Ҳамкорлик, ҳамжиҳатлик ва тотувлик
  • 31 Май 2017

Ҳамкорлик, ҳамжиҳатлик ва тотувлик

халқ дипломатиясининг мазмун-моҳиятини ташкил этади

Пойтахтимизда “Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамияти билан ўзаро дўстлик ва ҳамжиҳатлик муносабатларини мустаҳкамлашда халқ дипломатиясининг тутган ўрни ва роли” мавзуида республика илмий-амалий конференцияси ўтказилди.

Тадбирда олимлар, тадқиқотчи ва мутахассислар, юртимизда фаолият кўрсатаётган миллий маданий марказлар раҳбарлари ҳамда Қозоғистон Республикаси олимлари иштирок этди.

Анжуманда ҳозирги глобаллашув жараёнида халқ дипломатияси ҳамкорлик ва ҳамжиҳатлик, бағрикенглик ҳамда тотувлик каби умуминсоний қадриятларга асосланган куч сифатида ўзини тобора кенг намоён этаётгани, юртимизнинг бошқа давлатлар билан ўзаро алоқаларини мустаҳкамлашда бу институт алоҳида ўрин тутаётгани таъкидланди. Шундан келиб чиқиб, ушбу масаланинг тарихий илдизлари ва бошқа қирралари илмий асосда таҳлил қилинди.

Миллатлараро ҳамда динлараро бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг узвий қисми эканлиги ҳам тадбир иштирокчилари томонидан алоҳида қайд этилди. Ана шу саъй-ҳаракатлар натижасида бугун республикамизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари мустақиллигимиз, тинч ҳамда фаровон ҳаётимизни асраш, мамлакатимиз тараққиётига ҳисса қўшишдек эзгу мақсад йўлида меҳнат қилмоқда. Ҳаракатлар стратегиясида шу йўналиш бўйича ҳам долзарб вазифалар илгари сурилган. Миллатлараро муносабатлар соҳасидаги сиёсатнинг устувор йўналишлари ва Диний соҳадаги давлат сиёсати концепциялари ҳаётга татбиқ этилиши ана шулар жумласидандир.

Қатнашчилар айтиб ўтганидек, юртимизда ҳукм сураётган ижтимоий-сиёсий барқарорликнинг асосий омилларидан бири бағрикенгликдир. Шу боис биз билан бирга ёнма-ён яшаётган миллатларнинг ўзаро тотувлигини таъминлаш, уларнинг эмин-эркин яшаши учун шарт-шароит яратиб бериш Стратегиядаги устувор вазифалардан бири этиб белгилангани эътиборга молик. 

Илмий-амалий конференцияда Ҳаракатлар стратегиясидаги устувор вазифалардан келиб чиқиб, республикамизда амалга оширилаётган тинчликпарвар ташқи сиёсат ҳамда бунинг ўзига хос аҳамиятли жиҳатлари хусусида ҳам атрофлича сўз юритилди.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ, 

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn