Мамлакатимизда телеканаллар рейтинги жорий қилинади
  • 01 Июнь 2017

Мамлакатимизда телеканаллар рейтинги жорий қилинади

Бугун юртдошларимиз кўпроқ қайси телеканалларни томоша қилмоқда, ёшлар қандай теледастурларга қизиқиш билдираяпти?! Буларни қайси мезонлар орқали аниқлаш мумкин?

Мамлакатимизда яқинда ташкил этилган Ўзбекистон Миллий медиа кенгаши ушбу саволларга аниқлик киритиш, юртимиз ахборот бозорини янги босқичга олиб чиқишни мақсад қилган. Мазкур кенгашнинг асосий вазифаларидан бири телевизион ўлчовлар тизимини ташкил этишга кўмаклашиш, уларни назорат қилишнинг шаффоф механизмларини жорий этиш ҳисобланади.

Миллий медиа кенгашнинг тақдимотига бағишланган тадбирда қайд этилганидек, бугунги кунда мамлакатимизда давлат ва нодавлат оммавий ахборот воситалари юртимизнинг ахборот маконида мутаносиб ривожланиб боришига алоҳида эътибор берилмоқда. Соҳага бозор муносабатлари жадал татбиқ этилиб, соғлом рақобат муҳити шаклланди, фикрлар хилма-хиллиги, теледастурлар, ахборот маҳсулотлари сифати ва таъсирчанлиги ошди. 

Ҳозирги пайтда Ўзбекистон ахборот маконида 60 дан ортиқ телеканаллар самарали фаолият олиб бормоқда. Улар орасида нодавлат телеканаллар салмоқли эканлиги, айниқса, диққатга сазовордир. 

Юртимизнинг етакчи давлат ва нодавлат телеканаллари томонидан Миллий медиа кенгаш тузилгани ахборот соҳасида муҳим янгилик бўлди. Чунки замонавий телевизион бозорни халқаро стандартлар асосида холис ахборот берадиган мустақил телевизион ўлчов тизимисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Теледастурлар мазмун-моҳиятини сифат жиҳатидан яхшилаш бугунги куннинг асосий талабидир. 

Мазкур тузилма кузатув кенгаши раиси Асаджон Ходжаевнинг маълум қилишича, телевизион ўлчовлар тизимини жорий қилишдан давлат ҳам, жамият ҳам манфаатдордир. Кенгаш Ўзбекистон телевизион бозори очиқ, шаффоф бўлишида фаол иш олиб боради. Бунда қизиқарли теледастурлар яратишга, рақобат муҳитини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилади. Телевизион ўлчовлар механизми жорий қилиниши томошабинларнинг қизиқишларини холис аниқлашга ёрдам беради. Давлат учун телевидение соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасини кўриш жуда муҳимдир. Жорий қилинаётган янгиликлар давлат бюджетидан соҳага сарфланаётган маблағ самарадорлигини аниқлашда муҳим кўрсаткич ҳисобланади. “Бу баҳолаш натижалари давлат телеканаллари фаолиятини янада жонлантиришга хизмат қилади. Телеканаллар ўртасида соғлом рақобат кучаяди, томошабин эса сифатли телевизион маҳсулотлардан баҳраманд бўлади”, деди у.

Миллий медиа кенгаш томонидан ўтказилган тендер натижаларига кўра, дунёга машҳур “Kantar TNS (Central Asia)” компанияси мамлакатимизда телеканаллар ва телевизион маҳсулотлар рейтингини тузиш билан шуғулланади. Келгуси йил бошидан компания юртимизнинг 18 та шаҳрида ўз тадқиқотларини олиб боради. Мазкур ўрганиш натижалари телеканалларга, реклама берувчиларга ҳамда кенг жамоатчиликка тақдим этиб борилади. Бу янгиликларнинг ҳаётга самарали татбиқ этилиши  келгуси икки йилда телевизион бозорнинг тахминан икки баравар ошишига замин яратади.

Иштирокчилар, рейтинг натижаларидан қатъи назар, ахборот соҳасида миллий манфаатларимиз, халқимизнинг менталитети ҳисобга олиниши зарурлигини қайд этишди. Хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси раиси Илҳом Абдуллаевнинг таъкидлашича, янги рейтинг механизмлари ҳаётга татбиқ этилиши натижасида ахборот бозорида рақобат янада ортади. Телеканалларнинг бозор механизмларига асосланган фаолияти тубдан ўзгаради. Буларнинг барчаси телеканаллар фаолиятига самарали таъсир кўрсатади. Бундан ташқари, шуни айтиш керакки, Ўзбекистон хавфсизлиги, унинг барқарор ривожланиши устувор йўналиш бўлиб қолади. Давлат бундан кейин ҳам ахборот соҳасини қўллаб-қувватлашни давом эттиради ва медиамаконда миллий-маънавий қадриятларимизни, миллий ўзлигимизни асраб-авайлашга алоҳида эътибор қаратади.

Қобил ХИДИРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn