Никоҳ шартномаси — мустаҳкам ҳуқуқий кафолат
  • 31 Май 2017

Никоҳ шартномаси — мустаҳкам ҳуқуқий кафолат

Кўпчилигимиз ўзаро кўнгил қўйиб, ота-оналаримиз оқ фотиҳасини олган ҳолда оила қуришни истаймиз. Бу, шубҳасиз, жуда муҳимдир. Аммо никоҳ муносабатларига киришаётганда оқилона иш тутиш, амалий ёндашиш зарур. 

Бу нафақат жамиятнинг кичик бўғини бўлмиш оилани мустаҳкамлашга, айни пайтда турмуш қураётган йигит-қизга муайян кафолатлар ҳам беради.

Бунда никоҳ шартномаси алоҳида роль ўйнайди. Нотариал тасдиқланган ҳужжат оғзаки келишувлардан кўра, кучлироқ, аҳамиятлироқ эканлигини ҳеч ким инкор этмаса керак. Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексига мувофиқ, никоҳланувчи шахсларнинг ёки эр ва хотиннинг никоҳда бўлган даврида ва (ёки) эр ва хотин никоҳдан ажратилган тақдирда уларнинг мулкий ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларини белгиловчи келишуви никоҳ шартномаси, деб ҳисобланади. Никоҳ шартномаси ёзма шаклда тузилади ва нотариал тартибда тасдиқланиши лозим. У тўйга қадар тузилса, никоҳ давлат рўйхатига олинган кундан бошлаб кучга киради. Никоҳ даврида тузилган шартнома эса у нотариал тасдиқлангандан бошлаб кучга киради. 

Миллий қонунчиликка асосан, никоҳ даврида топилган барча нарса биргаликдаги мулк саналади. Аммо никоҳ шартномасининг ўзига хос жиҳати шундаки, ушбу таомил томонларнинг хоҳиш-истагига қараб ўзгартирилиши мумкин. Қоида тариқасида никоҳ шартномасининг мақсади мулкни алоҳида ёки улушга алмаштириш ҳисобланади. Шунингдек, мулкнинг айрим турлари ёки муайян даромадлар бўйича муносабатлар ҳам ўзгартирилиши мумкин. Яъни биргаликда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш бўйича ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаб олиш, никоҳдан ажралганда эр ва хотиндан ҳар бирига бериладиган мулкни аниқлаб олиш никоҳ шартномасида акс эттирилади. Мисол учун, тадбиркорлик фаолиятидан келиб тушадиган даромад ушбу -фаолиятни амалга ошираётган эр-хотиндан бирига ёки томонлар ажрашганидан сўнг квартира хотинга, машина эрга тегишли бўлади. Никоҳ шартномаси эр ва хотиннинг мавжуд мол-мулкига нисбатан ҳам, бўлғуси мол-мулкига нисбатан ҳам тузилиши мумкин.

Қолаверса, қонунчиликда никоҳ шартномасида акс эттирилмаслиги лозим бўлган қатор шартлар ҳам мавжуд. У ҳолда ушбу шартнома ҳақиқий эмас, деб топилиши мумкин. Бундай ҳолатда нотариус никоҳ шартномасини тасдиқламасликка ҳаққи бор. Эр-хотиннинг ҳуқуқ лаёқати ёки муомала лаёқатини чеклаш ана шундай шартлар сирасига киради. Масалан, эр-хотиндан бирининг мерос қолдириш ҳуқуқи чекланмаслиги лозим. Никоҳ шартномасида, шунингдек, эр-хотиннинг ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат этиш ҳуқуқларини чеклашни, эр-хотин ўртасидаги шахсий номулкий муносабатларни тартибга солишни кўзда тутмаслиги лозим. Айтайлик, эр-хотин ўртасидаги ишонч ва бошқа нарсалар шулар жумласидандир. Никоҳ шартномасида эр-хотиннинг болаларга нисбатан ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгиловчи, меҳнатга лаёқатсиз таъминот олишга муҳтож эр ёки хотиннинг ҳуқуқини чекловчи қоидалар, эр ва хотиндан бирини ўта ноқулай ҳолатга солиб қўювчи шартлар ҳам акс этмаслиги керак. Мисол учун, никоҳ даврида топилган барча мол-мулк эр-хотиндан бирининг мулки ҳисобланиши, иккинчиси эса ҳеч қандай товон тўловисиз ушбу мулкка эгалик қилиш ҳуқуқидан тўлиқ маҳрум қилиниши кўзда тутилмайди.  

Никоҳ шартномаси эр-хотиннинг келишуви билан исталган вақтда ўзгартирилади ёки бекор қилинади. У ҳам нотариал тасдиқланиши керак. Никоҳ шартномасини бажаришдан бир томонлама бош тортишга йўл қўйилмайди.

Никоҳ тугатилган пайтдан бошлаб никоҳ шартномасининг амал қилиши ҳам тугайди, никоҳ шартномасида никоҳ тугатилганидан кейинги давр учун назарда тутилган мажбуриятлар бундан мустасно. Яъни мол-мулкни бўлиш, ундан фойдаланиш, эр-хотиндан бирининг таъминоти ана шундай мажбуриятлар сирасига киради.

Никоҳ шартномаси фуқаролик-ҳуқуқий асослар бўйича ҳам ҳақиқий эмас, деб топилиши мумкин.

Жамиятимизда никоҳ шартномасини тузишга турлича муносабат шаклланган. Катта авлод вакилларининг фикрича, бу фақат манфаатни кўзлайдиган, оилавий қадриятлар, анъаналаримиз бузилишига олиб келадиган амалиёт саналади. Ёшлар, тадбиркорлар никоҳ шартномаси бугун жуда зарурлигини қайд этишмоқда. Ҳуқуқшунослар, ўз навбатида, никоҳланувчилар нафақат ўзи, балки фарзандлари, уларнинг келажагини ўйлаб ҳам никоҳ шартномаси тузишлари кераклигини таъкидлайди. Чунки ҳаёт бир текис эмас, эртага сизу бизни нималар кутаётганини ҳеч ким айта олмайди.

Нигина АЗИЗОВА,

Мирзо Улуғбек тумани 4-давлат нотариал идораси нотариуси.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn