Ёшлик ва нафосат байрами, маҳорат ва камолот кўриги
  • 26 Май 2017

Ёшлик ва нафосат байрами, маҳорат ва камолот кўриги

Жиззах шаҳрида ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчиларининг «Баркамол авлод — 2017» спорт ўйинлари республика босқичининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Ўзбекистон байроғи. У ҳар бир юртдошимиз қалбида Ватан туйғусини жўш урдиради. Кўнгилларга чексиз ғурур ва ифтихор бағишлайди. Шу боис байроғимизни баланд ҳилпиратиб, дунёни ҳайратга солаётган йигит-қизларимизнинг ғайрат-шижоати, орзу-интилишларини кўриб, ҳамиша тасаннолар айтамиз. Уларга ҳайрату ҳавас билан қараймиз. Зеро, Ўзбекистон — чинакам паҳлавонлар, мардлар, алплар юрти. Чемпионлар заминидир. Уларнинг камол топишида эса Биринчи Президентимиз Ислом Каримов -ташаббуси билан жорий этилган, дунёда ўхшаши йўқ уч босқичли тизим — “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ҳамда Универсиада спорт ўйинларининг аҳамияти беқиёс. Негаки, айни шу беллашувлар ўз нуфузи, аҳамияти ва миқёсига кўра, “Кичик Олимпиада” деган эътирофни қозонди. Қолаверса, мазкур анъанавий ўйинлар халқаро Олимпиада талабларига қатъий амал қилган ҳолда ҳамда холислик, ҳалоллик, адолат, тотувлик каби мезонлар асосида ўтказилиши билан ажралиб туради. 

Мана, жорий йилда ана шу уч босқичли тизимнинг ўрта бўғини — “Баркамол авлод” мусобақаларининг республика босқичига Жиззах шаҳри мезбонлик қилмоқда. Шу муносабат билан вилоят маркази байрамона шукуҳга чулғанган. Ёшлик, гўзаллик ва спорт айёмида иштирок этиш учун ташриф буюрган касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ўқувчилари, мураббию мутасаддилар, қисқаси, барча-барчада кўтаринки кайфият... Хиёбону майдонлар кўркам қиёфа касб этган. Гулу гулзорлар бу ажойиб кентга ўзгача файз бағишлаган. Бинолар замонавий кўриниш олган. Кўчаларда беллашувлар руҳини акс эттирувчи суратлар туширилган баннерлар, паннолар...

Айтиш жоизки, “Баркамол авлод — 2017” спорт ўйинларига тайёргарлик доирасида қисқа муддатда Жиззах вилоятида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилиб, ҳудуд қиёфаси бутунлай ўзгарди. Янги-янги ижтимоий объектлар барпо этилиб, мавжуд спорт майдонлари ва иншоотлари, таълим муассасалари бинолари таъмирланди, кўчаю хиёбонлар ободонлаштирилди. Хусусан, қарийб 14 километрлик ички йўлларда 12 миллиард сўмликдан зиёд ишлар бажарилди. 1 миллион 375 минг дона гул, 4 минг 815 туп манзарали дарахт кўчати ўтқазилди.

Танқидий-таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик бугун ҳар бир соҳа мутасаддилари фаолиятида кундалик қоидага айланиб бораётир. Шу маънода, Президентимиз Шавкат Мирзиёев мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришда, айниқса, олий маҳорат спорти борасида кейинги йилларда муайян ютуқларимиз ҳақида тўхталиб, “Биз улар билан ҳақли равишда фахрланамиз”, дея алоҳида таъкидлади. “Лекин охирги Олимпиадада фақатгина оғир атлетика, бокс, кураш ва дзюдо бўйича совринли ўринлар эгалланди. Бунинг сабаби нимада?”, деган ҳақли саволни ўртага ташлади давлатимиз раҳбари. Албатта, мазкур ҳолатлар мамлакатимизда уч босқичли тизим самарадорлигини  янада ошириш бўйича ҳам зарур чора-тадбирлар кўришни тақозо этади. Айниқса, Олимпия спорт турлари ривожига кўпроқ аҳамият қаратиш долзарбдир. Ана шундан келиб чиқиб, “Баркамол авлод — 2017” мусобақаларининг саралаш босқичлари жойларда алоҳида масъулият билан ўтказилди. Футбол, баскетбол, волейбол, қўл тўпи, бокс бўйича минтақавий саралаш ўйинлари Қарши, Самарқанд, Наманган, Нукус ҳамда Термиз шаҳарларида кечган бўлса, қолган спорт турлари бўйича иштирокчилар вилоят босқичларида аниқланди. Финалга йўлланма олган ёшларнинг аксариятини спорт билан мунтазам шуғулланиб, юксак марралар сари интилаётган, болалар ва ўсмирлар ўртасидаги беллашувларда тажриба ва маҳоратини юксалтириб, катта спортдаги муваффақиятли одимларини бошлаш арафасида турган иқтидорли ўғил-қизлар ташкил этади.

...Жиззах шаҳридаги “Сўғдиёна” универсал спорт мажмуаси стадионида чорлов мусиқаси янграйди. Майдонга Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент -шаҳри терма жамоалари кириб келади. Спортчилар тантанавор саф тортади.

Жиззах вилояти ҳокими У. Узоқов академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларининг “Баркамол авлод — 2017” спорт ўйинларини очиқ, деб эълон қилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Баркамол авлод — 2017” спорт ўйинлари иштирокчиларига табригини Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Х. Султонов ўқиб эшиттиради.

Давлатимиз раҳбари табриги гулдурос қарсаклар билан кутиб олинди. Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янграб, мамлакатимиз байроғи ҳамда “Баркамол авлод — 2017” спорт ўйинлари байроғи кўтарилди. Спортчи ёшлар бўлажак баҳсларда ҳалол, муросасиз ва мардона кураш олиб боришга тантанали қасамёд қилдилар.

Мусобақаларнинг якуний босқичида жами 898 нафар (шундан 328 нафари қизлар) спортчи ва 236 нафар мураббий қатнашмоқда. Беллашувларни 159 нафар ҳакам бошқариб бораяпти. Баҳслар 4 та объектда ўтказилаётир. Жумладан, “Сўғдиёна” универсал спорт мажмуасида бокс, бадиий гимнастика, сузиш, енгил атлетика, Жиззах олимпия захиралари коллежида гандбол, баскетбол, бадминтон, стол тенниси, эркин ва юнон-рум кураши, дзюдо, таэквондо, оғир атлетика, теннис, Жиззах политехника институтида волейбол, футбол, Жиззах политехника институти қошидаги академик лицей спорт залида шахмат бўйича ғолиб ва совриндорлар аниқланмоқда. 

Спорт байрами иштирокчиларининг бўш вақтини мазмунли ташкил этишни ҳам тадбир ташкилотчилари алоҳида ҳисобга олишган. Чунончи, улар учун бадиий-мусиқий кечалар, миллий кино ва ҳужжатли фильмлар намойиши, республикадаги таниқли шоир, ёзувчи, санъаткор ҳамда спортчилар билан учрашувлар, Жиззах шаҳрининг диққатга сазовор масканларига саёҳатлар уюштириш каби кенг қамровли қизиқарли дастур ишлаб чиқилган. Беллашувлар давомида вилоятнинг барча туман, шаҳарларидаги амфитеатрлар, стадионлар, коллежлар, маданият ва истироҳат боғларининг ёзги саҳналари, болалар мусиқа ҳамда санъат мактабларида ҳам аҳоли учун тадбирлар ўтказиш режалаштирилган. Бинобарин, иқтидорли спортчиларни танлаш ва селекция ишини тизимли йўлга қўйиш мақсадида “Баркамол авлод — 2017”нинг финал босқичида спорт федерациялари раҳбарлари ҳам иштирок этмоқда. Олимпия ўйинлари, жаҳон чемпионатлари ғолиблари ва совриндорларининг ёш спортчи ўқувчилар билан учрашувлари ҳамда “мастер класс” машғулотлари ташкил этилади.

Умумжамоа ҳисобида ғолибликка эришганларга Президент совғаси — “Дамас” автомашиналари, спортнинг алоҳида турлари бўйича муваффақият қозонганларга эса медаллар жамламалари, махсус дипломлар, кубоклар ва бошқа эсдалик совғалари тантанали равишда топширилади. 

Беллашувларни атрофлича ёритиш мақсадида оммавий ахборот воситаларининг 100 нафардан зиёд ходимлари жалб қилинган. Ўз навбатида, баҳсларнинг бориши, жамоалар қўлга киритаётган натижалар, қатнашчиларнинг ёрқин лаҳзалари муҳрланган суратлар билан интернетда махсус ташкил этилган www.barkamol-avlod.uz сайти орқали ҳам танишиб бориш мумкин. Мазкур веб-саҳифага маълумотлар ўзбек, рус ва инглиз тилларида жойлаштирилаяпти. 

Стадионни тўлдириб ўтирган минглаб томошабинлар нигоҳи майдонга тантанали тарзда олиб кирилаётган “Баркамол авлод — 2017” спорт ўйинлари машъаласига қаратилди. У анъанага мувофиқ, Паркентдаги Ўзбекистон Фанлар академияси “Физика-Қуёш” илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси Материалшунослик институтида аланга олдирилган. Машъала махсус автомобиллар кортежи ҳамроҳлигида Жиззах шаҳрига келтирилди. У олиб ўтилган  ҳар бир ҳудуд аҳолиси бу унутилмас онларнинг гувоҳи бўлиш мақсадида пешвоз чиқиб, қўлларида байрам руҳини акс эттирувчи шиорлар, байроқлар билан олқишлаб туришди.

“Баркамол авлод — 2017” спорт ўйинлари оловини бокс бўйича икки карра Олимпия ўйинлари иштирокчиси Хуршид Тожибоев ва дзюдо бўйича Осиё чемпиони Ирода Абдураҳмонова ёқади.

Майдон узра олқишлар янгради. Йиғилганлар бир тану бир жон бўлиб спортчиларга омад тилади. Аланга мусобақалар давомида ёлқинланиб туради.

Юртимиз санъат усталари ҳамда ижрочи ёшлар томонидан катта концерт намойиш этилди. Спортчиларнинг кўргазмали чиқишлари йиғилганларда ўзгача таассурот қолдирди.

“Баркамол авлод — 2017” спорт мусобақаларининг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. Арипов иштирок этди.

Толибжон ЭРГАШЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn