Ҳаракатлар стратегияси – халқаро нашрларда
  • 27 Май 2017

Ҳаракатлар стратегияси – халқаро нашрларда

Корея Республикасининг “The Korea Post” нашрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қабул қилинган 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига бағишланган мақола чоп этилди.

Мақолада Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича батафсил маълумот берилган. Мазкур стратегияни нафақат Ўзбекистон халқи, балки халқаро ҳамжамият ҳам катта қизиқиш билан қабул қилгани қайд этилган. Ҳаракатлар стратегиясини Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширишга оид Давлат дастурини қабул қилишда махсус медиамайдонлар ташкил этилгани, бу борада фуқаролар, аҳолининг турли қатламлари ҳамда жамоатчилик фаоллари ўртасида қизғин баҳс ва мунозаралар олиб борилгани, мамлакатимизда фаолият юритаётган чет эллик инвесторлар фикр ҳамда таклифлари инобатга олингани алоҳида -таъкидланган.

Ҳаракатлар стратегияси лойиҳаси муҳокамасига бағишланган кўплаб халқаро анжуманлар ўтказилгани тилга олинган. Хусусан, Тошкент шаҳрида жорий йилнинг январь ойида бўлиб ўтган халқаро давра суҳбатида мазкур лойиҳа чуқур муҳокама қилиниб, таклиф ва тавсиялар билдирилгани қайд этилган. Ушбу анжуман иштирок-чилари амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самарасида Ўзбекистон иқтисодиёти жадал ривожланаётганини, барча соҳада йўлга қўйилган халқаро ҳамкорлик, ҳаётга татбиқ қилинаётган қўшма лойиҳалар ўзининг юксак самараларини бераётганини алоҳида таъкидлаган.

“Тараққиёт стратегияси” маркази аъзолари Корея Республикасида бўлиб, мамлакатимизнинг Ҳаракатлар стратегиясига бағишланган қатор учрашув ҳамда тадбирлар ўтказган. Ҳаракатлар стратегиясининг кўлами ва моҳияти “The Korea Post” нашрида қизиқиш уйғотган. 

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, йирик онлайн порталига эга мазкур нашр халқаро сиёсат, иқтисодиёт, саноат, маданият ҳамда туризм каби мавзуларни ёритувчи нуфузли ОАВ ҳисобланади. “The Korea Post” Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик муносабатларини ривожлантириш ҳамда мустаҳкамлашга, шунингдек, ўзбек халқининг бой маданий, маънавий ва тарихий меросини, Ўзбекистонда сиёсий ҳамда ижтимоий-иқтисодий соҳаларда изчил амалга оширилаётган ислоҳотларни кенг халқаро жамоатчилик орасида фаол тарғиб қилишга улкан ҳисса қўшиб келмоқда.

ЎзА.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn