоқотда бўлсин, спорт билан шуғуллансин ва ўзини бахтиёр ҳамда ҳимояланган  деб  ҳис қилсин”, деган шиор остида фаолият юритувчи Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги мустақил  ташкилот — Республика болалар ижтимоий мослашув маркази (РБИММ) ана шу эзгу мақсадга хизмат қилмоқда. 

Тасаввур қилинг: фарзанд жисмонан улғаймоқда, аммо руҳий ва ақлий жиҳатдан орқада қолаяпти. Буни сезган ҳар бир ота-она, табиийки, ташвишга тушади, изтироб чекади. Ваҳолонки, ташвишланишга ҳожат йўқ. Зеро, ушбу марказда имконияти чекланган болалар ўртасида инклюзив таълимни йўлга қўйиш, ҳимояга муҳтож болалар ва уларнинг оилаларига мажмуавий, манзилли психологик-педагогик ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш каби вазифалар бажарилади. Бундан ташқари, у ерда ижтимоий ночор гуруҳдаги жисмоний-руҳий ёки ақлий ривожланишида нуқсони бўлган, оғир сурункали касалликларга чалинган ногирон болаларга алоҳида меҳр кўрсатилади. Уларнинг соғлом тенгдошларидан қолишмай тарбия топишларига кўмак берилади. Бинобарин, марказ Халқ таълими, Соғлиқни сақлаш, Олий ва ўрта махсус, Маданият вазирликлари, “Соғлом авлод учун”, “Маҳалла” хайрия жамғармалари, “Камолот” ёшлар ижтимоий  ҳаракати каби давлат ва ноҳукумат ташкилотлари, шунингдек, БМТнинг Ўзбекистондаги  агентликлари — ЮНИСЕФ, ЮНЕСКО, Тараққиёт Дастури ва бошқа халқаро тузилмалар билан ҳамкорлик қилиши ҳам бежиз эмас.  

Марказнинг Ахборот-консалтинг хизмати (АКХ) ҳимояга муҳтож болалар гуруҳига амалий-мажмуавий ёрдам кўрсатиш учун ташкил этилган. Мутахассислар томонидан илмий-услубий, ҳуқуқий, психологик-педагогик, таълимий хизматлар амалга оширилиб, коррекция ва реабилитация ишлари олиб борилади. Бугунги кунга қадар бу ерда ногиронлиги ва психологик муаммоси (болалар мия фалажи, психик ва нутқий ривожланишида кечикиш, турли даражадаги  ақлий қолоқлик, болалар аутизми, Даун синдроми) бўлган 1 ёшдан 18 ёшгача оралиқдаги болаларга ёрдам берилади. Умуман гапиролмайдиган, эшитмайдиган, юролмайдиган болалар мутахассислар муолажасидан сўнг шифо топиб кетган ҳолатлар кўп. Уларнинг ота-оналари кўзларида ёш билан ташаккур айтишади.  

Аслида, ҳар қандай жамият соғлом ва баркамол, Ватанига садоқатли, имон-эътиқодли фарзандлари билан фахрланади, уларга суянади. Шундай фазилатларга эга авлодни тарбиялаб вояга етказган халқ келажакка комил ишонч билан қарайди. Энг муҳими, оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлашга йўналтирилган бу каби эзгу ишлар 2017 йил — Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида ҳам давом эттирилиб, оилалар қувончига қувонч қўшаверади.

Боланинг шўх ва шодон кулгиси — унинг бахтиёрлиги, ота-онаси, яқинлари, ўз Ватани бағрида яйраб камол топаётганини ифодалайди. Қувончини ичига сиғдиролмаётган ўғил-қизнинг бундай ҳолати уларнинг соғ ва саломатлигидан дарак беради. Фарзанднинг тўрт мучаси бутун экан, ота-она ҳам бахтиёр, улар саодатманд экан, оила тинч, муқаддас қўрғон хотиржамлиги эса жамият ютуғидир.

Мақсуд ЖОНИХОНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Ҳасан ПАЙДОЕВ олган суратлар.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn