Адабиётга эътибор —  маънавиятга, келажакка эътибор
  • 26 Май 2017

Адабиётга эътибор —  маънавиятга, келажакка эътибор

Китоб — инсоннинг энг яқин дўсти ва маслаҳатчиси, ақл қайроғи ҳамда билим манбаидир. У фикрлаш қуроли, хазиналар калити, тафаккур манбаи бўлгани учун ҳам халқимиз томонидан алоҳида қадрланади. Китобга муҳаббат, ўқишга иштиёқ қон-қонимизга сингиб кетган. Бинобарин, давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 12 январдаги -“Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши кенг жамоатчилик томонидан мамнуният билан кутиб олингани бежиз эмас. 

Бу ҳақда кеча пойтахтимизнинг ўафур ўулом номидаги маданият ва истироҳат боғида “Адабиётга эътибор — маънавиятга, келажакка эътибор” шиори остида ташкил этилган республика китоб байрамининг тантанали очилиш маросимида алоҳида таъкидланди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Матбуот ва ахборот агентлиги, Маданият, Халқ таълими вазирликлари, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Фанлар академияси, Ёзувчилар уюшмаси ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамкорлигида уюштирилган ушбу анжуман чинакам шодиёнага айланиб кетди. Боғ йўлаклари бўйлаб Абдулла Қодирий, Абдулҳамид Чўлпон, Абдурауф Фитрат, Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбек, Абдулла Қаҳҳор, ўафур ўулом, Миртемир каби улуғ ижодкорларнинг портретлари жойлаштирилгани тадбирнинг мазмун-моҳиятини янада бойитди. 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенат аъзолари, шоир ва ёзувчилар, ноширлар, нуронийлар, ота-оналар, ўқувчилар қатнашган тадбир ёшларнинг китоб ўқишга бўлган қизиқишини ошириш, аҳолининг китобхонлик кўникмасини янада юксалтириш, миллий адабиётимиз ва жаҳон адабиётининг энг яхши намуналарини интернет тармоқларига жойлаштириш, оилавий китоб ўқиш анъаналарини тарғиб қилиш каби қатор эзгу мақсадларни ўзида мужассамлаган.

— Оилада ота-онанинг китобга бўлган муносабати фарзанд тарбиясига ҳам таъсир кўрсатади, — дейди анжуманда иштирок этган Ўзбекистон Республикаси халқ шоири Анвар Обиджон. — Қуш уясида кўрганини қилади, деганларидек, ҳар бир ўғил-қиз ота-онасининг мутолаа қилаётганини кўриб улғайса, эртага ўзи ҳам шунга интилади. Бу эса тарбияда муҳим омилдир. Бугун мамлакатимизда ёшларни китобхон этиб ўстириш, мутолаа маданиятини юксалтиришга давлат сиёсати даражасида аҳамият қаратилаётганидан жуда хурсандмиз. Ушбу тадбирда, айниқса, фарзандларию набираларини олиб келган нуронийларни кўриб, ўзгача қувондик. Китобни дўст деб билган, уни ўзига доимий ҳамроҳ тутган одам асло кам бўлмайди.  

Тошкент шаҳрининг Учтепа туманида яшовчи Санобар ая Шораҳмедова набиралари Шоазим ва Шоолим билан биргаликда китоб байрамига келибди. Улар билан суҳбатлашиб англадикки, ая ҳам, у кишининг набиралари ҳам китобни қўлдан қўйишмас экан.

— Жорий йилги анжуман жуда бошқача ташкил этилибди, — дейди Санобар ая. — Набираларимга ҳар доим ўзим китоб танлаб бераман. Бири 14 га, иккинчиси 12 ёшга кирди. Шу пайтгача кўплаб асарларни ўқиб чиқишди. Дунёқарашлари ҳам шунга яраша. Бугун мазкур тадбир баҳона “Камолот” кутубхонаси” рукнида чоп этилган китоблардан олдик. Набираларим уларни ўқиб бўлишганидан кейин, одатимизга кўра, биргаликда ўтириб асарлар мазмун-моҳияти ҳақида фикрлашамиз.

Онахоннинг айтишича, уйда китоб қанча кўп ўқилса, бекорчиликка барҳам берилади, бошқа майда-чуйда ташвишлар ҳам ўз-ўзидан чекинади. Мутолаа орқали дунёқараш кенгаяди, оилада одоб-ахлоқ устунлик қилади. 

Китоб байрамида биз мана шундай юртдошларимиз кўплигидан фахрландик. Ёш авлодни китобга ошно этиб тарбиялашда бундай кишиларнинг иштироки муҳим аҳамиятга эга. Бинобарин, байрамга таклиф қилинган фахрий меҳмонларнинг ташкилотчилар билан биргаликда иштирокчи-нашриётлар ва матбаа корхоналари кўргазмалари орқали бевосита танишуви ҳам ана шу эзгу мақсадга қаратилди.

Уч кунга мўлжалланган тадбирлар доирасида адабий-бадиий, ижтимоий-сиёсий ҳамда энциклопедик йўналишдаги китоблар тақдимоти, ношир ҳамда муаллифлар, адиб ва шоирлар, китоб графикаси рассомларининг китобхонлар билан бевосита ижодий учрашув-мулоқотлари, мушоиралар, совринли интеллектуал викториналар, шунингдек, “Китобсеварларни қутлаймиз!” концерт дастури, “Китоб — миллатнинг бебаҳо маданий ва маънавий мероси” мавзуидаги V илмий-амалий конференция ҳам ўтказилиши кўзда тутилган.

Мақсуд ЖОНИХОНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn