Сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш — долзарб вазифа
  • 01 Июнь 2017

Сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш — долзарб вазифа

Самарқандда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитасининг Ўзбекистон Республикасининг “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонуни доирасида мазкур вилоятда амалга оширилаётган ишларни ўрганиш натижаларига бағишланган мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар ҳамда сенаторлар, манфаатдор вазирлик ва ташкилотлар, вилоят ҳокимлиги вакиллари, журналистлар иштирок этди.

Сайёрамиздаги барча сув захирасининг 97 фоиздан ортиғи истеъмол учун яроқсиз ҳисобланиб, чучук сув ҳажми жуда кам миқдорни ташкил қилади. Бугун дунёдаги кўплаб давлатларда обиҳаёт танқислиги оғриқли масалалардан бири экани барчамизга яхши маълум.

Мамлакатимизда аҳоли томонидан ҳамда ишлаб чиқариш ва деҳқончилик тизимида сувдан тежамкорлик билан фойдаланиш масаласига устувор эътибор қаратилиб, мазкур ресурснинг барқарор таъминотини кафолатлаш юзасидан тизимли чора-тадбирлар олиб борилмоқда. Ўзбекистон Республикасининг “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонуни бу борада муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётир.

Тадбирда ушбу йўналишда Самарқанд вилоятида эришилаётган натижалар ҳамда олдинда турган долзарб вазифалар атрофлича муҳокама этилди.

Айни пайтда Самарқанд вилояти аҳолисининг марказлашган тоза ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 64 фоизни ташкил қилади. Ўтган йили ҳудудда 135 километр ичимлик суви тармоқлари қурилди. Натижада 37 та тураржой массиви, 80 та қишлоққа сифатли сув етказиб беришга муваффақ бўлинди. Шу билан бирга, 44 та ичимлик суви иншооти таъмирланди. Хусусан, Каттақўрғон шаҳар “Сувоқова” корхонасида қайта тозалаш ускунаси ўрнатилиши ҳисобига 64 мингдан ортиқ аҳолининг обиҳаётга бўлган эҳтиёжини тўлиқ таъминлаш имконияти юзага келди.

Вилоятда ер ости чучук сувлари ҳосил бўладиган 47467,2 гектар ер майдонига республика аҳамиятига эга муҳофаза этиладиган табиий ҳудуд мақоми берилган. Мазкур ҳудуддаги сувларнинг ифлосланиши ва саёзланишининг олдини олиш ишлари ҳам оқилона йўлга қўйилган. Зарафшон, Қорадарё ҳамда Оқдарёнинг сувни муҳофаза қилиш зоналари ва қирғоқбўйи ҳудудларда жойлашган, экологик жиҳатдан потенциал хавфли 57 та объект муҳофаза майдонларидан кўчирилган.

Ўтган йили, шунингдек, экин майдонларида сув таъминотини яхшилаш мақсадида 9 та насос агрегати ўрнатилди, 242,5 км. суғориш тармоғи ҳамда 869 та гидротехник иншоотда таъмирлаш-тиклаш ишлари бажарилди. 8,2 минг гектардан ортиқ майдонда сувни тежайдиган технологиялар жорий этилди. 920 гектардан зиёд майдонда томчилатиб суғориш тизимига ўтилди.

Бироқ, йиғилишда айтиб ўтилганидек, ҳудуд аҳолисига ичимлик суви етказиб бериш ва экин майдонларини суғориш масалаларида муаммо ҳамда камчиликлар ҳам йўқ эмас. Масалан, 21,4 фоиз ичимлик суви тармоғи ҳозирги кунда таъмирталаб аҳволдадир. Аксарият қишлоқ жойлардаги ичимлик суви тармоқлари санитария талаб ва меъёрларига жавоб бермайди.

Ўрганишлар айрим туманларда қишлоқ хўжалиги экинларини суғориш қоидаларига тўлиқ амал қилинмаётганини кўрсатди. Айниқса, Булунғур, Пахтачи туманларида сув сарфи юқори даражада қолган, ҳатто тупроқнинг унумдор қатламлари ювилиб кетиши ҳолатлари ҳам кузатилган.

Бундан ташқари, вилоятдаги сув истеъмолчилари уюшмаларининг иш ҳақи, электр энергияси, солиқ ҳамда бошқа мажбурий тўловлардан кредитор қарздорлиги, моддий-техника базаси, техника воситаларининг етарли эмаслиги, айрим туманлардаги сув истеъмолчилари уюшмаларида ирригация ва мелиорация ишларини бажарувчи техника воситалари йўқлиги ҳамда сувдан махсус фойдаланиш ёки сувни махсус истеъмол этиш учун рухсатнома беришда қонунбузилишлар мавжудлиги аён бўлди.

Иштирокчилар бу муаммоларни кечиктирмай ҳал қилиш, сув ресурсларини бошқариш ва муҳофаза этиш, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш бўйича давлат ҳамда ҳудудий дастурларнинг самарали ижросини таъминлашга қаратилган қатор тавсияларни билдирди.

Муҳокама якунларига кўра тегишли қарор қабул қилинди.

Мамадиёр ЗИЁДИНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn