Янгиланиш ва юксак масъулият — давр талаби
  • 31 Май 2017

Янгиланиш ва юксак масъулият — давр талаби

Президентимизнинг шу йил 23 майдаги “Ички ишлар органлари ёнғин хавфсизлиги бўлинмалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ушбу соҳа фаолиятини ривожлантиришга қаратилгани билан беқиёс аҳамиятга эга. Унда бизнинг аҳоли ҳаёти ва соғлиғи, давлат ҳамда жисмоний ва юридик шахслар мулкини ҳимоя қилиш билан боғлиқ фаолиятимизга танқидий баҳо берилди.

Дарҳақиқат, қарорда кўрсатилганидек, аҳоли, корхона ва ташкилотлар, давлат органларининг ёнғинларнинг олдини олиш ҳамда уларни бартараф этишда юксак масъулиятини ва жиддий муносабатини шакллантириш, ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича назорат юритишнинг шакл ҳамда усулларини замон талабидан келиб чиқиб янгилаш, аҳоли, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари билан мустаҳкам ҳамкорлик қилиш бугунги кун талабидир. 

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқаролар йиғинлари ҳамда бошқа ташкилотлар раҳбарлари зиммасига уларга қарашли объектлар ва ҳудудларда ёнғин хавф-сизлиги талабларига риоя этиш бўйича шахсий жавобгарлик юклатилиши ҳам айни муддао бўлди. Ҳафтанинг ҳар чоршанбаси — “Ёнғинлар профилактикаси куни” сифатида белгиланиши эса, шубҳасиз, тизимда туб бурилиш ясайди ва соҳа фаолиятини юқори -босқичга кўтаришга катта туртки беради.

Айтиш лозимки, Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси томонидан махсус режа ишлаб чиқилиб, бу тадбирларни амалга оширишга киришилди. Жумладан, ходимларимиз ёнғинларнинг келиб чиқиш сабабларини аҳолига тушунтирмоқдалар. Ёнғинларнинг олдини олиш ва бу борада хавфсизлик қоидаларига риоя қилиш юзасидан турли учрашувлар ўтказилаяпти. 

Тегишли ташкилотлар иштирокида ёнғинлар сабабини аниқлаш ва уларнинг пайдо бўлишига олиб келган омилларни жойида чуқур ҳамда танқидий муҳокама қилиш, бундай ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган саъй-ҳаракатларни таъминлаш ва корхона-ташкилотларда режали ёнғин-тактик ўқув-машғулотлари ўтказиш, кенг омма ўртасида тушунтириш ишларини олиб бориш чоралари ҳам кўрилаётир. 

Урганч туризм ва тадбиркорлик касб-ҳунар коллежида ёнғин хавфсизлиги бўйича таълим олаётган 26 нафар ўқувчидан иборат гуруҳ ташкил этилиб, синфхоналар кўргазмали воситалар билан жиҳозланаяпти.

Хонадонлар ҳамда кўп қаватли уйларда ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этилиши бўйича текширишлар ўтказилаётганини қайд этиш ўринлидир. Шу билан бирга, электр ва газ анжомларидаги носозликлар жойида бартараф этилаяпти.

Бошқармамизнинг туманларга бириктирилган ходимлари ва жойлардаги мутасадди раҳбарлар томонидан маҳаллаларда ўтказиладиган ёнғинлар профилактикаси тадбирлари чоғида халқ хўжалиги масканларининг ёнғинга қарши ҳолати тўла текширилиб, профилактик кўриклар уюштирилади ҳамда камчиликлар юзасидан зарур тавсиялар берилади.

Умуман, мазкур ҳужжатда қатор долзарб вазифалар белгиланган бўлиб, уларнинг изчил ижроси соҳа фаолиятини такомиллаштириш орқали аҳоли ҳамда давлат, жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкини ёнғинлардан асраб-авайлашда муҳим аҳамият касб этади.

 

Руслан ИШНИЯЗОВ, 

Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси 

Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи, полковник.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Самимий мулоқотлар Азалий дўстлик ифодаси »